Англия: «Ливерпул»да инқироз давом этмоқда

«Ливерпул» – «Манчестер Юнайтед» 1:2
Голлар: Мбемо, 2 (0:1). Гакпо, 78 (1:1). Магуайр, 84 (1:2)
«Ливерпул»: Мамардашвили, ван Дейк, Конате, Керкез, Брэдли (Вирц, 62), Макаллистер (Жонс, 62), Гравенберҳ (Экитике, 62), Собослаи, Гакпо, Салоҳ (Фримпонг, 85), Исак (Киеза, 72)
«Манчестер Юнайтед»: Ламменс, Магуайр, Шоу (Йоро, 85), де Лиҳт, Бруну Фернандеш (Майну, 85), Каземиро (Доргу, 59), Далот, Диалло (Угарте, 59), Маунт (Шешко, 61), Мбемо, Куня
Огоҳлантиришлар: Диалло, 52. Каземиро, 57

Сўнгги йилларда «Ливерпул» ва «Манчестер Юнайтед» даражаси ўртасида катта фарқ юзага келган. Шу билан бирга, ўзаро ўйинларда мерсисайдликлар мунтазам равишда очко йўқотиб келишмоқда. Яна шундай тенденция кузатилмоқдаки, Рубен Аморим даврида «МЮ» топ рақибларга қарши кучли тайёрланиб, натижага эришмоқда. Бу сафар ҳам «Энфилд»даги ўйиндан олдин мезбонлар яққол фаворит эди, аммо меҳмонлар яна бир бор барчани ҳайрон қолдиришди.

Футболчилар ҳали муҳитни ҳис қилиб улгурмасидан «Ливерпул» гол ўтказиб юборди. 62-сониядаёқ Амад Диалло Брайан Мбеумони голли пас билан таъминлади, футболчи жарима майдонига ёриб кирди ва яқин масофадан йўллаган зарбаси билан Георгий Мамардашвилига имкон қолдирмади.

Мавсум арафасида Мбеумо ва Диаллога майдонда бир вақтнинг ўзида жой топиб бериш муаммоси кўп муҳокама қилинганди. Аммо улар биргаликда яхши ҳаракат қилишмоқда. Бир неча дақиқа ўтиб ивуарлик футболчи яна бир ассист муаллифи бўлиши мумкин эди, аммо Бруну Фернандеш қулай позициядан яхши зарба бера олмади.

«Ливерпул» эса биринчи бўлимда «МЮ» билан тенгма-тенг курашди. Жамоанинг янги футболчилари, ҳали яхши спорт формасига кира олмаётган Флориан Вирц ва Жереми Фримпонг захира ўриндиғида қолганди, аммо Александер Исак бошланғич таркибдан ўрин олди. Швециялик ҳужумчи бу ўйинда ҳам жамоадан узилиб қолди. У олдинги спорт формасига қайтиши учун кўпроқ вақт талаб қилинмоқда. Муҳаммад Салоҳ ҳақида ҳам шу гапни айтиш мумкин, мисрлик ҳужумчи кетма-кет вазиятларни кўкка совурмоқда. Айниқса 65-дақиқадаги вазиятда яқин масофадан туриб аниқ зарба йўллай олмагани мухлисларнинг ҳафсаласини пир қилди.

Коди Гакпо эса жамоадаги энг яхшилардан бири бўлиб турибди. Аммо шу куни унга омад етишмади. Нидерландиялик вингернинг уч зарбаси дарвоза устунига борди. АПЛ тарихида фақат мерсисайдликларнинг собиқ ҳужумчиси Дарвин Нунес (тўрт) бир ўйинда устун ва тўсинни бундан кўпроқ пойлаган.