«Янтоқдан ёғ чиқмайди». Ушбу халқ мақоли айнан Жиззах шаҳри марказидаги «Ўрда» экологик боғига нисбатан айтилгандек. Тарихнинг не-не бўҳронларига гувоҳ бўлган, бир пайтлар соя-салқин, ўта хушманзара, жиззахликлар учун қадимий ва азиз маскан бўлган ушбу боғ бугун жуда ачинарли ҳолатда.

Боғ дарвозасидан ичкарига қадам қўяр экансиз димоғингизга кўланса ҳид урилади. Сувсизликдан қуриб, ажриққа айланган манзарали кўчатлар, дарахтлар, бемалол ўтлаб юрган чорва моллари таъбингизни хира қилади. Уюлиб турган чиқиндилар, янтоқларни кўриб бу ер боғ эмас чангалзор, деган тасаввур уйғонади.
Боғ масъулларини қидириш асносида ўзини Суярқул Зуҳуров дея таништирган киши ташрифимиз сабабини билиб жонланиб кетди.



- Мен 18 йил олдин шу боғ яқинида дўкон қурганман, кун-у тун шу ердаман, десам муболаға бўлмайди. Тадбиркорман. Боғ менга ёшлигимни эслатади. Бир вақтлар бу ер обод ва хушманзара эди. Боғнинг кираверишидан то охиригача икки қатор қилиб ўтқазилган мажнунтоллар соясида роҳатланиб дам олардик. Тўғриси, айни пайтда, бу ерни боғ дея аташга уяламан. Яйловга айланиб қолди. Неча йиллардан бери дарахтлар кесилиб сотилаяпти, ҳеч кимнинг бу билан иши йўқ. Айтинг-чи, битта ниҳолни кўкартириб дарахт бўлиши учун неча йил керак? Мана, ёз ўтди, куз ўтяпти, боғ эса суғорилмади. Сувсизликдан қурий бошлаган дарахтларни кўрсам, юрагим ачийди. Дарахтларни буташ ва шакл бериш ҳақида гапирмасам ҳам бўлади. Дарвозадан кираверишда териб қўйилган контейнерлар орти боғга ташриф буюрувчилар учун ҳожатхона вазифасини ўтаяпти. Ҳусниддин Исмоилов деган йигитни боғга директор қилиб қўйишган. Бу йигит номигагина раҳбар. Ишининг тайини йўқ. Менинг фикримча, неча йиллик тарихга эга, ота-боболаримиз учун азиз маскан бўлган боғга эга керак. Шундагина ўзгариш бўлармиди...
Директорми ёки чўпон?
Боғ ичкарисида шу атрофдаги маҳалла аҳлининг чорва молларини ҳайдаш билан овора Ҳусниддин Исмоилов биз билан суҳбатда шундай деди.

- Мен бу ерда номига директорман. На маош оламан, на мансабим бор. Жорий йилнинг май ойида боғга «Люкс Шедевр Гарден» МЧЖ йигитлари контейнерлар олиб келишганида, тўғриси, жуда қувонгандим. Лекин бу узоққа бормади - май ойидан бери жим-жит. Суриштирсак, маблағ йўқ дейишди. Яширадиган нарсанинг ўзи йўқ, боғ ҳақиқатан ҳам йил давомида суғорилмади. Сув бор, аммо электр бўлмаса ишламайди. Электр энергияси эса уланмаган, тўлашга маблағнинг ўзи йўқ. Аслида, шаҳар ҳокимининг қарорига кўра, шу боғ ичига ўрнашиб олган тадбиркорлар шартнома асосида бизга пул ўтказишлари керак. Афсуски, уларнинг ҳеч бири эшитишни истамайди. Шахсан «Зоҳида Нисо» номидаги хусусий клиника раҳбари қаёққа борсанг бор, сенларга бир тийин ҳам йўқ, дея жавоб берди. Бир ўзим қолдим, маош берилмас экан деб қоровул ҳам кетди. Ростини айтсам, мени ишим директорлик эмас, чўпонлик бўлиб қолди. Гувоҳи бўлганингиздек, чорва молларини ҳайдайман, эгалари билан ёқалашаман. Тозалик бўйича нима ҳам дердим, ўтган йили қариндошларимни олиб келиб ҳашар уюштирдим. Қани эди шу боғ ҳам обод бўлса, биз ҳам хурсанд бўламиз. Маош оламиз, хуллас, ишлаймиз-да... Лекин бунинг иложи бормикин?









