Ўзбошимчалик билан қурилган уйлар: масъуллар бефарқлигига сабаб бўлаётган омиллар
Қачонлардир аҳоли ноқонуний қуриб олган уй-жойлар ва уларни мулк ҳуқуқи сифатида эътироф этиш муаммоси энг оғриқли ижтимоий масалаларидан бири ҳисобланади. Ушбу жараёнда мансабдор шахсларнинг сансалорлиги, масъулиятсизлиги ва ўз тили билан айтганда маънавиятсизлиги кузатилмоқда. Халқни қийнашдан ким манфаатдор? Айбдор ким?
Турар жойларга мулк ҳуқуқини бериш мураккаб вазиятлигича қолмоқда. Бунда бир қанча ташкилотларга мулк ҳуқуқини эътироф этишда иштирок этиш масъулияти юкланган ва бу бўйича ҳар бир туман (шаҳар)да хоким ўринбосари раислигида комиссия иш юритади. Иш бундоқ бўлибди, аввало, комиссия фаолиятини бирлаштириб, назорат қилиш комиссия раисининг вазифаси ҳисобланади. Фуқаролар ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга мулк ҳуқуқини олиш учун ариза билан Давлат хизматлари марказларига мурожаат этганидан сўнг, ариза бир соат ичида туман (шаҳар) кадастр идорасига тизим орқали юборилади. Кадастр идораси икки кун ичида комиссия аъзоларига хулоса олиш учун иморатнинг техник режасини ва фуқаронинг аризасини электрон тизим орқали юборади. Ушбу тизим “Кадастр 2.0” деб номланади ва у жараёнда иштирок этувчи ташкилотлар ўртасида ахборот алмашинувини мувофиқлаштиради.
Комиссия таркиби кимлардан иборат?
- Туман ер-кадастр бўлими;
- Туман қурилиш бўлими;
- Туман экология бўлими;
- Давлат санитария ва эпидемиология назорат маркази;
- Ички ишлар бўлими;
- Солиқ инспекцияси;
- Туман ёнғин хавфсизлиги бўлими.
Комиссия аъзолари келиб тушган ариза (унга мурожаат этувчининг паспорт нусхаси, унинг оила аъзолари ҳақида ҳамда ер участкасига эгалик қилган муддатлари ва иморат қурилган вақт тўғрисида маҳалладан маълумотномалари илова қилинади) бўйича беш иш куни давомида ўзбошимчалик билан қурилган иморатга оид ўз хулосаларини кадастр идорасига тизим орқали юборишлари талаб этилади. Барча маълумотлар бир жойга жам бўлгач, рад этишга асос бўлмаган ҳолларда, далолатнома тузилади ва тасдиқлаш учун туман, шаҳар ва вилоят ҳокими ўринбосарлари – комиссия раиси томонидан тасдиқланади. Шундан сўнг фуқарога ЭКИҲнинг 5 баравари миқдоридаги бир марталик йиғимни 4 иш куни мобайнида амалга ошириши ҳақида электрон тарзда хабар юборилади. Энг охирги босқич – туман (шаҳар) ҳокимининг қарори 2 иш куни ичида чиқарилади. Умумий ҳисобда 11 иш кунида фуқаро мурожаати кўриб чиқилиши белгиланган.
Тўлов қаерга йўналтирилади?
20% - Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ғазна ҳисоб рақамига;
20% - Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастрларини ривожлантириш жамғармасига;
20% - Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк давлат корхоналари ҳисоб рақамига;
40% - тегишли туман (шаҳар) маҳаллий бюджетларИГА ЙЎНАЛТИРИЛАДИ.
Мурожаатлар бўйича статистика:
2018 йил июль ойидан 30 октябргача бўлган вақт оралиғида давлат хизматлари марказларига келиб тушган ариза сони - 65970 та;
мулк ҳуқуқи берилган- 8490 та;
кўриб чиқилмоқда - 44076 та;
рад этилган - 6791 та.
Ҳаммаси худди Фармонда белгиланганидек амалга ошириляпти. Вазифалар белгиланган, иш тақсимоти ойдек равшан. Хўш, муаммо қаерда? Ёки ҳаммаси фақат қоғозда “силлиқ” кетяптими? Масала моҳиятига қарайдиган бўлсак, бу борада қатор ҳуқуқбузарликлар содир этилган, балки бу ҳалигача давом этаётгандир.
Давлат хизматлари агентлиги бош маслаҳатчиси Улуғбек Маҳмудов берган маълумотига кўра, шу кунга қадар комиссия аъзоларининг 257 нафар ходими маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, 75 нафар масъул шахс интизомий жавобгарликка тортилди. Юқорида саналган 7та органнинг айримлари бирдай масъулият билан фаолият олиб бормаётганлиги ҳам фуқароларни, ҳам Давлат хизматлари агентлиги фаолиятини қийинлаштирмоқда. Хусусан, республикадаги баъзи Ички ишлар бўлими, солиқ инспекцияси, туман қурилиш бўлимлари ортиқча бюрократик тўсиқлар билан “ҳимояланиш”ни афзал кўришмоқда. Бунга нима сабаб бўлмоқда?
Маҳмудов ушбу ташкилотлар иш кўплигини баҳона қилиб белгиланган вазифани вақтида бажармаётганликларини, ўз вақтида хулоса тақдим этишмаётганлигини таъкидлаб ўтди. Натижада фуқаролар ойлаб сарсон бўлишмоқда.
Бир тарафдан олиб қараганда, масъул шахсларга кўрилаётган қатъий чоралар ўз самарасини бераётгандир. Лекин бунинг ўзи етарлимикан? Янаям таъсирчан ечим топиш керакдир. Энг катта муаммолардан бири - ҳар бир ташкилот таркибида ноқонуний қурилган уйларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича алоҳида гуруҳ шакллантирилмаган.
Масалан, архитектор ўзига юклатилган вазифаларни амалга оширишдан ташқари яна комиссия аъзоси бўлса, у аввал қайси топшириқни бажариши керак? Умуман олганда, комиссия таркибига киритилган масъулларни айрим қўшимча ишдан озод этиш иш сифати ва унумдорлигини оширишга хизмат қиларди. Муаммони ҳал қилишда унинг ичига кириб ўрганиш лозим. Фақат жазо чорасини қўллашнинг ўзи эса етарли эмас, назаримда.
Мавзуга оид
10:15 / 23.11.2024
Тошкентда уй-жойга инвестициялар даромадлилиги тушиб бормоқда
10:27 / 14.11.2024
Тошкентда энг арзон уй-жой ижараси қайси туманларда экани айтилди
12:10 / 13.11.2024
Ўзбекистон уй-жой бозорида фаоллик даражаси пасайди
17:42 / 07.11.2024