Жаҳон | 20:40
1265
2 дақиқада ўқилади

Ироқда Трампнинг ўлими учун 10 миллион доллар мукофот ваъда қилинди

Эронпараст «Ироқ исломий ҳаракати» қуролли гуруҳи АҚШ президенти Доналд Трампнинг ўлими учун 10 миллион доллар мукофот эълон қилди.

Фото: AP/Altaf Qadri

Shafaq News хабарига кўра, ташкилот баёнотида айтилишича, бу пуллар жангарилар ва ҳаракат тарафдорларининг ихтиёрий хайриялари ҳисобидан тўпланган. Гуруҳ вакилларига кўра, бу қарор Трампнинг яқинда қилган баёнотларига жавоб бўлади, унда Оқ уй раҳбари Эрон генерали Қосим Сулаймоний ва Ироқ кўнгилли кучлари қўмондони ўринбосари Абу Маҳдий ал-Муҳандисни йўқ қилишдаги роли билан «мақтанган». Уларнинг иккаласи ҳам 2020 йил январь ойида Бағдодда Америка дронидан берилган зарба оқибатида ҳалок бўлган эди.

«Дунёдаги озод инсонлар болалар ва олимларнинг қотилларини таъқиб қилишда давом этади, золимларга эса ҳеч қачон тинчлик насиб этмайди», дейилади баёнотда. Шунингдек, унда Трампга суиқасд уюштирган ҳар қандай шахс, гуруҳ ёки ташкилотга мукофот тўланиши мумкинлиги қайд этилган.

Мукофот белгилангани ҳақидаги баёнот Трампга суиқасд тайёрланаётгани тўғрисидаги хабарлар фонида янгради. 10 июль куни CNN Исроил Вашингтонга разведка маълумотларини тақдим этгани, унга кўра, Эрон АҚШ президентини ўлдириш бўйича янги режа ишлаб чиққани ҳақида хабар берди.

Аввалроқ, Эрон олий раҳбари Али Хоминаий АҚШ зарбаси оқибатида ҳалок бўлганидан сўнг, Эронда Трампни ўлдиришга оммавий чақириқлар янграган эди. АҚШ президентининг ўзи ҳам Теҳрон «Америка етакчисини йўқ қилмоқчи» эканини ва ўзи ҳам Эрон ҳукуматининг нишонлари қаторида эканини тан олган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид