Ўзбекистон | 21:54 / 18.10.2018
18597
3 дақиқада ўқилади

Олмалиқда Россия университети филиали очилди

Бугун, 18 октябрь куни «Янги иқтисодиёт учун янги кадрлар» Россия-Ўзбекистон биринчи таълим форуми доирасида Олмалиқ шаҳрида Россия “Миллий технологик тадқиқотлар университети “МИСиС” филиалининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда иштирок этган Kun.uz мухбири шу ҳақда хабар берди.

Очилиш маросимида Россия фан ва олий таълим вазири Михаил Котюков, Ўзбекистон олий ва ўрта-махсус таълим вазири Иномжон Мажидов, "МИСиС" ректори Алевтина Черникова ва "ОТМК" АЖ бошқаруви раиси Абдулло Хурсанов каби юқори мансабдор шахслар иштирок этди.

Таълим даргоҳида республиканинг ишлаб чиқариш-саноат тармоғи учун юқори малакали муҳандис-техник кадрлар тайёрланади.

2018-2019 ўқув йилининг кундузги бўлимига «Тоғ иши», «Металлургия», «Ишлаб чиқариш ва технологик жараёнларни автоматлаштириш ҳамда бошқариш» йўналишлари бўйича 150 нафар талаба қабул қилинди.

Ушбу олий таълим даргоҳида таълим бериш жараёнига маҳаллий мутахассислар билан биргаликда Россия ва хориждаги етакчи олий ўқув юртларида педагогик тажрибага эга бўлган россиялик ўқитувчилар ҳам жалб этилган. Шунингдек, Москва орқали онлайн тартибда дарс машғулотлари ҳам ўтказиб борилади. 

Ҳукумат қарори билан Фарходбек Яркулович Умаров филиалга директор этиб тайинланди. Фарходбек Умаров 2012-2017 йилларда Тошкент давлат техника университетида декан, 2017-2018 йилларда эса И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети Тошкент филиалида ўқув ва илмий ишлар бўйича директор ўринбосари сифатида фаолият олиб борган. 

Умаровнинг айтишича, таълим муассасасида назариёт ва амалиёт уйғунлигига алоҳида эътибор қаратилади. “Филиалнинг айнан кон-металлургия саноати ривожланган Олмалиқ шаҳрида очилиши ҳам бежиз эмас”, дейди Умаров.

Маълумот учун: филиал битирувчиларига Ўзбекистон ва Россияда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган “МИСиС” МТТУнинг белгиланган намунадаги дипломи ҳамда IELTS сертификати берилади.

Мавзуга оид