«Асаларилар» жамоаси асосий ҳужумчи Пако Алькасернинг йўқлигини билдиришмади. Люсьен Фавр майдонга тоза ҳужумчисиз таркибни туширишга мажбур бўлганди. «Ёлғончи тўққизлик» ролини Марко Ройс бажарди, бу ўйин унинг фаолиятидаги 50-еврокубок ўйини бўлди. Бундай таркиб билан «Боруссия» ҳужумлари янада ранг-баранг кўриниш олди, футболчилар доимий равишда жойларини ўзгартириб туришди.
Биринчи бўлимда Витселнинг зарбаси ҳимоячилардан бирига тегиб, йўналишини ўзгартирди ва Облак ҳеч нарса қила олмади.
Иккинчи бўлимда «Атлетико» ўзига келди ва ҳужум уюштира бошлади. Аммо тўп икки марта дарвоза устунидан қайтди.
Лекин иккинчи бўлимнинг иккинчи қисмида захирадан ўйинга қўшилган португалиялик ҳимоячи Рафаэл Геррейру дубль қайд этди, мавсум кашфиётига айланган Санчо ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйди. Голлардан 3тасига бу мавсум учун «Реал»дан ижарага олинган Ашраф Ҳакимий ҳаммуаллифлик қилди.
Мавзуга оид
Диего Симеоне «Атлетико» мураббийлигида 2011 йил декабридан буён 391 ўйин ўтказиб, бундай йирик ҳисобда мағлуб бўлмаганди. «Атлетико» гуруҳдан чиқиши аниқ, аммо биринчи ўринни эгаллаши катта сўроқ остида. «Боруссия» нафақат Германияда, балки Европа миқёсида ҳам кучли жамоалардан бирига айланганини исботлади.
Кейинги йилларда еврокубокларда муваффақиятли иштирок этиб келган, бир марта Францияда «ПСЖ»нинг гегемонлигига чек қўйишга эришган «Монако» бу мавсумни ўта муваффақиятсиз бошлади. Монегаскликлар жамоаси чемпионат ўйинида биринчи ва охирги ғалабасига 11 августда эришган, кейинги 9 тур давомида жамоа турнир жадвалида пастга шўнғишда давом этган.
Чемпионлар лигасида ҳам жамоанинг аҳволи чатоқ. Аввалига ўз майдонида «Атлетико»га 1:2 ҳисобида мағлуб бўлган жамоа, иккинчи турда Дортмундга сафарида 3та жавобсиз гол қабул қилиб олди. «Брюгге»га қарши ўйинлар олдидан бош мураббий Леонарду Жардимни истеъфога чиқариб, франциялик собиқ футболчи Тьерри Анрини олиб келган раҳбарият кучсиз рақибга қарши ўйинларда вазиятни ўнглаб олишга умид қилганди.
Анрида ҳужум чизиғи учун танлов кўп эмасди. Ҳужумчилар Пеллегри, Фалькао, Жеббель ва Рони Лопеш жароҳат олишган. «Брюгге»га қарши ўйин бошидаёқ Йоветич жароҳат олиб, унинг ўрнини Диоп эгаллади. Диоп ҳам иккинчи бўлимда алмаштирилди. Ўйинда амалда россиялик яримҳимоячи иккинчи ҳужумчи вазифасини бажарди.
Ўйиннинг 32-дақиқасида Александр Головиннинг узатмасини Мусса Силла дарвоза тўрига жойлади. Аммо 7 дақиқа ўтиб Уэсли ҳисобни тенглаштирди.
Жамоа Бельгияда ҳам ғалабасиз сериясини давом эттирди. Энди «Монако» плей-офф учун эмас, Европа Лигаси йўлланмаси учун «Брюгге» билан кураш олиб боради.
«Келажагимиз шу ўйин натижасига боғлиқ. Босим остида ўзимизни профессионалларча тутиб, ақл билан ўйин кўрсатишимиз керак», деди ўйиндан аввал «Тоттенҳэм» устози Маурисио Почеттино. Дастлабки турларда «Интер» ва «Барселона»дан қабул қилиб олинган мағлубиятлардан кейин Лондон жамоаси қийин аҳволга тушиб қолганди.
Лекин Нидерландияда кўзланган натижага эришилмади. Ҳолбуки Почеттино шогирдлари ўйинда устунлик қилишди, буни статистика ҳам кўрсатиб турибди (24 зарбага қарши 11, 9 аниқ зарбага қарши 3).
Эйндховенликлар жамоаси охирги 10 учрашувидан 8тасида гол ўтказмаган, тўплар нисбати 30:3. «Шпорлар» таркиб жиҳатидан Марк ван Боммел жамоасидан кучлилиги аниқ эди. Улар буни ўйиннинг дастлабки дақиқалариданоқ исботлашга киришишди, Кейннинг зарбаси устундан қайтди. Аммо Алдервейрелд қўпол хатога йўл қўйди ва ҳисоб Лосано томонидан очилди.
Биринчи бўлимнинг ўзида ҳисоб тенглашди, Эриксен ва Триппернинг комбинацияси Лукас Моуранинг голи билан якунланди. Иккинчи бўлим бошида эса Эриксеннинг пасидан кейин Кейн жамоасини олдинга олиб чиқди. Бу унинг ЕЧЛдаги 13-ўйинида 11-голни уриши эди.
Аммо жамоа сардори Ллорис жамоани оғир аҳволда қолдирди, 79-дақиқада у жарима майдончасидан ташқарида Лосанони йиқитгани учун майдондан четлатилди.
Кейинги дақиқаларда Ламеланинг ҳам зарбаси устундан қайтди, ўйин охирида де Йонг ҳисобни тенглаштирувчи голни урди. Ҳужумларга бой ўтган ўйиндаги дуранг ҳеч қайси жамоани қаноатлантирмайди. Икки ҳафтадан кейин «Уэмбли»да кечадиган жавоб ўйини гуруҳда ким учинчи ўринни олиб, Европа Лигасида иштирок этишини аниқлаш учун ўтказилади.
Қўлини синдириб олгани учун 3 ҳафтага сафдан чиққан Лионел Месси кепка кийган ва қўли елкасига боғланган ҳолда ўйинни трибунадан туриб кузатди. Унинг севимли жамоаси сардор қаршисида ишончли ўйин кўрсатиб, муҳим ғалабага эришди.
Лионель йўқлиги туфайли ҳужумда Суарес, Коутиньо ва Рафинья учлиги ҳаракат қилди. Дембеле майдонга туширилмади, унинг ўрнига ўтган мавсум «Интер» сафида ўйнаган Рафинья танланди. Суарес ва Рафинья биринчи голни юзага келтиришди - уругвайли ҳужумчи қанотдан дарвозабон ҳудудига аъло даражада тўп етказиб берди ва ҳисоб очилди. Суарес ўйин давомида энг фаол футболчи бўлди, у дарвоза томон 7та зарба берди ва 4 марта ҳал қилувчи пасни амалга оширди. Спаллетти жамоаси эса ўйиннинг асосий қисмини суст ўтказди, жамоага Ража Найнголан етишмаётгани кўриниб турарди. Ёки жамоа «Милан»га қарши ўйинда кўп куч йўқотгани сезилиб қолган. Миланликлар жамоаси ўйиндаги илк зарбасини 78-дақиқага келибгина берди. «Барселона» эса бу вақт давомида Ханданович дарвозаси томон 10дан ортиқ зарба йўллаб улгурганди.
Ливерпулдаги ўйинни кўрмаса ҳам бўларди, мезбонлар осонлик билан ғалаба қозонишига ҳеч кимда шубҳа йўқ эди. Кутилгандек бўлиб чиқди, «Црвена Звезда» ўйин давомида бирор марта ҳам рақиб дарвозаси томон аниқ зарба йўлламади, мерсисайдликлар жамоаси эса меҳмонлар дарвозабонини 4 бор ранжитди.
Ўйиндаги эътиборли воқеалардан бири Муҳаммад Салоҳ «Ливерпуль» сафидаги юбилей - 50 голини уриши бўлди. Бу натижага эришиш учун, мисрлик футболчи жамоа сафида 65 ўйин ўтказиши кифоя қилди. У жамоа тарихида энг қисқа муддатда 50талик довонни забт этган футболчи бўлди.
Иккинчи голини пенальтидан урган Салоҳ ҳакам яна бир марта пенальти белгилаганида, тўпни Садио Манега узатди. Аммо сенегаллик ҳужумчининг зарбаси дарвоза тўсинидан қайтди. Маненинг ўзи ўйин охирида тўртинчи голни урди, унинг бу голи «Ливерпуль» учун ЕЧЛ доирасида уй ўйинларида урилган 100-гол бўлди.
Ўйиндаги яна бир жиҳат: Шачири яна бир марта жамоанинг асосий таркиб футболчиси бўла олишини исботлади. У биринчи гол урилган ҳужумни бошлаб берди, Салоҳнинг голига ҳам ҳаммуаллифлик қилди.
Анчелотти «Наполи» билан собиқ жамоаси меҳмони бўлди. Парижликлар ҳам, неаполликлар ҳам мағлубиятга учрашга ҳақли эмасдилар, биринчи турда «ПСЖ» «Ливерпуль»га мағлуб бўлган, «Неапол» гуруҳ аутсайдери бўлмиш «Црвена Звезда»ни мағлуб эта олмаганди.
Томас Тухель Франция чемпионатининг охирги турида Неймар бошчилигидаги бир қатор етакчи футболчиларга дам берган, Карло Анчелотти эса Мертенс ва Инсиньенинг соғлиги туфайли ташвишда эди. Аммо улар Париждаги ўйинга икки кун қолганида сафга қайтишди. Икки футболчи ҳам ўйин бошиданоқ кетма-кет хавфли вазиятлар ярата бошлашди. Биринчи бўлимда бельгиялик футболчи дарвоза устунини нишонга олди, кейинроқ эса Инсиньени чиройли пас билан таъминлаб, биринчи гол урилишига хизмат қилди.
Ўз навбатида мезбонлар ҳам қатор ҳужумлар уюштириб, қатор голли вазиятлар яратишди. Неймарнинг қулай пасларини Мбаппе ва Кавани йўққа чиқарди.
Иккинчи бўлимда Меньенинг зарбаси Марио Руйга тегиб, дарвоза тўрига бориб тушди ва ҳисоб тенглашди.
77-дақиқада эса Мертенснинг ўзи гол урди, аммо ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Ди Мариянинг феноменал голи итальянларга 3 очко билан қайтишга имкон бермади.
Энди «ПСЖ» гуруҳда учинчи ўринга тушиб қолди. Томас Тухель жамоаси энди Неаполда кечадиган ўйинда ғалаба қозонишга мажбур.
«Галатасарой» тўпни ўзида ушлашга ҳаракат қилди, «Шальке» ўз ҳудудларини назорат қилишга эътибор қаратди. Немислар рақибга нисбатан 4 баробар кўпроқ зарба беришди (мезбонларнинг 2 зарбасига қарши 8 зарба).
Бу ўйинда немислар жамоаси дарвозасини 22 ёшли Нюбель қўриқлади. У ўзининг ЕЧЛдаги дебют ўйинида биринчи бўлим охирида қаҳрамонлик кўрсатиб, жамоани бир неча бор голдан сақлади. Умуман, ўйин дарвозабонлар учун аталди, «Галатасарой» дарвозабони аввалига Коноплянканинг зарбасини дарвоза устуни ёнида тўхтатиб қолди, кейин икки марта Эмболо билан дуэлда ғолиб чиқди. Швейцариялик ҳужумчи ўйиннинг энг омадсиз футболчисига айланди, биринчи вазиятда у икки марта зарба бериб ҳам гол ура олмади, кейинги вазиятда симульяция ишлатгани учун сариқ карточка билан жазоланди, учинчи вазиятда у гол урди, аммо ҳакам офсайд қайд этди.