Ўзбекистон | 19:08 / 03.11.2018
21073
3 дақиқада ўқилади

Урганч - Чолиш - Беруний йўлида қулаб тушган кўприкни тиклаш ишлари давом этмоқда

1 ноябрь куни тунда 4р161 Урганч - Чолиш - Беруний автомобиль йўлининг Урганч тумани Чолиш шаҳарчасидаги Тўғай-обод канали устига қурилган кўприк қисман қулаб тушди. 

Дастлабки маълумотларга кўра, кўприк юк автомобилининг оғирлигини кўтаролмай, қулаб тушган. Транспорт воситаси унинг устидан ўтиб кетишга улгурган, жабрланганлар йўқ.

Айни пайтда, мутасадди ташкилотлар томонидан кўприкнинг қулаб тушиши сабаблари ўрганилмоқда.

3 ноябрь куни ҳолатига кўприкда таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани сабабли, 4р161 йўли орқали Хоразм вилоятини Қорақалпоғистоннинг Беруний тумани билан боғловчи, Амударё кўпригига ўтишнинг иложи йўқ. 

Барча транспорт воситалари айланма йўлларга йўналтирилмоқда. Хусусан, Урганч шаҳридаги янги автомобиль бозори олдидан ўтган Урганч - Хайват - Қўшниёзбош сув иншооти йўли орқали, қулаган кўприкни айланиб ўтиб, Амударё кўпригига чиқиш мумкин.

Қорақалпоғистон Республикасидан Хоразм вилоятига келаётган транспорт воситалари Хазорасп туманида жойлашган Тошсоқа темир-йўл ва автомобиль кўприги орқали, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманини Хоразм вилояти Гурлан тумани билан боғловчи йўл орқали кириб келиши мумкин. Бундан ташқари, вазни 3,5 тоннадан ортиқ бўлмаган транспорт воситалари Хонқа тумани пантон кўприги орқали кириб келиши тавсия қилинмоқда.

Ҳозирги вақтда қулаб тушган кўприк ёнидан бошқа, вақтинчалик, кичикроқ кўприкнинг қурилиш ишлари давом этмоқда. 

Урганч тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбари Баҳром Оллоназаров сўзларига кўра, кичик кўприк якшанба, 4 ноябрь куни ишга туширилади.

«Тўғай-обод каналидан ўтувчи кўприк 1974 йилда қурилган. Унинг қулаб тушиши сабаблари мутасадди ташкилотлар томонидан ўрганилмоқда. 

Ҳозирги вақтда шу кўприк ёнидан вақтинчалик, кичикроқ кўприкнинг қурилишини тугатмоқдамиз. Уни 4 ноябрь куни ишга тушириш режалаштирилмоқда. 

Бу кўприкка яқин масофада яна бир каттароқ кўприк бор. Тирбандликлар вужудга келмаслиги учун, унинг ёнидан ҳам яна бир кичик кўприкнинг қурилишини бошладик. Бу ишлар якунланганидан сўнг, 2та кичик кўприк орқали автомобилларнинг ҳаракатланиши йўлга қўйилади», - деди Оллоназаров.

Мавзуга оид