iPhone’ларни ишдан чиқариши мумкин бўлган газ аниқланди
Reddit фойдаланувчиси гелий гази сабабли iPhone ўчиб қолгани ҳақида маълум қилди. iFixit мутахассислари ушбу газ нима учун айфонлар учун зарарли эканини тушунтириб беришди.
Воқеа АҚШнинг Иллинойс штатидаги шифохоналардан бирида юз берган. Шифохонада магнит-резонанс томография сканери ўрнатилгандан кейин шифокорлар ва шифохонага ташриф буюрувчиларнинг айфонлари ишдан чиқа бошлаган. Ушбу муаммони ҳал қилиш топширилган маҳаллий мутахассис дастлаб бунга МРТ қурилмаси ҳосил қиладиган кучли магнит майдони сабаб деб ўйлаган. Бироқ кейинроқ гаджетларнинг ишдан чиқишига гелий гази сабаблиги аниқланган.
Тахмин қилинишича, МРТ-сканер ўрнатилиши вақтида ундан ушбу газ сизиб чиққан. Сканерни совитиш учун ишлатиладиган гелийдан 120 литри шифохонага тарқалган. Оқибатда бундан камида 40 та айфон “жабр кўрган”, аммо Android’да ишловчи қурилмалар рисоладагидек ишлашда давом этган.
Мутахассисларнинг аниқлашича, гелий молекулалари жуда кичик бўлиб, қурилманинг микроэлектромеханик тизимларига, мисол учун, айфонларда ўрнатилган акселерометр ва гироскопларга шикаст етказиши мумкин. Бу қурилмалар қисман кварц элементлардан ташкил топган, улар эса гелий таъсирида парчаланишга мойил. Мутахассислар айфонлардан газ чиқиб кетиши учун уни маълум вақтга “тинч қолдириш”ни тавсия қилишган.