Спорт | 15:26 / 24.10.2018
20973
20 дақиқада ўқилади

Роналдунинг Манчестердаги ғалабали қайтиши. ЕЧЛда 3-тур натижалари

23 октябрь оқшомида Европа Чемпионлар лигасида «E», «F», «G» ва «H» гуруҳларида 3-тур учрашувлари ўтказилди. Криштианунинг Манчестерга қайтиши ва оқшомнинг бошқа воқеалари келтирилади.

Ишончли «Бавария» ва иродали «Аякс»

E гуруҳи
АЕК – «Бавария» – 0:2
Голлар: 0:1 – 61 Мартинес, 0:2 – 63 Левандовски.
АЕК – Баркас, Бакакис, Ламбропулос, Чигринский, Хульт, Галанопулос (Родриго Гало, 84), Симойнш, Манталос (Алеф, 76), Клонаридис (Бойе, 64), Бакасетас, Понсе.
Бавария – Нойер, Киммих, Зюле, Хуммельс, Рафинья, Хамес (Горетцка, 62), Мартинес, Алькантара, Роббен, Левандовски (Вагнер, 84), Гнабри (Мюллер, 75).

«Бавария» бош мураббийи Нико Ковач учун ҳозир ҳар бир ўйин минали майдонда кечмоқда. Биргина хато унинг жамоадаги тақдирини ҳал қилиб қўйиши мумкин. Хорватиялик мутахассисни Арсен Венгернинг сояси таъқиб этмоқда. Шу туфайли, Афинага, Греция чемпиони ва гуруҳи аутсайдери бўлмиш АЕК жамоасига қарши ўйинга жамоа жиддий тайёргарлик кўриб келганди.

Мюнхенликлар ҳеч қачон Грецияда мағлубиятга учрашмаган, жамоанинг бу сафарги Элладага ташрифи ҳисоб бўйича ўнинчиси бўлди (+8=2). Биринчи бўлимда «Бавария» тўла устунликка эришган бўлсада, ҳисоб очилмади. Майдон эгалари бир соат чидаб беришди, кейин эса жамоа нокаутга учратилди.

61-дақиқада жарима майдонида турган Хави Мартинесга тўп ноқулай тарзда келган бўлсада, у тўпни дарвоза тўрига жойлашни амаллади.

Икки дақиқа ўтиб эса меҳмонларнинг штатдаги снайпери Левандовски ҳисобдаги устунликни оширди. 

 

Нойер қаторасига иккинчи сафар ўйинида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди, у 5 йилдан буён Мюнхен жамоасида бундай натижага эриша олмай келаётганди. Мануэл учун бу «Бавария» сафида 76-еврокубок ўйини бўлди, у энди бу борада клуб афсонаси Зепп Майер билан тенглашиб олди.

«Аякс» – «Бенфика» – 1:0
Гол: 1:0 – 90+2 Мазрауи.
Аякс – Онана, Мазравий, де Лигт, Блинд, Тальяфико, ван де Бек (Нерес, 88), Шене, де Йонг, Зиеш, Дольберг, Тадич.
Бенфика – Влаходимос, Андре Алмейда, Конти, Жардел, Гримальдо, Сальвио, Жедсон Фернандеш, Фейса, Пицци (Пирес, 79), Рафа Силва (Серви, 90), Сеферович.
Огоҳлантиришлар: Жардел (9), Мазрауи (22), Онана (39), Тальяфико (49), Конти (64), Сальвио (72), Сеферович (86).

Амстердамдаги ўйиннинг биринчи бўлимида баҳсли вазият юзага келди. Бўлим охирида ҳакам Каспер Дольбергнинг голини инобатга олмади. Чемпионлар лигасида видеотакрордан фойдаланиш тизими йўқ, аммо голни аниқлаш тизими тўп дарвоза чизиғини тўлиқ кесиб ўтмаганини кўрсатди.

Иккинчи бўлимда Влаходимос ван де Бекнинг қайтариб бўлмас зарбасини қайтарди ва жамоани муқаррар голдан қутқарди. Аммо унинг мўъжизакорлик хусусияти ўйиннинг охирги дақиқаларда йўқ бўлиб қолди. Ўйиннинг охирги дақиқаларида майдонга туширилган Давид Нереснинг юришидан кейин тўп зарба бериш учун қулай нуқтада турган Нуссайр Мазравийга келиб тушди ва у жарима майдони ташқарисидан туриб тўпни меҳмонлар дарвозаси томон йўллади, тўп рикошет орқали дарвоза тўридан жой олди.

«Аякс» охирги марта 13 йил муқаддам Чемпионлар лигасида қўшиб берилган дақиқаларда ғалаба голини урганди. Нидерланд жамоаси ЕЧЛнинг 3 туридан кейин 7 очко жамғариши охирги марта 2006 йили кузатилганди, ўшанда ПСВ омадли старт қайд этганди.

Энди Эрик тен Хаагнинг камтаргина жамоаси турнир жадвалида биринчи ўринни эгаллаб турибди ва гуруҳдан чиқиш учун жуда яхши имконият ҳосил қилган.

Зинсҳаймдаги ақлсизлик

F гуруҳи
«Ҳоффенҳайм» – «Лион» – 3:3
Голлар: 0:1 – 26 Траоре, 1:1 – 32 Крамарич, 2:1 – 47 Крамарич, 2:2 – 59 Ндомбеле, 2:3 – 67 Депай, 3:3 – 90 Жоэлинтон.
Ҳоффенҳайм – Бауманн, Акпогума, Фогт, Бичакчич (Нелсон, 73), Кадержабек, Гриллич, Демирбай, Шульц, Бельфодиль (Цубер, 81), Салаи (Жоэлинтон, 60), Крамарич.
Лион – Антони Лопеш, Тете, Марсело, Денайер, Менди, Ндомбеле, Тузар, Ауар, Траоре (Диоп, 90), Депай (Дембеле, 81), Терье (Ферри, 82).
Огоҳлантиришлар: Тете (86), Демирбай (90).

«Ҳоффенҳайм» зериктирмайди. «Лион»га қарши ўйин Юлиан Нагельсман жамоасининг навбатдаги қувноқ ўйини бўлди. Ўйинда жами 6та гол урилди.

«Лион» бош мураббийи Брюно Женезьо жамоасини прагматизмга ўргатгани кўриниб турибди. Биринчи турда Манчестерда ҳам шундай бўлганди, Зинсҳаймдаги учрашувда ҳам шундай бўлди. «Қишлоқилар» жамоаси кетма-кет ҳужум қилди, голларни эса рақиб хатосини кутиб пайт пойлаган меҳмонлар уришди.

Биринчи бўлимда мезбонлар жуда кўп хавфли вазиятлар яратишди ва рақиб дарвозаси томон 12 бор зарба беришди. Аммо 26-дақиқада дарвозабон Оливер Бауман ўз дарвозаси олдидан ҳужум бошлай туриб, ҳимоячи Кевин Фогтга ноқулай пас узатди. Аммо тўпга Бертран Траоре эга чиқиб, ҳисобни очди.

Ҳисоб 2:1 бўлиб турганида Бауман оддий зарбани ўтказиб юборди. «Лион»нинг учинчи голи урилган вазиятда Кевин Акпогума қўпол хатога йўл қўйди ва Мемфис Депай Бауман билан яккама-якка вазиятга чиқиб кетди.

Андрей Крамаричнинг дубли «Ҳоффенҳайм»га дуранг ҳам келтирмаётганди, ўйиннинг охирги дақиқаларида Жоэлитон учинчи голни уришга эришди. Шу билан бирга ҳакам бир вазиятда «Лион» дарвозаси томон пенальти бермади, бу вазиятда тўп Жейсон Денайрнинг қўлига теккан, пенальти бор эди.

«Шахтёр» – «Манчестер Сити» – 0:3
Голлар: 0:1 – 30 Сильва, 0:2 – 35 Лапорт, 0:3 – 70 Бернарду Силва.
Шахтёр – Пятов, Матвиенко, Кривцов, Ракицкий, Исмаили, Степаненко, Майкон, Веллингтон Нем (Болбат, 69), Коваленко (Алан Патрик, 62), Фернандо Педро (Дентиньо, 84), Мораес.
Манчестер Сити –    Эдерсон, Стоунз (Уокер, 80), Отаменди, Лапорт, Менди, де Брюйне (Бернарду Силва, 69), Фернандиньо, Сильва, Маҳрез, Габриэл Жезус (Фоден, 87), Стерлинг.
Огоҳлантиришлар: Кривцов (87), Отаменди (90).

Бу жамоаларнинг Харьковда кечган охирги ўйинида иштиёқсиз «Манчестер Сити» мағлуб бўлганди (ўтган мавсумда 6-тур арафасида Гвардиола шогирдлари гуруҳдаги биринчи ўрин масаласини ҳал қилиб бўлишганди). Бу «шаҳарликлар» жамоасининг 20 ўйин давом этган ғалабали серияси якуни бўлганди. Шундан кейин «кончилар» устози Пауло Фонсека ваъдасига амал қилиб, ўйиндан кейинги матбуот анжуманига Зорро қиёфасида кириб келганди.

Энди Гвардиола ва Фонсека яна учрашмоқда. Аммо ҳозирга келиб украинлар жамоасини кимлардир тарк этган, Тайсон ва Марлос эса жароҳатда. Қолаверса, бу мавсумда «Лион»нинг биринчи турда Манчестердаги кутилмаган ғалабаси инглизларни ҳар бир ўйинга мотивация билан тушишга мажбур қилмоқда. Биринчи бўлим ўрталарида Маҳрезнинг зарбаси муваффақиятсиз чиққанида тўпга биринчи бўлиб Давид Сильва етиб келди ва ҳисобни очди.

Кўп ўтмасдан бурчак зарбаси амалга оширилганида Ляпорт жамоаси устунлигини иккитага оширди. «Шахтёр» ўз тарихида илк марта ўз уйида инглиз клубига мағлуб бўлиши аён бўлиб қолди. Бунгача «кончилар» ўз майдонида Англиядан келган жамоаларга қарши ўйинларда 5 ғалабага эришиб, 2 бор дуранг қайд этганди. 

Дастлабки икки голда ҳам жароҳатдан кейин сафга қайтган Кевин де Брюйне иштирок этди.

Бельгиялик футболчи ўрнига иккинчи бўлимда майдонга туширилган Бернарду Силва эса ўзи гол урди.

Бензема ван Нистелройдан ўзиб кетди

G гуруҳи
«Реал» - «Виктория» Пл – 2:1
Голлар: 1:0 – 11 Бензема, 2:0 – 55 Марсело, 2:1 – 78 Грошовски.
Реал Мадрид – Навас, Васкес, Начо, Рамос, Марсело, Модрич, Каземиро, Кроос, Бэйл (Асенсио, 75), Бензема (Диас, 88), Иско (Вальверде, 54).
Виктория Пльзень – Грушка, Ржезник, Гейда, Губник, Лимберски, Прохазка (Горшава, 65), Грошовски, Гавел (Экпай, 76), Чермак, Петржела (Ржезничек, 86), Крменчик.
Огоҳлантиришлар:  Лимберски (27), Иско (32), Кроос (59), Рамос (90).

Амалдаги чемпионлар ўзлари томон билдирилаётган танқидларга чек қўйиш учун «Виктория»ни йирик ҳисобда мағлуб этишлари керак эди. Амалда ҳам барчаси Хулен Лопетеги сценарийси остида бошланди. 11-дақиқадаёқ Карим Бензема ҳисобни очди. Лукас Васкеснинг қанотдан идеал узатмасини франциялик ҳужумчи боши билан дарвозага жойлади. Бу гол Бенземанинг Чемпионлар лигасидаги 57-голи бўлди. Энди у турнир тарихидаги энг яхши тўпурарлар рўйхатида «Реал»нинг собиқ ҳужумчиси Руд ван Нистелройни ортда қолдирган ҳолда тўртинчи ўринни мустаҳкамлади. Қолаверса, бу унинг қаторасига 14-мавсумда Чемпионлар лигасида гол уриши бўлди ва бу орқали у Лионель Месси ҳамда Рауль Гонсалеснинг рекордини такрорлади.

Бу ўйинда «Реал» 22 сентябрдан буён илк марта ҳисобда олдинга чиқиб олиши кузатилди. Мадрид жамоаси буни 461 дақиқа кутди. Аммо жамоа бу устунликни йўқотишига бир бахя қолди, фақат Грошовски бўш қолган дарвозани ишғол эта олмади. Иккинчи бўлимда Марселонинг парашют услубидаги голи жамоага хотиржамлик келтирди. Бразилиялик ҳимоячи эса бир календар йилида ЕЧЛда тўртинчи голини урди. Бу борада ундан яхшироқ кўрсаткич 2000 йилда мадридликларнинг собиқ ҳимоячиси Роберто Карлос ҳамда 1994 йилда «Барселона»нинг собиқ ҳимоячиси Роналд Куман томонидан қайд этилганди. Улар бир календар йилида ЕЧЛда 5тадан гол уришган.

«Реал» ҳимоядаги бундай ўйини билан гол ўтказмаслиги мумкин эмасди, 78-дақиқада Грошовски барибир мақсадига эришди, лекин мадридликлар ҳар қалай ғалабани сақлаб қололди. Жамоа 5 учрашувдан иборат ғалабасиз сериясига барҳам берди, аммо «Реал» мухлисларига бундай ғалаба ёқмагани аниқ. Лопетеги ўзини оқлай олмади, Мадрид Жозе Моуриньонинг қайтишини кутмоқда.

«Рома» - ЦСКА 3:0
Голлар: 1:0 – 30 Джеко, 2:0 – 43 Джеко, 3:0 – 50 Ундер.
Рома – Ольсен, Флоренци, Манолас, Фасио, Сантон, де Росси (Шик, 81), Нзонзи, Ундер (Коларов, 73), Пеллегрини (Кристанте, 68), Эль-Шаарави, Джеко.
ЦСКА – Помазун, Фернандес, Чернов (Хосонов, 57), Родриго Бекао, Магнуссон, Набабкин, Влашич, Ахметов, Обляков (Дзагоев, 57), Сигурдссон, Чалов (Нисимура, 90).
Огоҳлантиришлар: Набабкин (71), Сигурдссон (88).

Римга дисквалификациядаги Игорь Акинфеевсиз ташриф буюрган москваликлар иложсиз қолишди. Ёш дарвозабон Помазун ишончни оқлай олмади. Эдин Жеко учта голда ҳам иштирок этди, аввал ўзи иккита гол урди, кейин ёш жамоадоши Чингиз Ундерни голли пас билан таъминлади. 

Энди ўтган турда «Реал»ни енгган ЦСКА биринчи ўриндан учинчи ўринга тушиб қолди. 

Моуриньонинг Туринга қарши уруши

H гуруҳи
«Манчестер Юнайтед» – «Ювентус» 0:1
Гол: 0:1 – 17 Дибала.
Манчестер Юнайтед – Де Хеа, Янг, Смоллинг, Линделеф, Шоу, Матич, Погба, Рэшфорд, Мата, Марсиял, Лукаку.
Ювентус – Шченсни, Жоау Канселу (Дуглас Коста, 87), Бонуччи, Кьеллини, Алекс Сандро, Куадрадо (Бардзальи, 81), Бентанкур, Пьянич, Матюиди, Дибала (Бернардески, 78), Роналду.
Огоҳлантиришлар: Матюиди (59), Янг (77), Кьеллини (82).

Роналдунинг қайтиши
Роналду «Манчестер Юнайтед»ни 2009 йилда тарк этганди. Кейинги 9 йил давомида у бир марта «Олд Траффорд»да ўйнади. 2013 йилнинг мартида ЕЧЛ нимчорак финали доирасидаги жавоб учрашуви можаро билан эсда қолган. Ўшанда туркиялик ҳакам Жунайт Чақир Нанини тушунарсиз ҳолатда майдондан четлатган, сондаги устунликдан фойдаланган мадридликлар иккита гол уришган, голлардан бири Криштиану Роналду ҳисобига ёзилган. Биринчи ўйинда «Реал» 1:1 ҳисобида дуранг қайд этганди (ўшанда ҳам голни Роналду урган), натижада «Қироллик клуби» чорак финалга йўл олган, якунда Чемпионлар лигаси кубогини қўлга киритган.

Жозе - пиёда юриш ишқибози
Барча афсоналар ва оддий футболчилар бу ўйинга кечикишди. Ўтган турда тирбандликлар туфайли «Валенсия»га қарши ўйин бошланишига фақат 30 дақиқа қолганида «Олд Траффорд»га етиб келган «МЮ» УЕФА томонидан жаримага тортилганди. Шундан кейин, инглизлар навбатдаги ўйин арафасида стадион яқинидаги меҳмонхонага жойлашишди. Аммо барибир жамоа яна ўша тирбандликлар туфайли ўйин бошланишига 45 дақиқа қолганида стадионга етиб келди, бу сафар бош мураббийсиз.

Португалиялик мутахассис кечки сайрга чиққанди. 

«Биз меҳмонхонани алмаштирдик, у стадионга жуда яқин масофада жойлашган. Мен фанатлар орасида юриб келдим, ҳеч ким танимади. Мен икки дақиқада келдим, футболчилар эса автобусда роса 45 дақиқа юришди», деди ўйиндан кейин мураббий.

Аммо фанатлардан бири уни таниб қолгани маълум бўлди.

Кумир учун югуриш
Погба Роналду ва Моуриньо соясида қолиб кетди. Ҳолбуки, у ҳам собиқ жамоасига қарши майдонга тушганди. Моуриньо АПЛнинг ўтган турида «Челси»га қарши ўйнаган таркибни ўзгартирмади. «Юве» бош мураббийи Массимилиано Аллегри Манжукич ва Хедирага дам берди, Бернардески ва Дуглас Коста ҳам захирада қолдирилди.

Аммо асосийси, Роналду майдонда эди. Уни яқиндан кўриш учун фанатлардан бири майдонга тушиб кетди. Бу вақтда «МЮ» жарима зарбасини ижро этишга чоғланаётганди, мухлис кумирига ета олмади, аммо португалиялик футболчи стюардлар томонидан тўхтатилган мухлиси олдига келиб, унга қўл ташлади.

Дибаланинг голи ва Погбанинг омадсизлиги
Роналду биринчи бўлимда яхши ўйнади ва голда иштирок этди. Қанотда Люк Шоудан тезроқ югурган португалиялик футболчи тўпни жарима майдони томон узатди, Смоллингга қарши тўп учун курашда устун келган Куардадо уни орқароқда турган Дибалага ташлаб берди ва Давид де Хеа ожиз қолдирилди. Энди аргентиналик ҳужумчи «МЮ»га гол урган «Ювентус» афсоналари қаторида: Зидан, Дель Пьеро, Конте ва Недвед.

«МЮ» камдан-кам ҳужумга чиқди, биринчи бўлимда меҳмонлар тўпга эгалик қилиш бўйича 70га 30 нисбатида устунлик қилишди. Кўплаб ҳужумлар уюштирилди, де Хеа голдан сақлайверди. Вазиятлардан бирида у шедевр сэйвни амалга оширди, Роналдунинг узоқдан дарвозанинг юқори бурчагига йўллаган зарбасини бармоқлари учлари билан бартараф этди.

Моуриньо ҳеч нарсани ўзгартирмади, 90 дақиқа давомида битта ҳам ўзгартириш қилмади ва мўъжиза содир бўлишини кутди. Бунга яқин ҳам келинганди, аммо 75-дақиқада Погбанинг узоқ масофадан йўллаган зарбаси аввал устунга тегди ва тўпга кеч отилган Шенснининг боши орқали майдон ташқарисига чиқиб кетди.

«Ювентус» навбатдаги ғалабага эришди, Роналду «Олд Траффорд»да ғалабали қайтишини амалга оширди.

«Янг Бойз» – «Валенсия» 1:1
Голлар: 0:1 – 26 Батшуайи, 1:1 – 55, пенальти Оаро.
Янг Бойз – Вельфли, Мбабу, Лаупер, фон Берген, Бенито, Сулеймани (Нгамале, 74), Соу, Саного, Фасснахт (Бертоне, 85), Ассале, Оаро (Нсаме, 79).
Валенсия – Нето, Пиччини, Габриэл, Диакаби, Гайя, Солер, Парехо, Кондогбиа (Коклен, 70), Ферран Торрес (Гамейро, 67), Родриго, Батшуайи.
Огоҳлантиришлар: Габриэл (8), Мбабу (42), Солер (77).

«Валенсия» Швейцарияда Денис Черишевсиз ўйнади. У терма жамоадалигида жароҳат олган, шу туфайли Примера доирасида «Леганес»га қарши ўйинда атиги 15 дақиқа майдонда бўлган.

«Валенсия» ўнг қанотдан ўйин қилди ва бу ўз самарасини берди, Карлос Солер Миши Батшуайини дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқарди. Бу «кўршапалаклар» жамоасининг ЕЧЛнинг жорий мавсумидаги илк голи бўлди. «Янг Бойз» эса шу вақтгача ЕЧЛда гол урмаганди. Иккинчи бўлимда ҳакам Дани Парехо қўполлик ишлатди деб топди ва пенальти белгилади, мезбонларнинг франциялик тажрибали ҳужумчиси Гийом Оаро ўз имкониятидан унумли фойдаланди. Бу «Янг Бойз» учун тарихий голга айланди.

Испанлар бу ўйинда ютқазиши ҳам мумкин эди, аммо Нету охирги дақиқаларда бармоқлари учи билан тўпга тегиб, у дарвоза тўрига эмас, устунга тегишини таъминлади.

Мавзуга оид