Спорт | 14:01 / 22.10.2018
15154
10 дақиқада ўқилади

Роналдунинг оламшумул рекорди, «Ювентус»нинг илк қоқилиши, Милан дербисидаги шиддатли ўйин - Италияда 9-тур воқеалари

Фото:Tullio M. Puglia/Getty Images

Дам олиш кунлари Италия чемпионатида 9-тур ўйинлари ўтказилди. Унда эътиборга молик бўлган бир қанча қизиқарли воқеалар юз берди.

«ЮВЕНТУС» МАВСУМДА ИЛК МАРОТАБА ОЧКО ЙЎҚОТДИ

«Ювентус» ўз майдонида камтарона «Женоа» билан беллашди ва кутилмаганда 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. 

Ўйин мезбонларнинг катта ташаббуси остида ўтди. 18-дақиқада Роналду чап қанотдан оширилган тўпни дарвозага йўллаб, ҳисобни очди. Шундан кейин ҳам «Ювентус» кўплаб қулай вазиятлардан фойдалана олмади.

67-дақиқада «Женоа» ҳисобни тенглаштирди. Ўнг қанотдан жарима майдонига етказилган тўпни Бесса осонлик билан дарвозага йўллади. «Ювентус» ҳимоячилари бу вазиятни томошабин сифатида кузатиб туришди холос. Шундан сўнг, мезбонларнинг ғалабани илиб кетиш учун қилган барча уринишлари самарасиз кетди. Натижада, «Ювентус» мавсумда илк маротаба очко йўқотди.

Ўйиндан сўнг, туринликлар устози Массимилиано Аллегри бу дурангни мағлубиятга тенглаштирди: «Скудетто мана шундай ўйинларда қўлга киритилади ва бой берилади. Ҳаммаси оддий, биз бу ўйинни ютқаздик. «Женоа» бош кўтарди ва 2:0 ўрнига, ўзимиз гол ўтказиб юбордик. Иккинчи бўлимда ухлаб қолдик. «Женоа» гол ургач, уйғондик, аммо ҳеч нарса қилолмадик. Биз майдонда жон беришимиз лозим эди».

Ювентус – Женоа 1:1 (1:0, 0:1)
20 октябрь, «Альянц Стэдиум»
Голлар: 1:0 – 18 Роналду, 1:1 – 67 Бесса.
Ювентус – Шченсни, Жоау Канселу, Бонуччи, Бенатия, Алекс Сандро, Бентанкур, Пьянич, Матюиди (Дибала, 71), Куадрадо (Дуглас Коста, 59), Манджукич (Бернардески, 81), Роналду.
Женоа – Раду, Бираски, Ромеро, Кришито, Педру Перейра (Гюнтер, 79), Ромуло, Сандро, Лазович, Бесса (Хильемарк, 82), Куаме (Пандев, 85), Пёнтек.
Огоҳлантиришлар: Ромеро (9), Бенатия (30), Кришито (71), Пандев (89).

МИЛАН ДЕРБИСИДА «ИНТЕР» ҒАЛАБА ҚОЗОНДИ

«Интер» ва «Милан» ўртасидаги баҳс сермаҳсул бўлмади, аммо жуда кескин ва қизиқарли ўтди. 1-бўлимда жамоалар эҳтиёткор ўйнадилар, натижада хавфли вазиятлар бироз камроқ бўлди. Бўлим охирида «Интер» ташаббусни қўлга олди, «Милан» эса қарши ҳужумларда рақиб дарвозасига хавф сола бошлади. Бироқ, сўнгги паллада ҳужумчиларга аниқлик етишмади.

Иккинчи бўлимда «Интер»нинг босими кучайди. Ўз навбатида «Милан» ҳам қарши ҳужумлар тактикасини ўзгартирмади. Ўйин голсиз дуранг билан якунланадигандек кўринаётган паллада «Интер» ғалабани илиб кетди. Весино ўнг қанотдан тўпни жарима майдонига оширганида, Доннарумма унга чиқишда адашди ва Икарди боши билан дарвозани ишғол қилди.

Бу ғалабадан сўнг, «Интер» учинчи ўринга чиқиб олди. «Милан» эса 12-ўринга тушди.

Ўйиндан кейин «Интер» бош мураббийи Лучано Спаллетти ғалабани шундай изоҳлади: «Биз ҳақли равишда ғалаба қозондик, ўйинни бошидан охиригача рақиб майдонида ўтказдик. Мен «Интер»га ғалаба қозониш учун келдим, маошни олиб, захира ўриндиғида ўтириш учун эмас. Мен «Интер»нинг келажагини яратмоқчиман, футболчилар ҳам шуни қилиши шарт».

«Милан» бош мураббийи Женнаро Гаттузо мағлубиятдан қайғуда эканини яширмади: «Агар ўйин 0:0 ҳисобида якунланганида, бундан кўпроқ ижобий ҳолатларни ажратиб олишимиз мумкин эди. Бу жисмоний футбол бўлди, бу бизга ёқмайди. Афсуски мавсум бошидан буён, бирорта ўйинда дарвозамиз дахлсизлигини сақлаб қололмадик. Биз дадил ўйнамадик, эътиборни сусайтириб, аҳмоқона гол ўтказиб юбордик», – деди Гаттузо.

Интер – Милан 1:0 (0:0, 1:0)
21 октябрь, «Жузеппе Меацца (Сан-Сиро)» стадиони
Гол: 1:0 – 90+2 Икарди.
Интер – Ҳанданович, Врсалько, де Врей, Шкриньяр, Асамоа, Весино, Брозович, Политано (Кандрева, 82), Наингголан (Валеро, 30), Перишич (Кейта Бальде, 70), Икарди.
Милан – Доннарумма, Калабрия (Абате, 90), Мусаккьо, Романьоли, Родригес, Кессиэ (Бакайоко, 84), Биглия, Бонавентура, Сусо, Игуаин, Чалҳанўғли (Кутроне, 74).
Огоҳлантиришлар: Биглия (20), Чалҳанўғли (44), Калабрия (45), Сусо (61), Политано (75), Бакайоко (90), Кейта Бальде (90).

«НАПОЛИ» ЙИРИК ҲИСОБДА ЗАФАР ҚУЧДИ 

«Наполи» сафарда «Удинезе» билан ўйнади ва 3:0 ҳисобидаги йирик ғалабани қўлга киритди. Неаполликлар ўйинда ташаббусга эга бўлиб, яратилган вазиятлардан унумли фойдалана олишди. Фабиан Руис, Мертенс ва Рог голлари Анчелотти шогирдларига ишончли ғалабани келтирди. Бу натижадан сўнг, «Наполи» 21 очко жамғариб, пешқадам «Ювентус»дан 4 очко ортда қолган ҳолда, 2-ўринда бормоқда. 

Ўйиндан кейин, ғолиблар бош мураббийи Карло Анчелотти қуйидаги фикрларини айтиб ўтди: «Бу жуда кескин ўйин бўлди, қайсидир маънода кураш десак ҳам бўлади. Биз муҳим ғалабани қўлга киритдик. Олдинда бизни «ПСЖ» клубига қарши баҳс кутмоқда. Плей-оффга чиқиш учун ҳал қилувчи ўйин десак ҳам бўлаверади».

Удинезе – Наполи 0:3 (0:1, 0:2)
Голлар: 0:1 – 14 Фабиан Руис, 0:2 – 82, пенальти Мертенс, 0:3 – 85 Рог.

«РОМА» КУТИЛМАГАНДА ЎЗ МАЙДОНИДА ЮТҚАЗДИ

«Рома» клуби ўз майдонида СПАЛ билан беллашиб, 0:2 ҳисобида ютқазди. Жамоа ҳали ҳам ўз ўйинини тополмаётгани кўзга ташланиб турди. Римликлар ўйинда ташаббусга эга бўлсалар-да, вазиятлардан унумли фойдалана олмадилар. СПАЛ эса ўз имкониятларини кўкка совурмади ва 2та гол уриб, шов-шувли ғалабага эришди. Бу натижадан сўнг, «Рома» 14 очко билан 7-ўринга тушиб қолди.

Беллашувдан сўнг, римликлар устози Эусебио Ди Франческо мағлубият сабабларини айтди: «Пенальти ҳамма нарсани ўзгартириб юборди. Бунгача СПАЛ дарвозамизга бирорта зарба беролмади. Биз эса жуда шошилдик. Жеко жуда яхши вазиятларга эга бўлган эди. Аммо биз унинг жисмоний ҳолати маромида эмаслигини баҳона қилмаслигимиз лозим».

Рома – СПАЛ 0:2 (0:1, 0:1)
Голлар: 0:1 – 38, пенальти Петанья, 0:2 – 56 Бонифаци.

А СЕРИЯ 9-ТУР НАТИЖАЛАРИ
20 октябрь
Рома – СПАЛ 0:2 (0:1, 0:1)
Голлар: 0:1 – 38, пенальти Петанья, 0:2 – 56 Бонифаци.
Ювентус – Женоа 1:1 (1:0, 0:1)
Голлар: 1:0 – 18 Роналду, 1:1 – 67 Бесса.
Удинезе – Наполи 0:3 (0:1, 0:2)
Голлар: 0:1 – 14 Фабиан Руис, 0:2 – 82, пенальти Мертенс, 0:3 – 85 Рог.

