Давлат идоралари, энг аввало, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият ваколатли органларнинг бепарволиги сабабли, уй-жойга эга бўлиш ва қуришнинг қонуний механизмлари мавжуд бўлишига қарамасдан минглаб фуқаролар кўп йиллар давомида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида уй-жойларни ноқонуний барпо этишган, деб хабар бермоқда Давлат хизматлари агентлиги Facebook’даги саҳифасида.

Ҳозирги кунда бу масала бутун республика бўйича оммавий тус олиб, уй-жой учун зарур ҳужжатларнинг мавжуд эмаслиги туфайли аҳоли ўртасида бошқа ижтимоий муаммоларни келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Масалан, ҳақиқатдан ҳам яшаб турган жойида рўйхатдан ўтиш, мулк ҳуқуқига эга бўлиш ва уни амалга ошириш имконияти мавжуд эмаслигига олиб келди.

Умумий қилиб олганда, мазкур масала бўйича президентнинг Виртуал қабулхонасига ҳамда депутатлар, сенаторлар, давлат ҳокимияти вакиллари томонидан ўтказилган сайёр қабулларда 8 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган.

Уларни ечимини топиш мақсадида, президент фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори имзоланган. Унга кўра, 2019 йил 1 майга қадар фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида ёки тегишли рухсатсиз қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси эълон қилинди. Ижро этиш учун эса, мансабдор органлар вакиллари қамраб олинган махсус комиссия шакллантирилди.

Жараённи ким сустлаштиряпти?

Ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойга мулк ҳуқуқини берувчи қарорни олиш учун махсус комиссия тузилган бўлиб, унинг аъзолари ўртасида ахборот алмашиш учун идоралараро электрон ҳамкорлик тизими — Кадастр 2.0 орқали йўлга қўйилган. Аслида, бу — фуқароларнинг мурожаатлари ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши учун жорий этилган эди.

Фуқаро туман ёки шаҳар Давлат хизматлари марказига ариза билан мурожаат этиши билан, унинг ҳаракати тўхтаб, ҳужжатлар электрон ҳаракатланишни бошлаши, ишчи гуруҳ томонидан масала ҳал этилгач, тайёр ҳужжатлар яна электрон шаклда Давлат хизматлари марказига келиб тушиши, фуқаро эса белгиланган суммани тўлаб, давлат органлари фаолиятидан рози бўлиб, тайёр ҳужжатларни олиб чиқиб кетиши лозим эди.