Жамият | 14:21 / 17.10.2018
12948
6 дақиқада ўқилади

«Обод маҳалла»га кирмаган жойлар обод қилинмайдими? Янгиҳаётликлар ваъдалардан чарчади

«Kun.uz» фуқароларни қийнаётган муаммоларни ёритишда ва бунга жамоатчилик эътиборини қаратишда давом этади. Таҳририятимизга Ўрта Чирчиқ тумани Янги ҳаёт маҳалласи Эрам кўчасида истиқомат қилаётган фуқаролар номидан йўлланган мурожаат келиб тушди. Мурожаатни ўрганиш мақсадида ижодий гуруҳимиз билан Ўрта Чирчиқ туманига йўл олдик.

Вилоят маркази Нурафшон шаҳридан унчалик узоқда бўлмаган Эрам кўчасига бурилар эканмиз, маҳалла янги вужудга келган маҳаллалардан эканига кўзимиз тушди. Маҳалладаги мавжуд уйлар чала битган бўлса-да, 80% аҳоли кўчиб келиб яшамоқда. Аҳолининг сўзларига қараганда олдинги яшаш жойлари давлат эҳтиёжлари учун олинган ва уй-жой қуриш учун шу ерлардан жой берилган.

Youtube'да кўриш

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Facebook'да кўриш

Аҳолини қийнаётган муаммолардан энг асосийси кўчаларнинг асфальт қилинмаганлиги ва бунинг натижасида иссиқ кунларда чанг ва ёмғирли мавсумда лойгарчиликдан азият чекаётганлиги ҳақида эди. Кўчаларни кузатар экансиз, беихтиёр нигоҳингиз йўлларнинг аянчли аҳволда эканлигига тушади. Кўчага қадам босишимиз билан оёғимиз лойга ботди. Бу кўчаларга бир марта кирган одамнинг қайтиб оёқ босгиси келмайди. Бироқ, бу ерда сабр қилиб яшаётганларни олдинда бутун бир куз-қишнинг ёғингарчилик тўла кунлари кутиб турганини ўйлаб дилингиз хира тортади. Ҳали ёмғир бир марта сепалаб ўтгандаёқ бу кўчалар аллақачон лойга ботган. Кўлмак сувлар тўпланиб, қаерга чиқишини билмайди. Аҳолининг сўзларига қараганда, бу муаммоларни бартараф этишда амалий ёрдам сўраб кўп жойларга шикоятлар йўлланган. Натижаси эса кўриб турганимиздек.

“Буёғига куз-қиш мавсуми, ёғингарчиликлар кўпаяди. Юриб бўлмай қолади бу кўчаларда. Фарзандларимиз мактабга боришади. Катта кўчага чиққунича ҳаммаёғи лой бўлиб, баъзида уйга қайтиб ҳам келишади. Барча бирдек қийналмоқда, болаларимизни кўчагача бошқа оёқ кийимда олиб чиқиб, йўлга чиққандан кейин бошқасини кийдириб юборамиз. Янги кўчиб келганмиз. Уйларимизни ҳам ҳалигача тўлиқ битира  олмадик. Электр, симёғочларни ҳам ўз ҳисобимиздан қилдик. Лекин йўлни таъмирлашга аҳолининг моддий имкониятлари етмайди. 2016 йилдан буён ёрдам сўраб йўллаган мурожатларимиз жавобсиз қолмоқда. Фақат келишади, кўришади, ваъда беришади - натижа эса йўқ. Ҳеч бўлмаса шағал тўкиб беришсаям рози эдик”,- дейди маҳаллада яшовчи фуқаролардан бири.

Маълум бўлишича, бу маҳалла 2018 йил май ойида «Обод маҳалла» дастурига киритилган бўлиб, сентябрь ойигача ишлар якунланиши керак эди. Лекин номаълум сабабларга кўра маҳалла дастурдан чиқарилган.

Ўрта Чирчиқ тумани ҳокимининг 2016 йил март ойидаги 168-сонли қарорининг 3- бандида: “Янги ер участкалари ажратилган «Қумовул» қишлоқ фуқаролари, Нурафшон, Янги ҳаёт, Ўчоғли, Янгиобод маҳаллаларини ободонлаштириш, йўл-коммуникация (газ,электр, ичимлик суви) тизимларини йўлга қўйишда амалий ёрдам кўрсатиш Тошкент вилояти ҳокимлигидан сўралсин”,- деб кўрсатилган.

Ушбу вазиятга изоҳ олиш мақсадида Ўрта Чирчиқ туман ҳокимлигига қараб йўл олдик. Бизни туман ҳокимининг ёрдамчиси кутиб олиб, ҳоким йўқлигини, пахта йиғим-терими масалалари бўйича ҳудудда юрганлигини айтди. Илтимосимизга кўра туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Нодир Тўлаганов ва Автомобиль йўллар қурилиши Ўрта Чирчиқ тумани бошқармаси бошлиғи Алишер Алимов биз билан  суҳбатлашишди. Н.Тўляганов Янги ҳаёт маҳалласининг аҳолиси ушбу масалада кўпдан бери мурожаат йўллаб келаётганлигини, ўзи ҳудудга бориб бир неча бор ўрганганлигини таъкидлаб ўтди. Лекин «Обод маҳалла» дастуридан чиқариб юборилганлиги туфайли пул ажратилмаганлигини, шунинг учун бу ерда амалга оширилиши лозим бўлган йўл қурилиши ишлари қолиб кетганлигини маълум қилди.

Нодир Тўлаганов

“Бизга қачонки тегишли ташкилотлар кафиллик бериб, маблағ ўтказиб берса бу ҳудудда тегишли ишларни бажарамиз. Ҳозирда фақат белгиланган режадаги йўлларни тузатяпмиз, лекин ҳокимлик билан келишиб шу октябр ойининг охиригача ҳеч бўлмаганда шағал тўкиб берамиз, кейинги йилдан дастурга киритиб албатта, асфальт қиламиз”,- деб таъкидлаб ўтди биз билан суҳбатда Алишер Алимов.

Мутасаддиларнинг ваъдасига ишондик. Бироқ маҳалла аҳли бу ваъдаларга шубҳа билан қарамоқда. Яна ўша саволлар гир айланмоқда. Хақиқатдан ҳам ой охиригача шағал тўкиб бериладими ёки Янги ҳаёт маҳалла аҳолиси лой кўчаларда лойга қоришиб яна бир куз-қишни ўтказишадими? Шу маҳаллада униб-ўсаётган болалар қишнинг изғиринли кунларида мактабга қандай қатнашади? Дастурга киритилиб, лекин номаълум сабабларга кўра дастурдан чиқариб юборилган маҳаллалар обод қилинмайдими? Мутасаддиларнинг ваъдалари бажариладими? Янги ҳаёт маҳалласи фуқаролари қачон рози қилинади?

Ўйлаймизки, мутасадди раҳбарлар бу муаммога эътибор қаратишади. Берилган ваъдалар ойнинг охиригача бажарилади.

Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Мавзуга оид

Эълонлар

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти