Ўзбекистон | 17:09 / 25.10.2018
9301
2 дақиқада ўқилади

Кувайтда Ўзбекистон мустақиллигининг 27 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди (фотожамланма)

Ал-Кувайт шаҳри (Кувайт)даги CrownePlaza меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси  мустақиллигининг 27 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Ўзбекистон мадҳияси билан бошланган тадбирни мамлакатимизнинг Кувайтдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Аълоев очиб берди, дея хабар беради KUN.UZ мухбири.

 Элчи меҳмонлар ва Кувайтда яшовчи ўзбекларга Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар, юртимизнинг туристик салоҳияти ҳамда давлатлараро муносабатлардаги янгиликлар ҳақида маълумот берди.

Тадбир доирасида ўзбекистонлик ҳунармандлар томонидан ишланган амалий санъат намуналари намойиш қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчихонаси Кувайт миллий маданият ва санъат консуллиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон ёшлар симфоник оркестрининг концерт дастурини ташкиллаштирди.

"Тадбирнинг бадиий қисмида Ўзбекистон ёшлар симфоник оркестри томонидан ўзбек, араб ва жаҳон классикаси мусиқаларининг тақдим этилиши Кувайтдаги ўзбеклар ва меҳмонлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди ва кечага ўзгача файз бағишлади. Кувайтда яшовчи ва ишловчи ўзбеклар қадрдон оҳангларни мароқ билан тинглашди. Шунингдек, араб мусиқалари ижроси маҳаллий халқни хурсанд қилди. Бундай тадбирлар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаш учун хизмат қилади", - дейди Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси вакили Ғайрат Зуннунов.

Ўзбекистондан олиб борилган масаллиқлар билан тайёрланган палов эса барча меҳмонлар таҳсинига сазовор бўлди.

Таъкидлаш жоизки, ўзбекистонлик ҳунармандлар кўргазмаси ва оркестр концерти яна икки кун давом этади.

 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид