Сўнгги вақтларда Уй-жой кодексининг 27- ва 28-моддаларига киритилган ўзгартиришлар фаол муҳокама қилинмоқда. Уларга мувофиқ, ер участкасини давлат ёки жамоатчилик эҳтиёжлари учун олиш мақсадида уй (квартира) бузилганда компенсация фақат мулкдорга тақдим этилади. Бундан аввал мазкур моддалар нафақат мулкдорлар, балки уларнинг оила аъзолари ҳамда бу уйда доимий яшовчи фуқароларга ҳам компенсация тўланишини кўзда тутар эди.

Ушбу ўзгаришлар атрофида нима учун шунча гап-сўз чиқаётгани ва норозиликлар билдирилаётгани бироз тушунарсиз. Юридик нуқтайи назаридан, мазкур ўзгаришларни киритиш йўли орқали мулкдор билан доимий яшаб келаётган шахслар ҳуқуқлари бузилаётгани йўқ, лекин мулкдорнинг компенсацияга нисбатан қонуний ҳуқуқига аниқлик киритилмоқда ва кафолатланмоқда. Ўз позициямни қуйидаги далиллар билан изоҳлайман.

Биринчидан, Уй-жой кодексига ўзгартиришлар киритишдан олдин қонунчиликда бузиладиган уй ўрнига фақат мулкдорга компенсация берилишини кўзда тутувчи меъёрлар ўрнатилган эди. Хусусан, фуқаролар ҳуқуқий муносабатларининг барча соҳаларини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжати ҳисобланувчи Фуқаролик кодексида (206-модда) ер участкаси бузилганда мулкдорга (бошқа шахсларга эмас) етказилган зарарларни тенг қопловчи мулк тақдим этилиши белгиланган. Шунингдек "Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонуннинг 19-моддасида ҳам шундай меъёр  назарда тутилган.

Бундан ташқари, Уй-жой кодексининг 27-моддасига ўзгартириш киритилишидан олдин худди шу модда билан бузилаётган уй ва тақдим этилаётган уй баҳоси ўртасидаги фарқ мулкдорга (ёки тақдим этилаётган уй нархини оширган тақдирда мулкдор томонидан) компенсация сифатида тўланиши кўзда тутилганди.

Шундан келиб чиқиб, Уй-жой кодексига ўзгартириш киритиш йўли орқали қонунчилик ҳужжатлари тизими ўзаро мувофиқлаштирилганига оид хулоса қилиш мумкин. Шуни инобатга олиш лозимки, хориж (масалан, РФ, Озарбойжон, Қозоғистон) қонунчилигида ҳам ер участкалари бузилиши муносабати билан етказилган зарар фақат мулкдорга тўланади.

Иккинчидан, Уй-жой кодексининг 27- ва 28-моддаларида фойдаланилган тушунчалар қонунни амалиётда қўллаш жараёнида ноаниқлик ва номувофиқликларга олиб келарди. Ўзгартирилган модданинг аввалги таҳрирларида "шунингдек бу уйларда доимий яшовчи фуқароларга" тушунчаси қўлланган. Мазкур моддада ушбу уйларда доимий истиқомат қилувчи кишилар қандай жиҳатларга қараб аниқланиши (доимий прописка бўйичами ёки яшаш жойи бўйича) белгилаб берилган. Амалиётда уй бузилиш вақтида доимий пропискаси бўлган ва унда яшовчи шахслар ҳисобга олинган.