Ўзбекистон | 13:06 / 01.11.2018
3931
2 дақиқада ўқилади

S&P Global делегацияси Ўзбекистонда. Мамлакат суверен кредит рейтингини олмоқчи

Фото: senat.uz

2018 йил 31 октябрь куни Олий Мажлис Сенатида Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг раиси Алишер Қурманов “S&P Global” халқаро рейтинг агентлиги делегацияси билан учрашди.

Учрашувда мамлакатда қулай инвестиция муҳитини шакллантиришни давом эттиришга, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, бизнесни ривожлантириш йўлига ғов бўлаётган бюрократик тўсиқларни бартараф этиш юзасидан давлат томонидан изчил ишлар амалга оширилмоқда, жумладан ҳужжат айирбошлашнинг электрон тизимлари жорий этилмоқда, савдо битимларини, шу жумладан ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги савдо битимларини расмийлаштириш тартиб-таомиллари соддалаштирилмоқда.

Мамлакатга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳақида сўз борганда инфратузилмани янада ривожлантириш, кенгроқ кўламда ишлаб чиқариш моделларини жорий этиш, шиддат билан ривожланаётган глобал иқтисодиётга интеграциялашувни чуқурлаштириш ва мамлакатнинг халқаро рақобатбардошлигини ошириш муҳим экани таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси томонидан суверен кредит рейтингини олиш учун нуфузли халқаро рейтинг агентликларининг делегациялари, шу жумладан “S&P Global” делегацияси 2018 йилнинг 30 октябрь – 2 ноябрь кунлари мамлакатда бўлиб турибди. Турли соҳаларда фаолият кўрсатадиган мутахассислар билан ташкил этилаётган учрашувлар якунлари бўйича халқаро рейтинг агентликлари Ўзбекистоннинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий салоҳияти ҳақида ҳисоботлар тайёрлайди. 

Мавзуга оид