Спорт | 18:39 / 27.10.2018
11403
3 дақиқада ўқилади

Бахтиёр Ашурматов: «Финал олдидан қўрқув йўқ»

Бахтиёр Ашурматов / Фото: Жаҳонгир Файзуллаев

Ўзбекистон Кубоги финалидан ўрин олган ОКМК - «Пахтакор» ўйинидан олдин, олмалиқликлар устози Бахтиёр Ашурматов ва яримҳимоячиси Владислав Касминин матбуот анжуманида иштирок этиб, ўз фикрлари билан ўртоқлашишди.

«Эртага бизни жуда қизиқарли ўйин кутиб турибди. Финал олдидан бизда бироз ҳаяжон бор, лекин асло қўрқаётганимиз йўқ. Сўнгги ўйинларда муваффақиятсизликка учрадик. Айнан шу сабабдан ҳам эртага яхши ўйин намойиш этишимиз шарт.

Бизда тарихда янги саҳифа очиш имконияти мавжуд. Ишонаман, йигитлар буни яхши тушуниб туришибди. Шу боисдан ҳам эртага бор маҳоратимизни ишга солишимиз лозим бўлади. Тўғри, «Пахтакор» – жуда кучли жамоа. Бу клубда ажойиб мутахассис фаолият олиб бормоқда. Лекин биз ўз ўйинимизни намойиш этишга ҳаракат қиламиз.  

Футболчи сифатида кўплаб финалларда иштирок этганман. Энди илк марта мураббий сифатида финал баҳсини ўтказаман. Мураббий сифатида финалда иштирок этиш масъулиятлироқ эканини айта оламан. Агар эртага шогирдларим ўз фаолиятидаги энг яхши ўйинини кўрсата олса, ғолиб чиқиб, илк марта мамлакат кубогини қўлга киритамиз.

Финал баҳсига имкон қадар яхши ҳозирлик олиб боришга ҳаракат қилдик.  Финалда бизни қўллаб-қувватлайдиган мухлисларимиз ишончини оқлашимиз талаб этилади», - деди мураббий.

«Эртага ижобий натижага умид қиляпмиз. Жанговар руҳда тайёргарлик олиб бораётганимизни таъкидлай оламан. Ўзбекистоннинг айни пайтдаги энг кучли клубларидан бирига қарши майдонга чиқамиз. Қўлдан келганча яхши ўйин намойиш этишга ҳаракат қиламиз. Айримлар ОКМК жамоасининг финалга қадар етиб келишини кутмаганди. Лекин биз буни уддаладик. Энди мақсадга қадар яна биргина, охирги қадам қолмоқда»,  - деди Владислав Касминин.

ОКМК - «Пахтакор» ўйини Фарғонадаги «Истиқлол» стадионида 28 октябрь куни соат 15:00да бошланади.

Мавзуга оид