Жамият | 13:08 / 16.10.2018
18568
6 дақиқада ўқилади

«Халқ банки» ҳеч кимнинг ҳақини еб кетмаяпти — мақолага муносабат

Фото: KUN.UZ

Kun.uz сайтида «Навоийда 60 та оиланинг ҳақини ким еб кетаяпти: “Халқ банкими ёки ношуд қурувчи?» сарлавҳали мақола чоп этилди. Мазкур мақолада АТ «Халқ банки» Кармана Амалиёт бўлими филиали ҳамда «Навоий қурувчи ёшлар» МЧЖ (раҳбари — Феруз Тўхтаев) ўртасидаги кредит можароси тафсилотлари хусусида сўз боради. 

АТ «Халқ банки» ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида акциядорлик тижорат «Халқ банки» томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди.

Аниқланишича, 2016 йил 15 декабрда «Халқ банки» Кармана Амалиёт бўлими филиали ҳамда «Навоий қурувчи ёшлар» МЧЖ ўртасидаги 227-сонли кредит шартномаси имзоланган. Унга асосан, филиал томонидан мижознинг «Айланма маблағларни тўлдириш, қурилиш материалларини сотиб олиш» мақсадида 1,5 йил муддатга йиллик 16 фоиз устама тўлаш шарти билан 410.000.000 (тўрт юз ўн миллион) сўм кредит маблағлари ажратилган.

Мазкур ажратилган кредит таъминоти сифатида «Навоий қурувчи ёшлар» МЧЖга тегишли бўлган, Кармана тумани «Нарпай» ҚФЙ, «Ёшлик» маҳалласида жойлашган қурилиши тугалланмаган 5 қаватли тураржой биноси ерга бўлган доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан бирга томонларнинг ўзаро келушувига асосан 477.500.000,0 сўмга ҳамда фуқаро Камолиддин Сафаевга тегишли бўлган, «Ласетти» русумли автомашина томонларнинг ўзаро келишувига асосан баҳоланиб, кредит таъминоти сифатида гаровга олинган.          

Бироқ «Навоий қурувчи ёшлар» МЧЖ кредит шартномасининг тегишли бандини қўпол равишда бузиб, яъни ўз мажбуриятларини доимий равишда бажармасдан келганлиги сабабли Халқ банки томонидан 2017 йил 23 июнда Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судига даъво ариза киритилиб, кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш, кредит қарздорлигини ундириш, ундирувни гаров мулкларига қаратиш сўралган.

Шундан сўнг суднинг 2017 йил 14 сентябрдаги ҳал қилув қарорига асосан, «Навоий қурувчи ёшлар» МЧЖдан АТ «Халқ банки» Кармана Амалиёт бўлими фойдасига жами 383.521.464,0 сўм кредит қарздорлигини ундириш белгиланиб, ундирув гаров мулкларига қаратилган. 

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Ф.Тўхтаев Kun.uz мухбири билан суҳбатда бу масалада банкни айблайди: уни хабардор қилмасдан суд мажлислари ўтказишгани, барчаси яширин тарзда сирли бўлганини таъкидлайди. Шунингдек, банкдан 200 миллионча қарзи қолгани, ҳали кредитни ёпиш учун бир йил муддати бор эканлигини айтади. Бошқа мол-мулклари, жумладан, плита ишлаб чиқарадиган заводи борлигини, ҳеч бўлмаса ўшани сотиб тўлашини айтиб, банкдагиларни фирибгарликда айблайди.

Маълумот учун айтиш лозимки, «Навоий қурувчи ёшлар» МЧЖ раҳбари Ф.Тўхтаевга тегишли бўлган, Навбаҳор тумани «Пахтакор» маҳалласида жойлашган плита ишлаб чиқариш цехи биноси аллақачон сотилиб, ундан тушган маблағ МЧЖнинг кредит қарздорлигини сўндиришга йўналтирилган.  Шунингдек, банк Ф.Тўхтаевни судга берган вақтда унинг кредит қарздорлиги 383.521.464,0 сўмни ташкил этган. Ушбу сумманинг барча қисми МИБ ижрочиларининг амалий ёрдами билангина қопланган. Ўз навбатида, Ф.Тўхтаев ҳам банк томонидан бир неча бор кредитни ўз вақтида қайтариши ҳақида огоҳлантирилган. 

Энди хулоса қилинг, кредитни олиб, тўловга келганда бўйин товлайдиган, фуқаролардан йиғиб олган нақд пулларни банкка кирим қилмасдан, аллақачон сотилиб кетган плита ишлаб чиқариладиган цехни сотиб кредитни тўлардим, дейдиган тадбиркорнинг ишларини оқлаб бўладими?

Шу ўриндан ким аслида фирибгарлик қилаётганини аниқлаш қийин эмас. Қолаверса, юртимизда бу тўғрисидаги ҳукмни суд чиқаради. Суд эса кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш, кредит қарздорлигини ундириш, ундирувни гаров мулкларига қаратиш ҳақида қарор чиқарган.

Яна бир нарсага эътибор қаратиш лозимки, суд қарори ижросини таъминлаш мақсадида Мажбурий ижро буюроси Навоий шаҳар бўлими давлат ижрочилари томонидан «Навоий қурувчи ёшлар» МЧЖга тегишли бўлган «Қурилиши тугалланмаган 5 қаватли турар жой биноси» гаров ҳужжатларида белгиланган нарх, яъни 477.500.000,0 сўм бошланғич баҳосида ким ошди электрон аукцион савдосига қўйилган.

Ушбу савдо натижаларига кўра, бино 1.026.625.000,0 сўмга сотилиб, шундан 203.186.386,0 сўм миқдоридаги пул маблағи Мажбурий ижро бюросининг Навоий шаҳар бўлими депозит ҳисоб рақамидан АТ «Халқ банки» Кармана Амалиёт бўлими ҳисоб рақамига йўналтирилган ҳамда «Навоий қурувчи ёшлар» МЧЖ нинг кредит карздорлиги сўндирилган.

Кўриниб турибдики, ушбу электрон аукцион савдоларида нарх белгилаш, уни мақбул нархда сотишда банкнинг роли йўқ. Чунки барча жараёнлар очиқ савдолар орқали МИБ томонидан амалга оширилади. Савдодан тушган маблағ ҳам тўғридан-тўғри ушбу ташкилот ҳисоб-рақамига тушади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, «Халқ банки» Навоийдаги 60 та оиланинг ҳақини еб кетмаяпти балки, шартнома шартларини ўз вақтида бажармаган мижоздан ўзига тегишли маблағни қонун доирасида ундириш чораларини кўрган, дейилади «Халқ банки» ахборот хизматининг Kun.uz’га берган маълумотномасида.

Мавзуга оид