Иқтисодиёт | 19:08 / 16.10.2018
4840
2 дақиқада ўқилади

Афғонистон АҚШ ва Марказий Осиё ўртасида савдо-инвестициялар бўйича кенгашга биринчи уринишда киролмади

Фото: Deskgram

Афғонистон биринчи уринишда Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ўртасида савдо ҳамда инвестициялар бўйича Ҳадли келишув кенгашига қўшила олмади. 16 октябрь, сешанба куни Тошкентда бўлиб ўтган қўшма йиғилишда Қирғизистон ва Туркманистондан иштирок этган делегацияларни тасдиқлаш учун яна 2-3 кун сўралди, деб хабар беради Kun.uz мухбири.

«Қирғизистон ва Туркманистон делегациялари жума кунигача қарор қабул қилади. Шундан кейин биз улар ҳукуматининг қарорини биламиз: Афғонистонни қабул қилиш ёки йўқ», - дея аниқлик киритди Афғонистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили. Якуний қарорга қадар мамлакат кузатувчи мақомини сақлаб қолади.

Ўзбекистон ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаевнинг таъкидлашича, республика Афғонистон ривожланишига алоҳида эътибор қаратмоқда ва бу мамлакатни «Марказий Осиё оиласининг ажралмас қисми», деб ҳисоблайди. «Афғонистоннинг изчил ривожланиши - бутун минтақанинг фаровонлиги ва барқарорлиги учун калит», - дея қайд этиб ўтди у.

Вазирнинг сўзларига кўра, 2018 йилнинг 9 ойида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистон билан товар айланмаси 38 фоизга ўсди. Шу билан бирга, Тожикистон билан ўзаро савдо деярли 60 фоизга ошди, Қозоғистон ва Қирғизистон билан эса - 45 фоиздан кўпроққа.

«Аввал бундай ўсиш кўрсаткичлари йўқ эди. Бу минтақа мамлакатлари бир-бири учун устувор бозорлар бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда», - дея қўшимча қилди Хўжаев. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид