Спорт | 22:01 / 28.10.2018
26389
6 дақиқада ўқилади

Бахтиёр Ашурматов мукофот пуллари, клуб билан шартномаси ва финалнинг келишилган бўлишига доир миш-мишлар ҳақида

Ўзбекистон кубоги финалида «Пахтакор»ни 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратиб, биринчи бор бош совринни қўлга киритган ОКМК бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов ўйиндан кейинги матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

«Аввало, бугунги ўйинда бизни қўллаб-қувватлаган водийлик мухлисларга жамоамиз номидан миннатдорчилик билдириб ўтаман. Кеча бу ўйинда бизга мухлислик қилувчилар етарлича бўлишини айтгандим, бу ўз исботини топди. Бу ишқибозларга катта раҳмат айтаман.

Ўйин ҳақида қисқача гапирадиган бўлсам, бугун бутун жамоамдан фахрланишимни айтмоқчиман. Жуда кўпчилик бизга ишонмаган эди. Ўйиндан олдин мураббийлар штаби билан ўйинчиларга: «Агар энг чиройли ва энг жанговар ўйинимизни кўрсата олсак, биз ижобий натижага эришишимиз мумкин», деб айтгандик. Бугунги ўйин уларнинг фаолиятларидаги энг ёрқинларидан бири бўлиб қолади.

Жамоамиз мухлисларига, раҳбарларига, футболчиларга раҳмат айтаман. Футболчиларим билан фахрланаман», - деди Ашурматов анжуманнинг кириш қисмида.

«Бугун бизга мухлислик қилганларга ташаккур билдираман. Энг муҳими – ғалаба қозондик. Бундан буёғига ҳам шундай ўйин кўрсатишда давом этишимиз лозим», - дея фикр билдирди Жокич.

- Клуб Осиё Чемпионлар лигаси саралашига йўлланмани қўлга киритди. Жамоа билан шартномангиз қанча муддатга имзоланган эди, янаги мавсумда ҳам сизни шу лавозимда кўришимиз мумкинми?

- Йил охиригача бўлган муддатга шартнома тузилган эди. Агар биз жамоани муносиб бошқарсак, битим узайтирилади, дейилганди. Чемпионатдаги қолган бешта ўйинни ҳам муносиб ўтказиб олганимиздан сўнг келажакдаги фаолиятимиз борасида гаплашиб оламиз. Келгуси мавсум режалари бўйича ҳали бир тўхтамга келингани йўқ.

- Мусобақаларда ғолиб чиққан жамоаларнинг пул мукофотлар билан рағбатлантирилиши табиий бир ҳол. ОКМКга ушбу чемпионлик учун қандай бонус ваъда қилинган?

- Очиғини айтаман, бугунги ўйин учун жамоамизга қандайдир бонуслар берилиши ҳақида айтилмаган. Биз ОКМК шарафи учун, тарих яратиш учун ўйинга чиқдик. Гапнинг очиғи, футболчилар ўйиндан олдин бу тўғрисида савол беришгани ҳам йўқ. Бу мавзу кўтарилмади ҳам.

Бизнинг вазифамиз муносиб ўйин кўрсатиш эди. Худога шукр, буни уддаладик ва ғалаба қозондик. Энди футболчиларни меҳнатига яраша рағбатлантириш масаласини, ўйлайманки, раҳбарларимиз ўйлаб чиқиб кейин айтишади.

Ўйиндан олдин футболчиларни руҳлантириш учун қўшимча маблағ тўғрисида гапиришнинг ҳожати ҳам қолмади. Шундоқ ҳам ўйинчиларнинг кўзлари ёниб турган эди ва улар бугунги жангга тайёр эдилар.

- «Пахтакор» дарвозасига учта гол киритиш ҳақида ўйлаб кўрганмидингиз?

- Кеча ҳам, бугун ҳам футболчиларимга ишонишимни айтгандим. Учта гол киритиш жуда мураккаб вазифа эди. Чунки «Пахтакор» - Ўзбекистоннинг энг олди жамоаларидан бири. Ҳимоясида мамлакатнинг энг яхши ҳимоячилари ўйнайди ва таркиб яхши шаклланган. Арвеладзе кучли мураббийлардан бири, у ўз ғояларига эга.

Биринчи бўлиб гол киритганимиз бизга қўл келди. Қарши ҳужумларда имкониятлар туғилди. Ҳисоб 2:1 бўлиб турганида ўйинчиларимиз қарши ҳужумларга тез ўтиб кета олишди, бўш зоналар пайдо бўлди. Шу сабабли учинчи голни ҳам киритишга муваффақ бўлдик. Чунки «Пахтакор» олдинга боришга мажбур бўлиб қолди, биз эса бундай унумли фойдаландик.

Лекин очиғини айтсам, учта гол киритиш хаёлимга келмаганди. Жамоамиз ғалабасига эса ишонч бор эди.

- Сиз ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида Ўзбекистон кубогини қўлга киритган иккинчи инсон бўлдингиз...

- Бу натижага биринчи бўлиб эришган Миржалол Қосимовни ўз устозим деб биламан. Мураббий сифатида жамоани бошлаб тушиш жуда қийин. Чунки футболчи сифатида фақат ўзингиз учун жавоб берасиз, нари борса жамоадошларингизга далда бўлишингиз мумкин холос. Мураббий бўлиб ўйинчиларни тайёрлаш ва ғалабага руҳлантириш жуда ҳам мураккаб иш. Агар имконият бўлганида, ўзим футболчи бўлиб майдонга тушганим осонроқ эди.

- Ҳакамларга эътирозингиз йўқми?

- Ғалабага эришгач, ҳакамларга қандай эътироз бўлиши мумкин? Бугунги ўйинни юқори савияда бошқаришди. Уларни «Пахтакор»нинг салобати босгани йўқ. Шунинг учун ўйиндан кейин уларга миннатдорчилик билдирдим.

- Финал келишилган ўйин бўлади, деб ҳисоблаган мухлисларга нима деган бўлардингиз?

- Шундай гап-сўзлар ҳам бор эди. Худога шукур, юзимиз ёруғ бўлди. Мен йигитларга барчаси майдонда ўз исботини топишини айтган эдим. Тўғри, «Пахтакор» кучли, лекин икки жамоага ҳам битта тўп ва битта майдон. «Чиқинглар, кучли эканликларингни исботланглар ва бизга нисбатан салбий фикр билдираётган мутахассислар ёки мухлисларга муносиб тарзда жавоб бера олинглар», дегандим. Биз бу гап-сўзларнинг ноўрин эканини майдонда исботладик.

- Жамоа Осиё Чемпионлар лигаси саралашида қатнашадиган бўлди. Бу клубда нималарни ўзгартиришни тақозо этади?

- Бугунги ғалабамизни қаҳрамонликка қиёслаш мумкин. Режалар ҳақида юқорида айтиб ўтдим. Биз биринчи навбатда чемпионатдаги қолган бешта ўйинимизни муносиб ўтказиб олишимиз керак. Шундан кейин ОКМКнинг режалари тузилади, юқорироқ мақсадлар қўйилади, шунга яраша селекция ишлари олиб борилиши керак. Чемпионлар лигасида муносиб қатнашиш учун жамоамизни албатта кучайтиришимиз керак.

Мавзуга оид