Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Депутатлардан генерал ва президентдан бирини танлашни талаб қилишган» — Жапаров Ташиевни ишдан олганига изоҳ берди
Қирғизистон президентининг айтишича, айрим депутат ва давлат хизматчиларини «генерал» билан қўрқитиш ҳамда муддатидан олдин сайлов ўтказиш учун имзо тўплаш бошланган. «Қарор қабул қилишдан олдин дўстимга вазиятни тушунтирдим ва уни асраб қолдим», дейди Садир Жапаров маҳаллий ОАВга берган интервюсида.
Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати
Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Хабар» ахборот агентлигига берган интервюсида мамлакатда сўнгги кунлардаги кадрлар алмашинуви борасида изоҳ берди.
10 феврал куни унинг фармони билан кутилмаганда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси, Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Қамчибек Ташиевнинг ваколатлари муддатидан олдин тугатилди. Унга қўшилиб, унинг уч ўринбосари ҳам лавозимидан олинганди.
«Хабар» мухбири Садир Жапаровдан бу ўзгаришлар сабаб сифатида тарқалаётган хабарлар, хусусан «75 кишининг сирли мактуби» деб аталган ҳужжат ҳақида сўраган.
«Мен изоҳ беришни истамаган эдим, аммо сўраганингиз учун айтаман. 2021 йилда президент этиб сайландим ва ўз мажбуриятларимни қатъий бажардим. Давлат ва бутун халқ манфаатлари ҳар қандай лавозим ва дўстликдан устундир.
Ҳаммаси Жогорку Кенешдан (Қирғизистон парламенти – Таҳр.) бошланди. Айрим депутатлик гуруҳлари бошқа депутатларни чақириб, уларга: „Биз томондамисиз ёки у томондамисиз?“ деган савол билан уларни ажратишга киришди. «Бизнинг томон ким, у томон ким?“ деб сўраган депутатларга „Бизнинг томон – бу генерал томони“, дея погонларни кўрсатишган. „У томон эса – президент томони“. Шундай иш олиб борилган.
Шундан сўнг бўлиниш кўчадаги „оқсоқоллар“га ҳам ўтади. Улар „юқорида келишилган“, гўёки Жогорку Кенеш тез орада муддатидан олдин сайлов эълон қилади, деган гаплар билан одамларни чалғитди. Муддатидан олдин сайлов ўтказиш учун имзо тўплаш бошланди.
Агар мен ўз вақтида бундай қатъий чораларни кўрмаганимда, бу оддий фуқароларга ҳам ўтиши ва халқ ҳам икки қисмга ажралиши мумкин эди. Чунки менда депутатлар ва айрим давлат хизматчиларини „генерал“ номи билан қўрқитишганига оид фактлар бор эди. Уларга „Биз томонга ўтмасанг, генерал билан ишинг бўлади“, дейишган. Айнан шу сабабли мен бундай қарор қабул қилишга мажбур бўлдим.
Қарор қабул қилишдан олдин дўстимга (Ташиев – Таҳр.) қўнғироқ қилиб, бу ерда юз бераётган вазиятни тушунтирдим. Уни лавозимидан озод қилаётганимни айтдим ва шундан кейин қарор чиқардим. Менимча, бу тезкор қарор билан, аксинча, дўстимни асраб қолдим. Чунки оқсоқол деймизми ёки кўксоқол деймизми, унинг атрофидагилар дўстимни тўғри йўлдан чалғитаётганди.
Улар Қамчибек Ташиев номидан фойдаланиб, парламент депутатлари, масъул давлат хизматчилари ҳамда жамиятда таниқли шахсларга „генерал томонига ўтинглар“, деб мурожаат қилган.
Агар мен Қамчибек Ташиевни лавозимидан озод этмаганимда, ўша йўналишда ишлаганларнинг ҳаракатлари туфайли бундай баёнотлар янада фаоллашган бўларди. Бу давлат аппарати ходимлари орасида ва жамиятда бўлинишга, ҳатто қарама-қаршиликларга олиб келиши мумкин эди. Шунинг учун дўстимни лавозимидан озод этишга мажбур бўлдим. Мамлакатдаги барқарорлик мен учун ҳаммасидан устун», – дея Жапаровнинг сўзларини келтирмоқда нашр.
Шунингдек, Қирғизистон президенти жамиятда «Жапаров жамоаси» ва «Ташиев жамоаси» деган тушунчаларнинг кадр танлашда аҳамияти йўқлигини айтди.
«Кадр тайинлашда ҳеч қандай ажратиш йўқ. Ҳар бир тайинлов пухта текширувдан ўтади. Аввал ҳам Қамчибек Ташиевга, вазирлик ва идоралар раҳбарларига, Вазирлар Маҳкамаси раисига, ҳокимларга бир хил талаб қўйганман – давлат учун ишлайдиган принципиал ва профессионал кадрларни таклиф қилиш.
Бугун ҳам шу талабни сақлаб қолганман. Улар айнан шу мезонлардан келиб чиқиб таклиф киритади. Шунинг учун «Жапаров жамоаси» ёки «Ташиев жамоаси» деган бўлиниш йўқ», – дейди у.
Жапаров ўзи ва Қамчибек Ташиев ўртасида навбат билан «бир муддатдан президент бўлиш» ҳақидаги келишувлар бўлмаганини билдирди.
«Ким давлатни бошқаришини бир ҳовуч одам эмас, Қирғизистон халқи ҳал қилади. „Бир муддат – у, бир муддат – бу“ деган гаплар демократик тамойилларга зид ва сиёсий маданиятга тўғри келмайди. Бундай фикрлар халқни танлаш ҳуқуқидан маҳрум этишга уриниш сифатида қабул қилинади», – дейди у.
Жапаров Қамчибек Ташиев билан дўст бўлиб қолишини қўшимча қилган.
«Бизнинг дўстлигимиз сақланиб қолади. Қамчибек Кийдиршаевични лавозимидан озод этишдан олдин у билан боғланиб, вазиятни тушунтирдим ва шундан кейин қарор қабул қилдим. Аввал айтганимдек, бу қарор давлат ва халқимиз тинчлиги ҳамда бирлиги йўлида қабул қилинди. Дўстлигимизни бирор лавозим ёки манфаат билан боғлаш нотўғри», – деди у.
Шунингдек, Жапаров айни вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани, «75 кишининг мурожаати» кампанияси ва ундаги қатнашчилар, депутатлар борасида терговдан сўнг изоҳ берилишини айтди.
Жапаров Қирғизистон парламенти спикери (тўроға) Нурланбек Шакиев истеъфосининг сўнгги воқеалар, хусусан «75 кишининг мактуби» билан алоқаси ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди:
«Тўғридан тўғри алоқаси бор, деб айтмаган бўлардим. Балки у шу одамлар ёки уларни уюштирган шахслар таъсирига тушгандир. Балки хатосини англаб, депутатлар орасида бўлиниш бошланишига йўл қўйганини ҳис этиб, шундай хулосага келгандир», – деди президент.
Садир Жапаровнинг айтишича, Қирғизистон махсус хизматида замонавий таҳдидлар ва глобал ўзгаришларга мос сифатли ислоҳотлар ўтказилади.
Мавзуга оид
11:43 / 12.02.2026
Қирғизистон парламенти спикери ҳам лавозимини тарк этди
11:38 / 11.02.2026
«Кутилмаган воқеа» – Қирғизистоннинг собиқ «иккинчи одами» ўз истеъфоси ҳақида
20:25 / 10.02.2026
Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди
18:17 / 10.02.2026