Жамият | 20:20 / 17.10.2018
29773
3 дақиқада ўқилади

Туркияда ўзбекистонлик аёллар судга тортилиш ҳоллари кўпаймоқда

Ўзбекистонлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири ўз саҳифасида шундай пост қолдирди:

«Ўзбекистонлик контрабандачилар!

Туркияга сигарета ташишни бас қилинглар! Сизлар Туркия аэропортларида сигарета билан қўлга тушиб чарчамадиларинг, лекин мен суд материалларини таржима қилавериб чарчадим!».

Бундай битикнинг моҳиятига етиш учун пост муаллифини суҳбатга тортдик.

– Туркияда анчадан буён таржимонлик билан шуғулланаман. Истанбул, Анталия аэропортларида юз берган ҳолатларга оид суд ишлари келса, буларнинг аксариятидаги қаҳрамонлар аёллар бўлади ва улар Ўзбекистондан Туркия ҳудудига сигарет олиб киришга уринишади. Айниқса, кекса ёшдаги онахонларнинг бу иш билан шуғулланишлари жуда ачинарли ва уятли.

– Таржима қилиш нега керак, судланувчи тушуниши учунми?

– Суд қарорини судланувчига етказиш учун. Одатда контрабанда факти аниқланиши билан бу билан шуғулланган шахс депортация қилиб юборилади. Суд эса кейин бўлиб ўтади. Туркия ваколатли органлари Ўзбекистонга суд қарорини жўнатади, бизникилар уни судланувчига етказади.

– Бундай ҳолларда суд қандай жазо қўллайди?

– Деярли ҳар доим депортация ва жарима. Контрабанда учун жарима миқдори катта бўлмайди, одатда 100 лира (15-20 доллар) атрофида. Лекин судлов харажатлари ҳам судланувчидан ундирилади, бу бир неча минг лирага етиши мумкин. Шунингдек, Туркиядан бадарға қилинганлар анча вақт бу давлатга кириш ҳуқуқидан маҳрум бўлишади. Чемоданларга жойлашиб, юклар орасига ўтириб Туркияга киришга уринишлар бежизга эмас.

– Фуқароларимиз яна қандай қонунбузарликларга кўп йўл қўйишади?

– Аёллар орасида фоҳишабозлик кўп қайд қилинмоқда ва бундай аёллар дарҳол маҳкамага тортилиб, жазоланмоқда. Улар ҳам одатда жарима тўлайди ва депортация қилинади. Туркия қонунларида кичик муддатлилар шартли жазога тортилади, яъни қамоққа жўнатилмайди.

– Асосан, Туркияда ишласангизда ҳозир Ўзбекистондасиз, ишингиз қандай давом этаяпти?

– Интернет замонида яшаяпмиз. Менинг қаерда бўлишимнинг аҳмияти йўқ, ишни бажарсам бас.

– Нега шахсингиз сир тутилишини истадингиз?

– Шартномамда суд ишларига оид барча маълумотлар сир сақланиши шартлиги кўрсатилган. Мен фақат мана шундай ҳолатлар кўп кузатилаётгани, юртдошларимнинг турли жазоларга тортилаётганларидан афсусланиб ёздим холос. Имконим борида миллатдошларимизни, ватандошларимизни бундай ишлардан қайтишга чорлайман. Ўзга юртда турли жазоларга тортилишни истамасангиз ўша давлат қонунларини ҳурмат қилинг.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид