Англия: фаворитлардан фақат «Сити»да ғалаба

«Брентфорд» – «Манчестер Юнайтед» 1:3
Голлар: Тиаго, 8 (1:0). Тиаго, 20 (2:0). Шешко, 26 (2:1). Йенсен, 90+5 (3:1)
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Бруну Фернандеш, 76’
«Брентфорд»: Келлеҳер, ван дер Берг, Коллинз, Ҳики (Ҳенри, 75), Кайоде, Ҳендерсон (Онека, 81), Ярмолюк, Дамсгор (Янелт, 81), Шаде, Уаттара (Люис-Поттер, 75), Тиаго (Йенсен, 90)
«Манчестер Юнайтед»: Алтай Байиндир, Магуайр (Йоро, 66), Шоу (Маунт, 81), де Лиҳт, Бруну Фернандеш, Угарте (Майну, 66), Доргу (Зиркзе, 85), Далот, Куня, Мбемо, Шешко
Огоҳлантиришлар: Коллинз, 72. Шаде, 80 – Бруну Фернандеш, 55. Доргу, 84

Турни шу куни ўзига хос бўлмаган қора-сариқ рангли формада майдонга тушган «МЮ» очиб берди. Клуб бу рангларда 90-йиллар бошларида, ўз тарихида илк бор кетма-кет икки чемпионликка эришган даврида ўйнаган. Аммо бу ҳам жамоага ёрдам бермади ва ўйин стартидаёқ тезкор гол ўтказиб юборилди. Ҳужумда тўп йўқотилгач, Ҳендерсон ўз жамоаси жарима майдони яқинида туриб узун пас узатди, Магуайр сунъий офсайд ҳолати юзага келтиришга улгурмади ва тўпни бошда ўзига бўйсундириб олган Игор Тиаго кучли зарба билан яқин «тўққизлик»ни нишонга олди.

Кейинроқ бир неча ажойиб сейвлар амалга оширган Байиндирда бу вазиятда имконият йўқ эди. Кўп ўтмай Тиаго қайтган тўпни дарвозага киритиб юбориб, дублини расмийлаштирганида ҳам.

20-дақиқага келиб икки гол фарқи билан ортда қола бошлаган меҳмонларда ҳеч қандай имконият қолмагандек кўринганди. Аммо «қизил иблислар» тезда ўзига келишди ва ҳисобни қисқартиришди. Қарши ҳужумда Патрик Доргу тўпни жарима майдонига етказиб берганида, тартибсизлик юзага келди ва «МЮ»нинг ёздаги харидларидан бири Бенямин Шешко учинчи уринишда тўпни дарвозага йўллаб, дебют голини нишонлади.

Иккинчи бўлим бошида «Брентфорд» яна рақибдан яхшироқ бошлади ва кетма-кет ҳужумлар уюштирди. Лекин гол кўпроқ меҳмонларга зарур эди ва Рубен Аморим 66-дақиқада иккиталик алмаштириш амалга оширди. Лени Йоро шу куни юқори ҳимоя чизиғида яхши ҳаракатлана олмаган Магуайрнинг ўрнига тушди. Таянч яримҳимоячиси Мануэл Угарте эса ҳужум вакили Кобби Майнуга ўрнини бўшатиб берди.

Шу куни мезбон мухлислар томонидан ҳуштакбозликка учраган Брайан Мбемо 76-дақиқада «МЮ» учун пеналти ишлади. VAR бу эпизодни Нейтан Коллинзни майдондан четлатиш эҳтимоли бўйича жиддий кўриб чиқди, аммо футболчига кўрсатилган сариқ карточка етарли деб топилди.