Жаҳон | 19:42 / 22.10.2018
18306
2 дақиқада ўқилади

Путин Украинага нисбатан янги санкциялар киритишга топшириқ берди

Фото: AFP Photo/Pavel Golovkin

Россия президенти Владимир Путин Украинага нисбатан янги «махсус иқтисодий чоралар» қўллаш ҳақида топшириқ берди. Ҳужжатга мувофиқ, санкциялар Украинанинг Россия компаниялари ва россияликларга нисбатан «нодўстона ҳаракатлари» сабабли ва миллий манфаатларни ҳимоя қилиш мақсадида киритилмоқда.

Путин фармонида санкциялар жорий этиладиган жисмоний ва юридик шахслар рўйхатини шакллантириш, уларга нисбатан қандай чекловлар киритилишини белгилаш ва «бошқа чораларни кўриш» айтилган.

Қонунга кўра, бундай чоралар сирасига ҳамкорликни тўхтатиш ёки вақтинча тўхтатиш, Россияга у ёки бу маҳсулотлар олиб кирилишини ҳамда санкция қўлланилаётган мамлакатга Россияда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар олиб чиқилишини чеклаш кабилар киради.

Шу йилнинг июлида Владимир Путин фармонига биноан Украинадан қатор озиқ-овқат маҳсулотларини олиб киришга нисбатан эмбаргонинг амал қилиш муддати 2019 йил охиригача узайтирилди. Шунингдек, Украина маҳсулотларини Россия ҳудуди орқали Қозоғистон ва Қирғизистонга транзит орқали олиб ўтишга қўйилган тақиқ муддати ҳам 2019 йил 1 январгача узайтирилди.   

Мавзуга оид