Бекатлар ҳимоячиси: “Муносабат ўзгармас экан, километр кенгликдаги йўллар ҳам бизга ёрдам бермайди”
“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ назоратчиси Мунаввар Озбекова қисқа муддат ичида интернет қаҳрамонига айланди. Айниқса, унинг бекатларга автомобиль қўйганлари камлик қилгандек, тартибга чорлашга қўполлик билан жавоб қайтарувчи ҳайдовчиларга қарши ўзига хос кураши кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Уни ёқлаганлар кўпчиликни ташкил қилса-да, бу ҳаракатларни қоралаганлар, ваколати билан қизиққанлар ҳам талайгина бўлди.
KUN.UZ таҳририяти Мунаввар Озбекова билан қизиқарли суҳбат уюштирди.
– Интернет орқали лавҳаларингизни кўпчилик кузатмоқда. Қизиғи, қаршиликлар ва ҳатто таҳдидларга қарамай, бекатларга автомобиль қўювчи қоидабузарларга қарши ўзига хос тарзда курашишни давом эттиряпсиз.
– Аввало, бир нарсани айтишни истардим – мен бундай ҳаракатларни кеча ёки бугун бошлаганим йўқ. Мана, етти йилдирки қоидабузарларга қарши қўлимдан келганича курашиб келаман. Аввал оддий фуқаро, ўзининг фаол позициясига эга инсон сифатида, кейинчалик бунда ўзининг манфаатларини ҳимоя қилувчи ташкилот – “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ходими сифатида. Лекин сўнгги бир-икки йил ичида бундай ҳолатлар ҳам кўпайгани сингари, ижтимоий тармоқлардаги фаоллик ҳам кучайди.
Мен бу ташкилотда жамоат транспорти ходимлари – ҳайдовчилар ва кондукторлар назоратчиси бўлиб ишлайман. Мен каби ходимлар сони жамиятимизда 25 нафар. Кўпчилик қоидабузарлар зиддиятли ҳолатларда “Сенинг бундай қилишга қандай ваколатинг бор?”, деб жаҳл билан сўрашади. Касбим тақозосига кўра, жамоат транспортининг бир маромда ҳаракатланиши учун бундай қоидабузарликларга қарши курашишга ҳаққим бор, деб ҳисоблайман.
– Ташаббусингизга раҳбарларингизнинг муносабати қандай?
– Дунё бўйича барча ривожланган шаҳарларда йўлларнинг ўнг тарафи, айниқса, бекатларга туташ ҳудудлар жамоат транспорти учун ажратилади. Тиғиз вақтларда йирик автобусларимизда 80-100 нафарга яқин йўловчи бўлади. Биз автобусларнинг ўз вақтида ҳар бир бекатга етиши, ораларидаги интервал меъёрда, тезлик бир маромда бўлишини таъминлашимиз шарт. Агар бирор қоидабузар томонидан бекат тўсиб қўйилса, бу фақат айни пайтда келган автобусгагина эмас, умуман бутун изчилликка таъсир қилади. Табиийки, автобус ҳайдовчиларининг асаби бузилади, ахир улар эрта тонгдан жуда кечгача ишлашади-да. Шу боис раҳбариятим бу ташаббусни нафақат тўғри қабул қилади, балки ҳар тарафлама қўллаб-қувватлайди. Шунинг учун жамиятимиз раҳбари Моҳир Камолович Валиев томонидан Тошкент шаҳри ИИББга махсус хат ҳам йўлланган ва ҳар куни ўртача 50-60та қоидабузарликни қайд этувчи видео йўлланмоқда. Ишонаманки, бу нафақат масалага эътибор қаратиш, балки муаммони ечишда ҳам хизмат қилади.
– Нима деб ўйлайсиз, бизда ҳам жамоат транспорти учун алоҳида йўлаклар қилиш вақти етмадимикан?
