Жамият | 11:09 / 19.10.2018
10008
4 дақиқада ўқилади

«Кўкрак бези саратонига қарши бирга курашамиз». Ёшлар пресс клубида тиббий маслаҳат куни ташкил этилди

Кўкрак бези саратони — ўсимта касалликлари орасида энг кўп тарқалган касаллик. Тиббий статистик кўрсаткичларга кўра бу касаллик билан дунё бўйлаб 10 % аёллар, айниқса Европа мамлакатларида истиқомат қилувчи аёллар касалланган. Аксарият ҳолларда саратон 45 ёшдан ошганларда кузатилади. Ривожланган давлатларда ушбу касаллик бироз камайган. Бунга сабаб касалликни аниқлашда замонавий текширувлар ўйлаб топилгани ва даво чораларининг самарадорлигидир. Шундай бўлса ҳам ўсма турли хилдаги ҳужайралар ва уларнинг ўсиш даражалари фарқ қилгани учун касалликни даволаш қийинчиликлар туғдиради. Касаллик ривожланиши секин, узоқ вақт давомида белгиларсиз кечади. Баъзи ҳолларда касаллик шиддат билан ривожланиши ҳам мумкин. Кўкрак бези саратонининг самарали давоси унинг эрта аниқланишидагина амалга ошади.

Фото: Ёшлар пресс клуби

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ҳамда Туркиядаги Liv Hospital клиникаси билан ҳамкорликда жорий йилнинг 18 октябрь куни «Ёшлар пресс клуби»да «Кўкрак бези саратонига қарши бирга курашамиз» шиори остида тиббий маслаҳат куни ташкил этилди. Унда Liv Hospital клиникаси онкомаммолог жарроҳи, профессор – Эртигрул Газиўғлу кўкрак бези саратони, унинг олдини олиш ва даволаш бўйича тақдимот қилди. Тажрибали тиббиёт вакили кўкрак бези саратонининг белгилари сифатида аъзодан турли хил ажралмалар ажралиши, терининг ўзгариши, доимий оғриқ, йўтал ва нафас олишнинг қийинлашуви, шунингдек, ҳолсизлик, вазндаги ўзгаришлар ва қўлтиқда ўсимта пайдо бўлиши ҳамда кўкрак қисми ўлчамидаги ўзгаришларда кузатилишини таъкидлади.

Фото: Ёшлар пресс клуби

— Кўкрак бези саратони касаллиги билан касалланиш кўпроқ 50 ёшдан ошган, генетик касалликка эга бўлган (БРCА1 ва БРCА2 генлардаги деффект),  кўп спиртли ичимлик истеъмол қилган, фарзанд кўрмаган, ёши 30 дан ошганда илк бор она бўлган, фарзандини кўкрак сути билан эмизмаган, эстрогенлик гормонал дори-воситаларини 1 йилдан кўп қабул қилган, радиация таъсирига учраган аёлларда учрайди, – дейди онкомаммолог Зейнеп Севим.

Тиббий маслаҳатлардаги маълумотларга кўра, касалликнинг оғир босқичларида суяклар ва кўкрак қисмида оғриқ, терида яралар пайдо бўлади. Саратон касаллиги мавжуд бўлган кўкрак томондаги қўлда шишлар кузатилиб, вазн тез йўқотилади.

Фото: Ёшлар пресс клуби

Ушбу касалликни даволашда ўз вақтида амалга оширилган диагностика муҳим роль ўйнайди. Шунинг учун ҳар бир аёл мунтазам равишда маммолог (кўкрак бези касалликлари мутахассиси) кўригида бўлиши шарт. 

Тадбир натижасида иштирокчилар кўкрак бези саратони касаллиги, уни вақтида диагностика қилишнинг аҳамияти билан яқиндан танишиб чиқишди.

Фото: Ёшлар пресс клуби

Ўзбек оиласи учун хусусан, аёлларимиз учун ўтказилган мазкур тадбир аёлларни асраш, уларни қадрлаш мақсадида ташкил этилди. Давра суҳбатидан сўнг қизлар ва аёллар учун «Эзгу ният» халқаро клиникасида бепул тиббий кўрик ташкил этилди.

Мавзуга оид