Ўзбекистон | 20:38 / 19.10.2018
4648
3 дақиқада ўқилади

Божхоначилар турли намунадаги хорижий валюталарнинг ноқонуний олиб чиқилишини тўхтатишди

Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан республикамиз божхона чегаралари орқали нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний олиб чиқилишига доир навбатдаги қонунбузарлик ҳолатлари фош қилинди. Божхоначилар 10 минг 250 АҚШ доллари ва 1 млн 350 минг Россия рублининг олиб чиқилишини тўхтатишди, деб хабар қилмоқда Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати.

Жумладан, “С.Нажимов” чегара божхона постида қўшни давлатга пиёда ҳолда чиқиб кетаётган фуқаро С.Г.нинг қўл юклари рентген аппаратидан ўтказилганда, унга тегишли сумкада йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ҳамда оғзаки сўровда маълум қилинмаган 5603 АҚШ доллари ва 100 Россия рубли яширинча олиб чиқиб кетилаётганлиги аниқланди.

Мазкур пост орқали ҳаракатланган яна бир фуқаро А.Т.нинг қўл юклари ҳам рентген аппаратидан ўтказилганда шунга ўхшаш ҳолат фош қилинди. Унинг сумкаси холислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилганда, йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ҳамда оғзаки сўровда маълум қилинмаган 5000 АҚШ долларини яширинча олиб чиқиб кетаётгани маълум бўлди.

“Ғишткўприк” чегара божхона постида ҳам бир куннинг ўзида нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний олиб ўтилишига доир 3 та божхона қоидабузарлиги фош этилди. Қўшни давлатга йўл олган фуқаро У.О. холислар иштирокида ва белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганида, чўнтагидаги 5000 АҚШ долларини божхона назоратига тақдим қилмагани маълум бўлди.

Шунингдек, республикамиздан чиқиб кетаётган яна бир фуқаро М.Б. ҳам шахсий кўрик давомида божхоначилар қаршисида ер чизиб қолди. Қарангки, ушбу шахс чўнтагида “пайдо” бўлиб қолган 5250 АҚШ доллари ҳақида божхона назоратидан ўтиш вақтида маълум қилишни “унутиб” қўйибди.

Шу куни пост ходимлари бир гуруҳ шахсларни ташмачиликка ёллаган ҳолда нақд хорижий валюталарни ноқонуний йўллар билан олиб чиқишга уринган фуқаро Ш.З.нинг қинғир қилмишларини фош қилишди. У маълум бир ҳақ эвазига 8 нафар шахсларни ташмачиликка ёллаган ҳолда,  1 млн. 350 минг Россия рублини республикамиздан олиб чиқмоқчи бўлган вақтда тўхтатиб қолинди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлган чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга 5 000 АҚШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдорда нақд хорижий валютани йўловчи божхона декларациясида кўрсатган ҳолда эркин олиб чиқиб кетишларига рухсат этилади. Чет эл фуқаролари эса Ўзбекистонга кириш чоғида олиб кирган миқдордаги нақд хорижий валютани эркин олиб чиқиб кетишлари мумкин.

Белгиланган суммадан ортиқча нақд хорижий валютани олиб чиқиб кетиш учун Марказий банкнинг ҳудудий бошқармалари томонидан бериладиган рухсатномалар талаб этилади.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид