Ўзбекистон | 19:50 / 31.10.2018
37906
3 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Чилонзор туманидаги фожиага ис газидан ўткир заҳарланиш сабаб бўлган

Суд-тиббий эспертиза натижаларига кўра, 2018 йил 31 октябрь куни Тошкент шаҳар Чилонзор тумани, Дилхуш кўчаси 37-уйда истиқомат қилувчи фуқаро А.Акбаров хонадонида рўй берган фожиали ҳолатга таом эмас, балки ис газидан ўткир заҳарланиш сабаб бўлган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Республика бош Давлат санитария врачи Саидмурод Саидалиев маълум қилмоқда.

Аввал хабар қилинганидек, мазкур хонадон эгаси Алишер Акбаровнинг 42 ёшли рафиқаси Умида Хаитова 2018 йилнинг 30 октябрь куни соат 20:00 атрофида уйи яқинида жойлашган 16-шаҳар касалхонаси қаршисидаги миллий таомлар кафесидан беш дона сихга тортилган қийма кабоб, тандир нон ва тўғраб, сирка сепилган пиёз сотиб олган.

У кабобни уйда, соат тахминан 20:30да фарзандлари билан биргаликда истеъмол қилган. Онанинг сўзларига кўра, кабобда нохуш ҳид ва таъм бўлмаган.

Соат 23:30ларда болалар уйнинг иккинчи қаватидаги хонага чиқиб, ухлашган. Уларда ҳеч қандай касаллик белгилари кузатилмаган. Тахминан соат 23:30ларда У.Хаитованинг боши қаттиқ оғриган, кўнгли айниган ва кўп марта қайт қилган. Хонадон эгаси А.Акбаров бу вақтда уйда бўлмаган, тахминан соат 24:00да уйга қайтган. Турмуш ўртоғининг соғлиғи ёмонлашгани тўғрисида тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат қилишмаган. Эр-хотин бинонинг биринчи қаватида ухлашган.

2018 йил 31 октябрь тонгги соат 4 ларда У.Хаитова иккинчи қаватдаги фарзандлари ухлаётган хонани очиб кўрганда фарзандлари оғзидан кўпик чиқиб, беҳуш ҳолда ётганини кўрган ва тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат қилган. Соат 04:30да тез тиббий ёрдам мутахассислари келиб, улар томонидан У.Хаитованинг қизлари Азиза Акбарова (1996 йил), Эъзоза Акбарова (2001 йил), Ирода Акбарова (2003 йил) ва ўғли Фаррух Акбаров (2012 йил)да биологик ўлим ҳолати қайд этилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати «Kun.uz»га хабар қилишича, айни пайтда ис газидан енгил даражада ўткир заҳарланган У.Хайитовага Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, унинг аҳволи қониқарли.

Маълумот учун, ушбу хонадон эгалари Дилхуш кўчаси 37-уйдаги янги қурилган 3 қаватли бинога яқинда кўчиб ўтишган. Уй ертўлада ўрнатилган, табиий газда ишлайдиган иситиш қозони орқали иситилади.

Мавзуга оид