21 октябрь
Фрозиноне – Эмполи 3:3 (1:1, 2:2)
Голлар: 1:0 – 8, автогол Сильвестре, 1:1 – 32 Зайц, 1:2 – 48 Сильвестре, 2:2 – 54, пенальти Чиофани, 3:2 – 63 Чиофани, 3:3 – 79 Учан.
Парма – Лацио 0:2 (0:0, 0:2)
Голлар: 0:1 – 81, пенальти Иммобиле, 0:2 – 90 Корреа.
Кьево – Аталанта 1:5 (0:2, 1:3)
Голлар: 0:1 – 25 де Рон, 0:2 – 28 Иличич, 0:3 – 50 Иличич, 0:4 – 52 Иличич, 0:5 – 72 Госенс, 1:5 – 84, пенальти Бирса.
Болонья – Торино 2:2 (0:1, 2:1)
Голлар: 0:1 – 13 Яго Фальке, 0:2 – 54 Базелли, 1:2 – 59 Сантандер, 2:2 – 77 Калабрези.
Фиорентина – Кальяри 1:1 (0:0, 1:1)
Голлар: 1:0 – 60, пенальти Верету, 1:1 – 69 Паволетти.
Интер – Милан 1:0 (0:0, 1:0)
Гол: 1:0 – 90+2 Икарди.

22 октябрь
Сампдория – Сассуоло

А СЕРИЯ ЖАДВАЛИ

А СЕРИЯ ТЎПУРАРЛАРИ
9 - Кшиштоф Пёнтек (Женоа)
6 - Чиро Иммобиле (Лацио, 1), Лоренцо Инсинье (Наполи)
5 - Криштиану Роналду (Ювентус), Грегоре Дефрель (Сампдория)
4 - Леонардо Паволетти (Кальяри), Родриго Де Пауль (Удинезе, 1), Марио Манжукич (Ювентус), Гонсало Игуаин (Милан), Мауро Икарди (Интер, 1)

А СЕРИЯ НАВБАТДАГИ ТУР ЎЙИНЛАРИ
27 октябрь

Аталанта - Парма
Эмполи - Ювентус
Торино - Фиорентина

28 октябрь
Сассуоло - Болонья
Женоа - Удинезе
Кальяри - Кьево
СПАЛ - Фрозиноне
Милан - Сампдория
Наполи - Рома

29 октябрь
Лацио - Интер

РОНАЛДУ ТОП-5 ЛИГАЛАР РЕКОРДЧИСИГА АЙЛАНДИ

«Ювентус» ҳужумчиси Криштиану Роналду А Серия 9-туридан ўрин олган «Женоа»га (1:1) қарши ўйинда гол урди.

Бу 33 ёшли португалияликнинг клублар даражасидаги 400-голи бўлди. Роналду шундан 84тасини «Манчестер Юнайтед», 311тасини «Реал» ва 5тасини «Ювентус» таркибида урган. Роналду Европанинг топ-5 лигалари ичида бундай кўрсаткичга эришган илк футболчи бўлди.

Иккинчи ўринда «Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси (388та гол) боряпти. Ундан кейинги ўринларни Жимми Гривз (366), Герд Мюллер (365), Стив Блумер (317) ва Дикси Дин (310) эгаллаб турибди.

«МИЛАН» МОЛИЯВИЙ МУАММОЛАР ГИРДОБИДА

«Милан» клуби 2017-2018 молиявий йилини ўз тарихидаги энг ёмон кўрсаткич билан якунлади. «Қизил-қоралар»нинг умумий зарари 126 миллион еврони ташкил қилди. Бунга асосий сабаб - 2017 йил ёзида амалга оширилган жуда катта трансфер компанияси бўлди. «Милан» футболчиларни харид қилишга 200 миллион евродан ортиқ маблағ сарфлаган эди.

Энди клуб молиявий фэйр-плейга амал қилмагани учун УЕФА томонидан жаримага тортилиши, еврокубоклардан четлатилиши ёки еврокубок қайдномасига киритиладиган футболчиларининг рўйхати қисқартирилиши мумкин. 

«РОМА» БОШ МУРАББИЙИ ИСТЕЪФОГА ЧИҚАРИЛИШИ МУМКИН

«Рома» бош мураббийи Эусебио Ди Франческо яқин орада ишдан бўшатилиши мумкин.

Клуб президенти Жеймс Паллотта СПАЛ (0:2) клубидан учралган мағлубиятдан сўнг, мутахассисни зудлик билан истеъфога чиқариб юбормоқчи бўлган. Аммо, ёрдамчиси Франко Бальдини маслаҳатига кўра, қарорини 4та ўйинга кечиктирган.

Энди Ди Франческо Чемпионлар Лигасидан ўрин олган ЦСКА клубига қарши уй ва сафар ўйинларида, шунингдек, «Наполи» ва «Фиорентина»га қарши баҳсларда 100% очко тўпламаса, ишсиз қолади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид