Жамият | 19:14 / 17.10.2018
6481
2 дақиқада ўқилади

Прокуратура фахрийлари Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларида саёҳат қилишди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4906-сонли Фармони ижроси юзасидан Сирдарё вилояти прокуратураси органлари томонидан бир қатор ижобий ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, бир неча йиллар мобайнида прокуратура органларида ишлаб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликка қарши кураш ҳамда олдини олиш борасида улкан ҳиссасини қўшган прокуратура фахрийларининг ҳолидан хабар олиниб, уларнинг муаммолари ўрганилиб, фикрлари билан ўртоқлашилиб келинмоқда. Бу ҳақда KUN.UZ’га Республика Бош прокуратураси Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 февралдаги “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3514-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Сирдарё вилояти прокурорининг ташаббуси билан ички туризм имкониятларидан тўлақонли фойдаланиб, жорий йилнинг 12 ва 13 октябрь кунлари 6 нафар прокуратура фахрийси Самарқанд ҳамда Қашқадарё вилоятларининг кўҳна қадамжолари, тарихий обидаларини зиёрат қилиш ва замонавий мажмуаларга саёҳат қилишлари ташкиллаштирилган.    

Фахрийлар “Буюк ипак йўли”нинг юраги бўлмиш Самарқанд шаҳрининг Регистон майдони, Улуғбек расадхонаси, Тиллақори, Шердор мадрасалари, Гўри-Амир, Шоҳи-Зинда, Бибихоним мақбараларига саёҳат қилиб, Самарқанднинг янада гўзал ва мафтункор қадим харобалари, мадраса, мақбара ва минораларини ҳамда Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий обидаларини зиёрат қилиш ва замонавий мажмуаларини томоша қилиш орқали тарихнинг нафасини ҳис қилиб, маънавий озуқа олиб қайтишган. 

Маълумотларга кўра, келгусида фахрийларнинг Бухоро ва Хоразм вилоятларига саёҳати режалаштирилган.

 

 

 

 

Мавзуга оид