– Автомобиллар кўпайгани сингари тирбандликлар сони ҳам ошиб бораверади, бу табиий. Лекин биздаги тирбандликлар нафақат автомобиллар кўпайгани учун, балки ҳайдовчиларимизнинг элементар, йўлда юриш маданияти йўқлиги учун пайдо бўлмоқда. Алоҳида йўлак қилиш ғояси бўлган, ҳозир ҳам бор. “Олой” бозори олдида, Амир Темур шоҳкўчасида сариқ линияли алоҳида йўл жамоат транспорти учун ажратилганди. Лекин бу йўл ҳайдовчиларнинг қаторасига машина қўйиб кетиши учун майдончага айланиб қолди. Агар биз ўз ҳайдовчилик маданиятимизни оширмас, муносабатни ўзгартирмас эканмиз, километр кенгликдаги йўллар ҳам бефойда. Бунинг учун ҳар биримиз ҳаракат қилишимиз, ҳайдовчилар онгига етказишимиз керак.
Аввалига “Матиз” ҳайдовчиси билан, сўнгра “Дамас” бошқарувчиси билан можаро акс этган икки видеони олайлик, ҳайдовчилар нафақат йўл ҳаракати қоидаларини, балки оддий одоб, Ўзбекистон қонунларини ҳам менсимаслигини очиқ ошкор этишган. Мени энг қийнагани – ҳамма лоқайд қараб тургани бўлди. Атрофимда шунча эркаклар, ҳатто ички ишлар ходими ҳам бор эди. Лекин ҳеч ким, умуман ҳеч ким тарафимни олмади. Ижтимоий тармоқларда ҳам ҳаракатларимни ҳақорат қилганлар бўлди. Мен бундай инсонларни ўз тақдирига бефарқ, эртага кўз олдида бир гўдак автомобиль остида қолиб нобуд бўлса-да, бирор ёрдам беришни истамайдиган лоқайдлар деб ҳисоблайман.
– Шу ўринда жамоат транспорти ҳайдовчиларининг ўзи ҳам қоида бузишларини қайд этиб ўтиш лозим.
– Албатта, улар орасида ҳам қоидабузарлар учрайди. Бекатда меъёрдан ортиқча туриб қолиш, белгиланмаган жойда тўхтаб йўловчи тушириш ёки олиш, телефонда гаплашиш, чекиш каби қоидабузарликлар айрим ҳайдовчиларнинг одат тусига кирган. Биз уларга ҳам қарши интизомий чоралар кўрамиз.
– Охирги саволлар: ўша “Матиз” ёки “Дамас” ҳайдовчилари сиздан узр сўрашдими, бундан кейин ҳам бундай лавҳалар олишда давом этасизми?
– “Матиз” ҳайдовчисининг ўзи эмас, дўстлари келиб узр сўрашди ва унинг бу ҳаракатини “кайфияти йўқ бўлганлиги” билан изоҳлашди. “Дамас” ҳайдовчиларига мен олдин ҳам тушунтиргандим. Лекин бу ҳолат қайталанавериши шу можарога сабаб бўлди. Кейинчалик мен ўз даъвомдан воз кечдим. Аммо уларнинг жазоланиш-жазоланмаслиги менга боғлиқ эмасди. Судда ўзим қатнашмадим, шаҳар ИИББ ҳужжатларни тақдим этди ва қоидабузарлар жазоланди.
Ўзимнинг келгусидаги режаларимга келсак – ўша “Дамас” ҳайдовчилари билан тортишаётганимда, улар очиқдан очиқ ҳужум қилаётганларида ҳеч ким ёрдамга келмагани менга жуда қаттиқ таъсир қилди. Бундай ҳаракатларимни давом эттираман албатта, лекин бошқача услублар билан.
Алишер Рўзиохунов, Аброр Зоҳидов.
Фотомухбир: Маъруф Асқаров
KUN.UZ
Мавзуга оид
23:59 / 16.08.2024
Тошкентда автобуслар тезлиги 50 км/соатгача чекланади
07:56 / 19.07.2024
Тошкентда «Ғалабанинг 40 йиллиги» автобус бекати қулаб тушди
16:31 / 09.04.2024
Тошкентда йўловчининг қўлини қисиб қолган ҳолда ҳаракатланган автобус ҳайдовчиси ишдан кетди
19:49 / 26.02.2024