Жаҳон | 20:50 / 19.10.2018
28825
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон президентининг самолёти эскирган. Янги самолёт совға қилинишини кутишмоқда

Қирғизистон фуқаролик авиацияси агентлиги вакили Алимбай Абакиров мамлакат раҳбарига яна янги самолёт совға қилишларига умид билдирди.

У ҳозирда Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков учун хизмат қилаётган Ту-154М самолёти учишга яроқли бўлсада, уни алмаштириш вақти келганини қайд этиб ўтган. Бу самолёт 1993 йилда ишлаб чиқарилган. Уни 2006 йилда Владимир Путин Қирғизистоннинг ўша вақтдаги президенти Курманбек Бакиевга совға қилган.

Унинг сўзларига кўра, янги самолёт 80-100 миллион доллар атрофида туради, республика бюджети эса буни кўтармайди.

«Ҳозирги №1 борт 10-12 йил муқаддам Россия президенти Владимир Путин томонидан совға қилинганди. Умид қиламизки, яна совға қилишади... Лекин бу бизнинг ваколатимизда эмас», деган Абакиров.

18 октябрь куни Жогорку Кенеш (парламент) депутати Таабалди Тиллаев президент Жээнбеков учаётган №1 борти учун уялишини айтиб ўтганди.

«Бу самолётни Россия совға қилганди. Биз ҳозир Туркия билан яхши алоқалардамиз... Президент бу масалани кўтариши мумкин. У фуқаролар билан оддий рейсларда учмоқда. Биз бундан хурсанд бўлмаслигимиз керак. Унинг хавфсизлиги ҳақида ўйлашимиз керак», — дея Тиллаевдан иқтибос келтирган 24.kg.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков АҚШга оддий рейсларда бориб келганди.

Мавзуга оид