Ўзбекистон | 22:01 / 24.10.2018
19215
2 дақиқада ўқилади

Тезликни оширманг, Самарқанд йўлларида фоторадарлар ишламоқда!

Самарқанд вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг маълумотларига кўра, жорий йилнинг 9 ойида вилоят ҳудудида 616 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Бунинг оқибатида 206 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 520 киши турли даражада тан жароҳати олган.

Ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг аксарияти вилоят ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўлларида, асосан, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракатланиш тезлигига риоя этмаслиги оқибатида юзага келган, деб ёзади «Зарафшон» газетаси.

Жумладан, мазкур йўлларда йил бошидан буён қайд этилган 217 та йўл-транспорт ҳодисасининг 137 таси айнан белгиланган ҳаракатланиш тезлигини ошириш билан боғлиқ бўлмоқда. Ушбу йўл-транспорт ҳодисалари натижасида 99 нафар фуқаро ҳаётдан бевақт кўз юмган. 162 нафар шахс тан жароҳати олган.

Бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида айни пайтда вилоят ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўллари ва Самарқанд шаҳрининг магистрал кўчаларида «Арена» русумли онлайн тартибда ишловчи фоторадарлардан фойдаланилмоқда. Мазкур ускуна ёрдамида 20 кунда белгиланган тезликни ошириш билан боғлиқ 18 мингдан ортиқ қоидабузарлик аниқланган.

Самарқанд вилоятида фойдаланилаётган онлайн радарлар орқали белгиланган меъёрдан оширилган тезлик қоидабузарлиги учун ҳайдовчиларнинг уй манзилларига жарима квитанциялари юборилмоқда.

Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг KUN.UZ’га тақдим этган қуйидаги видеолавҳасида манзилга етиб келган жарима квитанциялари бўйича ўз вақтида (2 ой ичида) тўлов қилмаган ҳайдовчиларнинг автомашиналари AutoCon онлайн тизими орқали ЙПХ постлари ва кўчаларда аниқланиб, улар жарима майдонига қўйилаётгани акс эттирилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид