Ўзбекистонда чиқиндини қайта ишлаш сиёсати қандай олиб борилмоқда? Ноябрда кутилаётган янгиликлар
Ер юзида ҳар куни 11 250 000 тонна чиқинди ҳосил бўлади. Бу 3 километр баландликдаги чиқинди «тоғи» дегани. Биз харид қилаётган маҳсулотларнинг 99 фоизи истеъмол муддатига 6 ой тўлмай, чиқинди қутисидан жой олмоқда. Дунё аҳолиси ҳар йили 1,5-2 фоизга, ишлаб чиқарилаётган чиқинди миқдори эса 6 фоизга ортиб бормоқда. Бу яқин кунларда Ер курраси катта чиқиндихонага айланиши мумкин, деган гап.
Албатта, чиқинди пайдо бўлишини бутунлай тўхтатиб бўлмайди. Аммо ҳосил бўлаётган чиқинди кўрсаткичини камайтириш, уларни қайта ишлаш, табиий ресурслар сарфини камайтириш, чиқиндиларни тўғри йўқотишнинг муқобил йўлларини ишлаб чиқиш имкони ҳар доим мавжуд.
Аҳолиси саломатлиги, табиат муҳофазаси ҳақида қайғурадиган ҳар бир мамлакат чиқиндини қайта ишлаш бўйича стратегик давлат сиёсатини ишлаб чиққан. Чиқиндини утилизация (қайта ишлаш) қилиш учун, авваламбор, уни саралаш (пластик алоҳида, картон ва қоғоз алоҳида, органик моддалар алоҳида) керак. Бу тизимнинг қандай ишлашини дунёнинг энг экологик тоза давлати Швейцария ва энг ривожланган мамлакат ҳисобланган Сингапур мисолида кўриб чиқамиз.
Швейцарияда янги уй-жойга кўчиб ўтган хонадон эгасига чиқинди билан қандай муносабатда бўлиш, нимани қачон ва қаёққа ташлаш кераклиги батафсил баён этилган қўлланма почта орқали жўнатилади. Ҳар бир хонадонда чиқинди турига қараб, уни саралаш учун махсус контейнер мавжуд. Бундай контейнерлар рангига қараб таснифланади. Қайта ишланадиган чиқинди алоҳида ажратилади, қайта ишланмайдиганини эса донаси 2 франк (16 400 сўм) турадиган халталарга солиб, махсус белгиланган жойга олиб бориб ташлаш талаб этилади. Чиқинди ташлаш пунктига бориш учун ҳам алоҳида рухсатнома олиш керак (бундай рухсатномани эса маҳаллий маъмурият чиқинди учун солиқни тўлаган фуқароларгагина беради). Жамоат чиқиндихоналарида ҳамма нарса батартиб жойлаштирилган. Эски кийим ва пойабзалларни қўйиш учун устига «катта раҳмат» ёзуви туширилган идиш ажратилган (улар уйсизлар ва муҳтожларга тарқатилади). Швейцарияда чиқиндининг 80 фоизи тўла қайта ишланади. Рухсат этилмаган ҳудудга чиқинди улоқтирган шахс катта миқдордаги жаримага тортилади.
Аҳолига экомаданият, чиқиндиларни тўғри ажратиш ҳақида маълумот мактаб чоғиданоқ берилади. Ўқувчилар «Пеноплассни қаёққа ташлаш керак?» «Пластик қай тарзда утилизация қилинади?» каби мавзуларда иншолар ёзишади.
Сингапурда ҳам чиқиндиларни ажратиш тизими 2014 йилда тўла йўлга қўйилган. Унга кўра, барча кўп қаватли уйларда иккита чиқинди қувури мавжуд. Ҳар бир хонадоннинг ошхонасида бу қувурга дарча очилади. Қувурнинг биттасига қайта ишланадиган маҳсулотлар (шиша, пластик, қоғоз ва картон), иккинчисига қайта ишлашга яроқсизлари ташланади. Мустаҳкам ҳимояланган қувурлар ортиқча нохуш ҳидларнинг пайдо бўлишига ва ҳашаротлар тўпланишига йўл қўймайди.
Қувурлар ерости йўли орқали марказий ва ягона чиқиндихонага боради. Бу усулнинг амалиётга татбиқ этилиши чиқиндини ташиш учун сарфланадиган йўл харажатларининг сезиларли қисқаришига сабаб бўлган. Утилизацияга яроқли чиқиндилар қайта ишланади, яроқсизлари эса ёқилади, ундан қолган куйинди Сингапурдан 8 км узоқликдаги Семакау сунъий оролига олиб бориб ташланади. Бу орол бир қарашда ҳечам чиқинди полигонига ўхшамайди. Сувни ифлослантирмаслик учун орол махсус тўрдевор билан ўралганига қарамай, бу ердаги сув ва ҳавонинг тозалиги мунтазам равишда мониторинг қилинади. Оролнинг атрофида маҳаллий аҳоли бемалол чўмилиши ва балиқ овлаши мумкин.
Албатта, чиқиндилар уюмига қарши курашиш ва тоза шаҳарни барпо қилишда экомаданият тарғиботи юқори бўлиши лозим. Ўзбекистонда чиқиндини қайта ишлаш соҳасида бирор амалий ишлар бошланганми? Ўзбекистон атроф-муҳит ва экологияни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Ойбек Аҳаджоновнинг айтишича, мамлакатда 10 йилга мўлжалланган «Маиший чиқиндиларни комплекс бошқариш» стратегияси ишлаб чиқилмоқда.
«Ноябрь ойида унинг сўнгги таҳрир ишлари якунланади. Шахсан ўзим Германия, Жанубий Корея ва Хитой каби ривожланган давлатларнинг чиқиндини қайта ишлаш борасидаги тажрибасини ўрганиб келдим, уларнинг ижобий ютуқлари бизнинг стратегияга ҳам киритилган. Чиқиндини утилизация қилиш учун авваламбор унинг морфологиясини ўрганиш керак. Шунга кўра, мақбул технология танланади.
Маиший чиқинди масаласи уч босқичда ҳал қилинади. Дастлаб чиқинди ҳосил бўлишини камайтириш. Бунга кўра, 40 микронгача бўлган полиэтилен пакетларни ишлаб чиқариш ва импорт қилиш тақиқланди. Чунки улар утилизация учун яроқсиз. Шунингдек, кейинги йили депозит тизимини йўлга қўйиш режалаштирилган, яъни маҳсулот ишлаб чиқарувчиси ўз маҳсулотининг чиқиндисини қабул қилиб олади ва утилизациясини таъминлайди.
Иккинчи босқич чиқиндиларни ҳосил бўлган жойида саралаш бўлиб, қайта ишланадиган, қайта ишланмайдиган ва заҳарли моддаларни алоҳида ажратишни 2020 — 2021 йилгача тўла йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Сўнгги босқич қайта ишлаш. Бунда ҳозирда республика бўйича мавжуд 221та чиқинди полигонларини камайтириш ҳамда бевосита полигонларнинг ўзида чиқиндини қайта ишлаш кейинги 3 йилда таъминланади», дейди у.
Қўмита раиси ўринбосарининг сўзларига кўра, ҳар йили маиший чиқинди масаласи учун давлат бюджетидан 200 млрд сўм ажратилмоқда. Тизимни ривожлантириш учун давлат-хусусий шерикчилиги асосида тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилиш масаласи ҳам долзарб аҳамиятга эга.
«Ҳозирги кунда бир неча чиқинди йиғиш майдончаларида қоғоз ва пластик учун алоҳида контейнерлар ўрнатилган. Бу тизим синов тариқасида йўлга қўйилган бўлиб, ижобий натижа кўрсата бошлагач, бутун республика бўйлаб ишга тушади. Бу майдончаларда доимий равишда назорат олиб борувчи ходимларнинг бўлиши ҳам аҳолининг бу ишга масъулият билан ёндашишини таъминлайди», дейди «Махсустранс» давлат-унитар корхонаси раиси биринчи ўринбосари Шерзод Каттахўжаев.
Республика бўйича 184та чиқиндини қайта ишлаш корхонаси мавжуд бўлиб, уларда қоғоз ва пластикнинг барча турлари, қурилиш материаллари тўла утилизация қилиниши назарда тутилган. Каттахўжаевга кўра, ноябрь ойининг бошларида чиқинди пресслаш станцияларининг бирида синов тариқасида чиқиндини ажратиш ускунаси ҳам ишга тушади. Бундай ускуна ўзини оқласа, утилизация учун хом ашё масаласи ҳал бўларди.
Маълумот учун:
шиша маҳсулотлари — 1 млн йил;
резина — 80 йил;
консерва — 100 йил;
чарм — 50 йил;
нейлон — 40 йил;
полиэтилен — 20 йилда чирийди.
Юқоридагиларни инобатга оладиган бўлсак, чиқиндини ажратиш ва уни қайта ишлаш масаласини имкон қадар тезроқ ва самаралироқ ҳал этиш зарурати намоён бўлади. Акс ҳолда, «глобал чиқиндихона»нинг кенгайишига ҳисса қўшиб, унинг шароитида яшашимизга тўғри келади.
Саодат Абдураҳмонова
Мавзуга оид
14:38 / 30.10.2024
Италияда фаррош аёл 50 минг евролик пул ва тақинчоқлар солинган эски тўшакни чиқиндига ташлаб юборди
11:46 / 30.10.2024
1 ноябрдан бошлаб чиқиндидан қарзи борларга электр учун тўлов қилиш чеклаб қўйиладими?
12:10 / 29.10.2024
Тошкент вилоятида фуқаро ўзи ташлаган чиқиндини ўзи тозалади
14:50 / 25.10.2024