«Арсенал» ва «Ливерпуль» тўқнашуви, «Реал»нинг Солари билан қайтиши. Ҳафта ўйинлари анонси
Келаси ҳафта яна Чемпионлар Лигаси мусобақалари бўлиб ўтиши сабабли, бу сафар ҳам топ жамоалар миллий чемпионатдаги навбатдаги учрашувларини шанба куни ўтказишади. Айнан шу куни эътиборли ўйинларни кўпроқ кузатишимиз мумкин. «Арсенал» ва «Ливерпуль»: кимнинг ижобий серияси ниҳоясига етади? Соларининг «Реал»даги ҳақиқий дебюти қандай кечади? Истанбулдаги қонли дербинда бу сафар гол уриладими? Шу ва бошқа саволларни келтириб чиқарувчи ўйинлар анонси билан «Tribuna.uz»да танишинг.
АРСЕНАЛ – ЛИВЕРПУЛЬ
Ўтган турда «Кристал Пэлас» билан дуранг ўйнаб, «Арсенал» барча мусобақалар доирасидаги 11 учрашувдан иборат ғалабали сериясига нуқта қўйди. Аммо мағлубиятсиз серия давом этмоқда. 18 август куни «Стемфорд Бриж»да 2:3 ҳисобида мағлубиятга учраган Эмери шогирдлари кейин 12 ўйинда майдонга тушишди ва юқорида тилга олинган дурангдан бошқа, ҳаммасини ғалаба билан якунлашди. Жамоа ураётган бир-биридан чиройли голларни турли тармоқлардаги роликларда кўраётган бўлсангиз керак. «Арсенал» жуда яхши ҳолатда.
Аммо бошқа тарафдан лондонликларнинг мана шу учрашувлардаги 12 рақиби ичида энг кучлироғи «Эвертон» ёки «Вест Ҳэм». Яъни, мавсум бошида иккита топ ўйинни бой берган «Арсенал» кейин ҳақиқий синовга рўбару келгани йўқ. Айнан «Ливерпуль»га қарши ўйин «Арсенал»нинг ҳақиқий юзини, мавсумдаги ниятлари нақадар жиддий эканини намойиш қилиб бериши мумкин.
«Ливерпуль» умуман АПЛда ушбу мавсумда мағлубият нималигини билмай келаётган уч жамоадан биридир. Клопп шогирдлари фақат тўплар нисбати бўйича «Манчестер Сити»дан ортда қолмоқда. Бу темпни ушлаб туриш учун эса, ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш шарт. Анчадан бери чемпионлик учун курашмаган «Ливерпуль» учун бу режим ҳам янгилик, хўш, бу юкни жамоа кўтара оладими? «Манчестер Сити» бу турда ўз майдонида «Саутҳэмптон»ни қабул қилади ва катта эҳтимол билан очко йўқотмаса керак. Бу ҳам Клопп жамоасига қўшимча босим.
«Ливерпуль»нинг ҳам мавсумдаги топ ўйинларига эътибор берсак, «Тоттенҳэм» устидан сафарда ғалабага эришилди, аммо кейинги ўйинларда «Челси» ва «Манчестер Сити» билан дурангга рози бўлинди. Ҳар икки ўйинда ҳам рақиб ғалабага яқинроқ бўлганди – «Челси» сўнгги дақиқаларгача ҳисобда олдинда борган бўлса, «шаҳарликлар» ўйин охирида пенальтини аниқ амалга ошира олишмади.
Жароҳатлар борасида «Арсенал» энг асосий қуроллари бўлмиш қанот ҳимоячилари ёрдамига таяна олмайди. Начо Монреал, унга қўшилиб, Эктор Беллерин ҳам сонидан жароҳат олди. Меҳмонлар таркибида эса, майдон маркази бироз муаммоли. Асосий таркиб футболчилари саналадиган Наби Кейта ва Жордан Ҳендерсон жароҳат туфайли сафдан чиққан.
БОРНМУТ – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД
«Манчестер Юнайтед»нинг бугунги ҳолати масалан, икки ҳафта олдингидан фарқ қилади. Бу орада жамоа «Стемфорд Бриж»да яхши ўйин кўрсатишди, «Ньюкасл» ва «Эвертон» билан ўйинларда яхши ўйин намойиш этишди. «Ювентус»дан мағлубият вазиятга бироз соя солса-да, ҳозирда Моуриньога нисбатан босим сал камайгандек туюлмоқда.
Марсиял асосий таркибга қайтиб, октябрнинг энг яхши ўйинчиси бўлди, Погба Манчестер унинг уйи эканини айтмоқда, Шоу янги шартнома имзолади – бу янгиликлар жамоадаги муҳит яхшиланаётганини англатади. Ҳатто қишда раҳбарият Моуриньога таркибни кучайтириш учун юз миллион фунт бериши мумкинлиги ҳақида ҳам хабарлар тарқалди. Демак, истеъфо анча узоқлашди. Футболчилар Моуриньо қўл остида ҳам яхши ўйин кўрсата олишларини исботладилар.
«Борнмут» Жозе учун ўзига хос рақиб, зеро «Манчестер Юнайтед»даги унинг дастлабки ўйини ҳам айнан Борнмутда амалга ошган ва ўша ўйинда «қизил иблислар» 3:1 ҳисобида ғалаба қозонганди. Бу стадиондаги ўтган мавсумдаги ўйин ҳам 2:0 ҳисобида меҳмонлар фойдасига ҳал бўлган.
Эдди Хау шогирдлари жуда яхши спорт формасига кириб олишди. Премьер лигадаги сўнгги тўрт ўйинда бир дуранг ва уч ғалаба. Шу даврда Англия Лига кубогидаги икки учрашув ҳам «Борнмут» фойдасига ҳал бўлди. Жамоа ҳозирда «Тоттенҳэм»дан атиги 1 очко кам жамғарган ҳолда кучли олтиликдаги қайсидир маънода «Манчестер Юнайтед»нинг ўрнини олиб турибди. Бундай вазиятга «МЮ» сентябрда ҳам тушганди. Жуда яхши старт олиб, йўқотишсиз борган «Уотфорд» айнан Моуриньо жамоасидан мағлубиятдан сўнг, пастга шўнғишни бошлади. «Борнмут»нинг тақдири ҳам шундай кечадими ёки аксинча, бу ўйин Эдди Хау жамоасиги ўзига бўлган ишончни орттириш учун имконият бўладими, кўрамиз.
Дарвоқе, «Борнмут» сешанба куни Англия Лига кубогида майдонга тушди. Ўтган босқичда мағлубиятга учраган «МЮ» эса, дам олди. «Борнмут» кубок ўйинида баъзи етакчи футболчиларига дам берган бўлса-да, меҳмонларнинг кўпроқ дам олиш имкониятига эга бўлганликлари, балки уларга қўшимча устунлик яратиши мумкин.
ГАЛАТАСАРОЙ – ФЕНЕРБАХЧЕ
Туркияда сўнгги йилларда «Бешиктош» анча ишончли ва самарали ўйин кўрсатаётган бўлса-да, Истанбулнинг, умуман Туркиянинг асосий дербиси сифатида «Фенербахче» ва «Галатасарой» ўртасидаги тўқнашув тилга олинади. Бу дерби шунингдек, қитъалараро дерби сифатида ҳам номланади, сабаби, «Галатасарой» шаҳарнинг Европа қисмида, «Фенербахче» эса, Осиё қисмидан ўрин олган.
Фарқ фақат географик жойлашув нуқтаи назаридан эмас, ижтимоий томондан ҳам кўзга ташлашанди. 1905 йилда ташкил топган «Галатасарой» асосан шаҳарнинг Европага таассуб қилувчи бош ва интелигент қатламини ифода этган. Икки йил ўтиб эса, «Фенербахче» клубига асос солинади – жамоа асосан оддий халқ ва камбағалларни тамсил этади. Орадан юз йилдан кўпроқ вақт ўтса-да, ҳозир ҳам «саройлик» мухлислар рақибларини «гадойлар», «йўқсиллар» деб ҳам ҳақорат қилиб туришади. Сезганингиздек, бу дерби Европанинг бошқа дербиларидан фарқли равишда, нафақат майдонда, балки кўпроқ, майдон ташқарисида авж олган қарама-қаршиликлардан биридир. Бу дерби тарихида жанжаллар ҳам, бузилган оилалар ҳам, қон ҳам, ҳатто ўлимлар ҳам бўлган табиийки...
Бу сафарги дерби ҳар икки жамоанинг жуда оғир даврига тўғри келмоқда. Ўтган йили сўнгги турларгача чемпионлик курашини олиб борган «Фенербахче» жуда ёмон старт олди: ўтказилган 10 ўйиннинг ярмида мағлубиятга учраб, атиги 9 очко билан 15-ўринга тушиб кетди. Жамоа охирги ўрнидаги «Эрзурум»дан атиги 2 очко олдинда турибди, холос. Суперлигадаги беш ўйиндан бери «Фенербахче» ғалаба нималигини билмаяпти. Муваффақиятсизликлар ортидан жамоа бош мураббийи Филипп Коку истеъфога чиқариб юборилди. Олтинчи мана шундай ўйин «Фенербахче»ни турнир жадвалида энг охирги ўринга тушириб юбориши ҳам мумкин.
«Галатасарой» ҳам сўнгги ойни ёмон ўтказди. Беш ўйинда атиги 1 ғалаба. Суперлигада уч ўйиндан бери ғалаба қозонилгани йўқ. Натижада, Фотиҳ Терим шогирдлари Лигада учинчи ўрнига тушиб кетишди, жуда яхши бошланган Чемпионлар Лигасидаги имкониятлар ҳам бироз туман ортида қолди. Дарвоқе, келаси ҳафтада «Галатасарой»ни Германияга сафар ҳам кутиб турганини таъкидлаш керак. «Шальке»га қарши ўйин ЕЧЛ даги гуруҳ масаласида катта аҳамият касб этади.
Шундай бўлса-да, ҳар икки томонда ҳам бизга жуда яхши таниш бўлган футбол юлдузлари бор. Муслера, Нагатомо, Майкон, Фигули, Селчук, Фернандо, Белҳанда, Ндайе, Дердийок каби футболчилар «Галататарасой», Демирел, Шкртел, Исла, Дирар, Валбуэна, Айю, Солдадо, Слимани, Фрей кабилар эса, «Фенербахче» таркибида тўп сурадилар. Бу номлар бизга кучли бешликдаги чемпионатлар орқали ҳам жуда яхши таниш. Ушбу ўйин олдидан таркиб борасида мезбонларда муаммо кўпроқ. Акбаба, Дердийок, Фернандо, Нагатомо, Фигулининг майдонга тушишлари сўроқ остида. Меҳмонлардан эса, фақат Меҳмет Тўпалнинг жамоага ёрдам бера олмаслигини айтиш мумкин.
Ўзаро ўйинларда сўнгги йилларда деярли тенглик ҳукм сурмоқда. 7 ғалаба «Галатасарой»да, 7 ғалаба «Фенербахче»да ва яна 8 ўйинда дуранг қайд этилган. Ўтган мавсумдаги ҳар икки ўйинда ҳам ҳисоб очилмаган. Одатда 0:0 ҳисоби ё ўта зерикарли ёки ўта кескин учрашувларда қайд этилади. Бизнинг ўйин кўпроқ иккинчи тоифага киришини алоҳида айтиш шарт эмас. Зеро бундай ўйинлар одамларни ўзига жалб қилиш учун голга муҳтож эмас.
РЕАЛ – ВАЛЬЯДОЛИД
«Реал» ниҳоят Лопетегини истеъфога чиқарди ва «Вальядолид»га қарши жамоани Сантьяго Солари бошлаб тушади. Бу ўйин аргентиналик мутахассис учун биринчиси эмас. Ўтган куни жамоа янги мураббий қўл остида Испания кубоги учрашувида майдонга тушди ва 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Солари вақтинча мураббий вазифасини бажарувчи этиб тайинланди ва Ла Лига қоидаларига биноан, бундай ҳолат узоғи билан ўн беш кун давом этиши мумкин. Демак, Соларида футболчилар билан яхши муносабатни тиклаш, мухлисларга ёқадиган ўйин намойиш этиш ва шу орқали Перес ишончини қозониш учун яна учта ўйин бор. Дастлабки синов яхши бажарилди, лекин турнир жадвалида 6-ўринда бораётган ва мағлуб этиш жуда қийин бўлган рақибга қарши ўйин Соларининг салоҳиятини аниқроқ кўрсатиб беради.
Ростан ҳам «Вальядолид», айниқса, ҳимояда жуда ишончли ўйин кўрсатадиган жамоадир. Сержио Гонсалес шогирдлари кам тўп ўтказиб юбориш бўйича фақат «Барселона» ва «Атлетико»дан ортда бормоқда холос. Ўтказилган 10 учрашувнинг 5тасида Хорди Масип ўз дарвозасини длахлсиз сақлай олган – Облакдан кейинги кўрсаткич. «Вальядолид» 7 ўйиндан бери (шулардан бири кубок ўйини) мағлубиятга учрамай келмоқда.
Таркибдаги йўқотишлар борасида меҳмонларда ҳаммаси жойида. «Реал» эса, ҳимояда муаммоларга эга. Дани Карваҳал ва Рафаел Варанга қўшилиб, энди Марселонинг ҳам майдонга тушмаслиги ҳақиқатга яқинроқ. Ҳужумчи Мариано Диас ҳам мушаклардан олган жароҳати туфайли сафда бўлмайди.
Аммо бу ўйинда балки, ёзда «Реал» 45 миллион еврога сотиб олган Винисиус Жуниорни таркибда кўришимиз мумкин. Лопетеги бразилиялик 18 ёшли ҳужумчига у қадар ишонмаганди, аммо «Кастилья» сафида ҳужумчи беш ўйинда майдонга тушиб, 4 гол урди. Солари «Кастилья»дан ўзи билан бирга Жуниорни олиб келгани бежизга эмас, мураббий унга ишонади. Ҳафта ўртасида «Мелилья»га қарши кечган кубок ўйинида ҳам Винисиус майдонда тўлиқ ҳаракат қилди.
«Вальядолид» 2013/14 йилги мавсумдан бери илк бор Ла Лигада қатнашмоқда. Жамоа ўшанда Сегундага тушиб кетмасидан олдин ҳам икки йил Ла Лигада иштироқ этганди. Ўша мавсумлардаги 4 ўйинан 3тасида мадридликларнинг қўли баланд келган. Охирги учрашув эса, 2014 йилнинг май ойида 1:1 ҳисобида якунига етган.
ЧЕЛСИ – КРИСТАЛ ПЭЛАС
Лондон дербиси. Ўтган турда бошқа бир дербида майдонга тушган «Кристал Пэлас» «Арсенал»нинг ғалабали сериясига чек қўйди. Хўш, «бургутлар» «Челси»нинг мағлубиятсиз сериясига чанг сола оладиларми?
«Челси»нинг бугунги ҳолати, ўйиннинг «Стэмфорд Бриж»да экани ҳам чалғитмасин, зеро жамоалар ўртасидаги сўнгги 4 учрашув ҳам минимал ҳисобда якунланган ва ҳатто 2тасида «Кристал Пэлас»нинг қўли баланд келган. Қизиғи, худди шундай статистикани айнан «Стемфорд»да бўлиб ўтган сўнгги 4 ўйин учун ҳам қўллаш мумкин. Бу ўйинларнинг ҳам иккитасида меҳмонлар ғалаба қозонишган.
«Кристал Пэлас»нинг АПЛдаги натижалари, айниқса, кучсизроқ жамоалар билан ўйинлари таркибга мос эмас дейиш мумкин. Жамоа беш йўиндан бери ғалаба нималигини билмай келмоқда. Шунингдек, куни кеча, Англия Лига кубоги баҳсида қўйи лига вакили «Мидлсбро»га имконият бой берилди.
Қониқарсиз натижалардан келиб чиқиб, кейинги паллалар Рой Ҳожсон шогирдлари учун янада қийин бўлиши тахмин қилинаётганди. Чунки ўтган ҳафта «Арсенал» билан ўйиндан бошланган давр, энди «Челси», кейинги ҳафталарда «Тотенҳэм» ва «Манчестер Юнайтед» билан давом этиши керак. Аммо айнан «Арсенал» билан ўйинда жамоа очко олишни бошлади.
«Азарсиз икки ўйинда етти гол – жуда яхши кўрсаткич» – деб изоҳ берди «Бёрнли»даги 4:0 ҳисобидаги ғалабадан сўнг Маурисио Сарри. Бу ўйинда ҳам Азарнинг майдонга тушиши сўроқ остида. Шундай бўлса-да, жамоа етакчи футболчисиз ҳам ҳужумда самарали ўйнашни ўрганиб олмоқда. Азардан ташқари Оливье Жиру ҳам бу ўйинда жамоасига ёрдам бера олмаслиги мумкин. «Кристал Пэлас» сафида, Кристиан Бентекенинг бўлмаслигига ҳамма ўрганиб қолди. Шунингдек, Жоел Уорд ҳам бу ўйинда ўйнай олмаслиги мумкин.
БОШҚА ЎЙИНЛАР
2 ноябрь. «ПСЖ» – «Лилль» (3 ноябрга ўтар кечаси, 00:45), «НАПОЛИ» – «Эмполи» (3 ноябрга ўтар кечаси, 00:30)
3 ноябрь. «Леганес» – «АТЛЕТИКО» (17:00), «ИНТЕР» – «Женоа» (19:00), «БАВАРИЯ» – «Фрайбург» (19:30), «Вольфсбург» – «БОРУССИЯ» Д (19:30), «Фиорентина» – «РОМА» (22:00), «ЮВЕНТУС» – «Кальяри» (4 ноябрга ўтар кечаси, 00:30), «Райо Вальекано» – БАРСЕЛОНА» (4 нояборга ўтар кечаси, 00:45)
4 ноябрь. «МАНЧЕСТЕР СИТИ» – «Саутҳэмпто» (20:00), «Удинезе» – «МИЛАН» (5 ноябрга ўтар кечаси, 00:30).
Мавзуга оид
15:52 / 10.11.2024
«Арсенал»да ҳам инқироз. Бунинг сабаблари нимада?
12:28 / 07.11.2024
«Вилла» ўйинида аҳмоқона пеналти, «Барса» истаганча гол урмоқда. Кун ўйинлари
12:33 / 03.11.2024
АПЛда сенсациялар куни, Ҳусановда илк қизил. Кун ўйинлари
14:31 / 02.11.2024