Жаҳон | 23:33 / 02.11.2018
18688
2 дақиқада ўқилади

АҚШ 8 та давлатга Эронга қарши санкцияларга амал қилмасликка рухсат берди

Фото: СС0

АҚШ Эрондан нефть импорт қилувчи 8 та давлат учун ватинчалик истиснолар қилди. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Майк Помпео маълум қилди.

Помпеонинг айтишича, бунинг эвазига ушбу давлатлар Эрондан нефть экспорт қилишни сезиларли камайтирганини кўрсатиши керак. Бироқ Помпео айнан қандай давлатлар санкциялардан озод этилишига аниқлик киритмаган, аммо улар орасида Европа Иттифоқи давлатлари йўқлигини қўшимча қилган. Таъкидланишича, давлат департаменти бу рўйхатни 5 ноябрда маълум қилади.     

Помпеонинг айтишича, АҚШ санкцияларсиз ҳам Эрон нефтининг кунига 1 млн баррел камроқ олинишига эриша олди. У АҚШнинг якуний мақсади Эрон нефти экспортининг тўлиқ тўхтатилишидан иборатлигини таъкидлаб ўтган.  

АҚШ 5 ноябрга ўтар кечаси Эрондан нефть сотиб олишни чекловчи, Теҳронга қарши санкцияларни тиклайди. 

Аввалроқ АҚШ давлат департаменти Эронга бажарилиши санкцияларнинг бекор қилинишига олиб келадиган 12 та талаб қўйган. Бу талаблар орасида террорчиликни қўллаб-қувватлаш, Суриядаги ҳарбий иштирок ва ядровий ҳамда баллистик ракеталарни яратиш бўйича дастурларнинг тўлиқ тўхтатилиши бор.

Мавзуга оид