Жаҳон | 07:51 / 17.10.2018
25963
2 дақиқада ўқилади

Жамол Қошиқчи ўлдирилиб, жасади бўлакланган – CNN

Фото: The Associated Press

Туркияда изсиз йўқолган журналист Жамол Қошиқчи Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллигида ўлдирилиб, жасади бўлакланган. Бу ҳақда туркиялик мансабдор шахсга иқтибос келтирган ҳолда CNN телеканали маълум қилди.   

Аввалроқ ОАВда турк полицияси консулликда тинтув ўтказиш вақтида журналистнинг ўлдирилгани изларини топгани маълум қилинган. Бироқ бошқа тафсилотлар ошкор қилинмаган.

Шунингдек, ОАВнинг маълум қилишича, Ар-Риёд журналистнинг ўлимини тан олишга тайёр, бироқ буни “сўроқ вақтидаги бахтсиз ҳодиса” деб эълон қилмоқчи. CNN’нинг маълум қилишича, Саудия Арабистони вакиллари журналистни ўлдиришни режалаштиришмаган, балки Туркиядан яширинча олиб чиқишмоқчи бўлишган. Бироқ уларнинг бу операциядаги “масъулиятсизлиги” журналистнинг ўлимига олиб келган.

Шунингдек, Туркия полицияси Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консули қароргоҳини кўздан кечиришни кейинга қолдирди. Бунга эса саудиялик консул Муҳаммад ал-Утайбанинг 16 октябрда Саудия Арабистонига қайтгани сабаб бўлган.       

Таъкидланишича, текширув Саудия Арабистони вакиллари иштирокидагина амалга оширилади. 

Журналист 2 октябрда Саудия Арабистони консуллигига ташрифидан кейин йўқолиб қолганди. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид