Тошкентда йўловчининг қўлини қисиб қолган ҳолда ҳаракатланган автобус ҳайдовчиси ишдан кетди
“Тошшаҳартрансхизмат”га кўра, ҳолат 4 апрел санасида ҳайдовчининг эҳтиётсизлиги сабаб юзага келган. Йўловчи тушиб улгурмасидан автобус эшиклари ёпилган ва фуқаронинг қўли қисиб қолинган ҳолда транспорт ҳаракатланган.
Тармоқларда Олой бозоридан Чилонзор 25-даҳасигача ҳаракатланувчи 2-автобус билан боғлиқ видеолар тарқалди. Лавҳада автобус бекатда тўхтаб, йўловчиларни туширган, охирги фуқаро тушиб улгурмасидан транспорт эшиклари ёпилган. Оқибатда йўловчининг қўли қисилиб қолган ва автобус ҳаракатланган. Вазиятга гувоҳ бошқа одамлар ҳайдовчини тўхтатган.
“Тошшаҳартрансхизмат” муносабатига кўра, ҳолат 4 апрел санасида 145-мактаб бекатида содир бўлган. АЖ эълон қилган видеода ҳайдовчи йўловчини кўрмай қолганини айтиб ўтган.
“Эшикларимни очиб, йўловчиларимни туширганимдан сўнг, ҳаракатни давом эттириш вақтида эшикларимни ёпдим, ёпаётган пайтимда орқа эшикдан тўсатдан ёши улуғ инсон тушиб қолди. Мен ҳаракатни давом эттириб, буни сезмай қолдим.
Жойда ҳаракатимни тўхтатиб, [йўловчининг] олдига бориб, вазиятни тушунтирганимда, “болам, сен кетавер, менинг ўзимда ҳам хато бўлди, ҳаммаси яхши, кетавер”, деганларидан кейин йўналишим бўйлаб ҳаракатни давом эттириб кетдим”, – дейди у.
Ҳайдовчи сўзининг сўнгида барча ҳамкасбларини зийракликка чақириб, одамлардан узр сўраган.
“7-автобус саройи” ҳаракат хавфсизлигини назорат қилиш бўлими етакчи мутахассиси Исломбек Улуғбековнинг таъкидлашича, бу ҳайдовчи билан меҳнат шартномаси бекор қилинган. Мутахассис бу каби ҳолатларнинг олди олиниши учун ҳар куни автобус бошқарувчилари билан тушунтириш ишлари олиб борилишини маълум қилган.