Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарёда ЕВРО 5 стандартига мувофиқ синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқарувчи замонавий завод қурилади
29-31 октябрь кунлари Тошкентда Ўзбекистон нефть ва газ саноатида GTL лойиҳаси бўйича кредиторлар йиғилиши бўлиб ўтди. Унда иштирок этиш учун Жанубий Корея экспорт-импорт банки, Корея савдо ва суғурта корпорацияси, “Газпром” акциядорлик жамияти, “Росэксимбанк” акциядорлик жамияти ҳамда Экспорт кредитлари ва инвестицияларни суғурталаш бўйича Россия агентлиги вакилларидан иборат кредиторлар делегацияси Тошкентга ташриф буюрди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, “Шўртан газ-кимё мажмуасининг тозаланган метан асосида синтетик суюқ ёқилғини ишлаб чиқариш” (UzGTL) лойиҳаси доирасида Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилоятида энг замонавий стандарларга жавоб берувчи завод қурилади. GTL ёки “газдан суюқлик” технологиясига асосланган бу каби юқори технологияли ишлаб чиқариш дунё бўйлаб саноқли мамлакатлар – Жанубий Африка Республикаси, Малайзия ва Қатарда амалга оширилади.
Завод йилига 1,5 миллион тоннадан ортиқ ЕВРО 5 стандартига мувофиқ келувчи юқори сифатли синтетик суюқ ёқилғини ишлаб чиқариши кутилмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Улуғбек Сайидов кредиторларга миннатдорчилик билдирди.
“Аввало мазкур лойиҳани молиялаштиришга қизиқиш билдирган кредиторларимиз ҳамда барча маслаҳатчиларимизга ўз миннатдорчилигимни изҳор этаман. GTL лойиҳаси Ўзбекистон учун стратегик лойиҳадир. Унинг амалга оширилиши мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик йўлида яна бир қадам бўлиб хизмат қилади. Бугунги кунда Ўзбекистон ўз олдига иқтисодий ўсишга доир янги мақсадларни қўймоқда ва бунда ёқилғи-энергетика ресурсларига, айниқса, GTL маҳсулотларига бўлган талаб тез суръатларда ўсиб бормоқда. Бу омил ва жаҳон нефть нархларининг ўсиш томон суръатлари GTL лойиҳасининг жозибадорлигини янада оширмоқда”, - дея таъкидлади Улуғбек Сайидов.
Сайидов кореялик ҳамкорларни турли масалаларни мувофиқлаштириш ва ҳал қилишда профессионал ёндашувларини алоҳида қайд этди, лойиҳани ўз вақтида амалга ошириш муҳимлигини англаб, молиялаштириш жараёнини тезлаштиришга шай россиялик шерикларнинг ҳиссасини алоҳида эътироф этди ҳамда мазкур лойиҳани молиялаштиришга биринчи марта киришаётган хитойлик ҳамкорларга ҳам ташаккур билдирди.
“Давлатимиз ҳукумати GTL лойиҳасининг якуний молиялаштириш тузилмасини маъқуллади ва жорий йилнинг ноябрь ойи охирига қадар барча молиялаштириш масалаларини мувофиқлаштиришни якунлаш ва кредитларни жалб қилишни бошлаш вазифасини қўйди. Умид қиламанки, мазкур учрашув иштирокчиларга бу вазифани бажариш имконини беради”, - деди “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси биринчи ўринбосари.
Таъкидлаш жоизки, йиғилиш доирасида 1 ноябрь куни кредиторлар делегацияси аъзолари Қашқадарё вилоятидаги UzGTL қурилиш майдонида жойлашган объектларида бўлди ва янги завод қурилиши жараёни билан танишди.
“Шўртан газ-кимё мажмуасининг тозаланган метан асосида синтетик суюқ ёқилғини ишлаб чиқариш” (UzGTL) лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 29 декабрь кунидаги 2706-сонли қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Лойиҳани амалга ошириш табиий газни чуқур қайта ишлаш қувватини кенгайтириш, углеводород импортини қисқартириш, юқори сифатли ва экологик тоза ёқилғига ички эҳтиёжни қоплаш ҳамда бозорни маҳаллий хомашёдан ишлаб чиқарилган стратегик маҳсулотлар билан таъминлаш имконини беради.
Янги юқори технологияли ишлаб чиқариш Ўзбекистон нефть ва газ саноатига углеводородларни чуқур қайта ишлашнинг янги босқичига ўтиш учун муҳим қадамдир.
Ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳани амалга ошириш нефть маҳсулотларининг йилига 1,5 миллион тоннагача импорти ўрнини босиш имконини беради.
Мавзуга оид
22:01 / 13.06.2026
Қашқадарёда қум-шағал аралашмасини ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари фош этилди
15:20 / 13.06.2026
Эски сандиқдан топилган британча сурат: Дулси хоним излаган Боқижон Акрамов Бухоро ва Қашқадарёдан топилди
19:37 / 04.06.2026
Қашқадарёлик эшак гўшти савдогари: у уч ойда икки бор судланди
08:29 / 26.05.2026