Жамият | 00:28 / 26.10.2018
9888
3 дақиқада ўқилади

Одамлар яхшилиги зое кетмади - Ильдар Ҳиндистонга учиб кетди

Қариндошлар ёки дўст-биродарлар орасида меҳр-оқибат бўлиши қувонарли, албатта. Аммо халқнинг жипслигини кўрсак беихтиёр қалб жунбушга келади. KUN.UZ таҳририяти томонидан ўтказилган ва “Ильдар саратоннинг даҳшатли туридан азоб чекмоқда, аммо уни даволаса бўлади” сарлавҳаси остида мақола эълон қилинган эди.

Ильдарга кўплаб инсонлар кўмаги билан дастлабки операция учун етарли маблағ йиғилди. Бемор ва унинг туғишган жигари Ҳиндистон томон йўл олишди. Оилага оқ йўл тилаш мақсадида ижодий гуруҳ билан аэропорт томон йўл олдик.


facebook

- Бугун халқимизнинг бирдамлигига яна бир бор гувоҳ бўлдим. Ильдарнинг операцияси учун керакли маблағни йиғишга ижтимоий тармоқ блогерлари, журналистлар, ҳукумат вакиллари биргаликда ҳаракат қилишди. Операция учун 14 минг доллар атрофида пул йиғилди. Бу маблағ дастлабки босқич учун етади, - дейди оиланинг дўсти Зарема Илясова.

Шундан сўнг, маблағ йиғилишида бел боғлаб фаоллик кўрсатган блогерлардан фикр олмоқчи бўлдик. Уларнинг номидан вакил сифатида Акида Ханумни суҳбатга чорладик. 

- Бировнинг дардига шерик бўлиб, унга мадад бериш ўзбек халқига хос фазилат. Бугун юртдошларимизнинг кўмак берганлиги натижасида оила Деҳли томон учиб кетмоқда. Бунда кўпчиликнинг меҳнати сингган. Хорижда юрган ҳамюртларимиз мусофирлигига қарамай пул жўнатишди. Яхши инсонлар кўп экан. Энди операция ва унинг натижаларини кутамиз. Оила учун дуода бўлайлик. Ильдар билан соғ-омон кўришиш насиб этсин, - дейди блогер аёл.

- Мен, очиғи, нима дейишни ҳам билмайман. Бугун одамларнинг кўмаги билан ўғлим даволангани учиб кетмоқда. Аввалги сафар қайғудан йиғлагандим, энди хурсандчилигимдан йиғламоқдаман. Ҳаммангизга минг раҳмат. Ҳамиша қўлимиз дуода, - дейди кўз ёшлари шашқатор бўлган она.

Сафарга отланаётган беморнинг опаси билан ҳам суҳбатлашдик. У кишининг айтишига кўра, Деҳлига самолётда қўнганларидан сўнг, BLK номли госпиталга жойлашишади. Дарров муолажа жараёнлари бошланади ва 2-3 кундан сўнг жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Шундан сўнг, натижага қараб муолажа давом этади.

Қўли очиқ ва сахий халқимиз Ильдарни қийин кунларда ёлғизлатиб қўймади. У операция зудлик билан қилиниши зарур эканлиги сабаб учиб кетди. Операциядан кейинги харажатлар учун қўлида маблағи қолмаган бўлса-да, Оллоҳга таваккал қилди. Ильдарга кўмак беришда бардавом бўлайлик, мусофир юртларда яккалатиб қўймайлик. Яхшилик қилишда сахий бўлайлик ва яхши ниятда бошланган хайрли ишни якунига етказайлик.

Онаси Савия Нигматулинанинг пластик карта рақами:

8600 0423 2792 2414 (Агробанк)

Укаси Илдус Нигматулиннинг Россиядаги пластик карта рақами:

4276 6200 1020 6468 (Сбербанк)

Телефон рақам:

+998909815733 (синглиси Нигматулина Алфия)

Баҳодир Аҳмедов тайёрлади

Баҳодир Аҳмедов
Тайёрлаган Баҳодир Аҳмедов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид