АҚШда қандолатчи касал рафиқаси билан кўпроқ вақт ўтказиши учун маҳсулотлари барвақт сотиб олинмоқда
АҚШнинг Калифорния штатида жойлашган Сил Бич шаҳри аҳолиси маҳаллий қандолатхона эгаси дўконни эртароқ ёпиб, шифохонадаги бемор рафиқаси ёнига тезроқ бориши учун ундан барча пишириқларни иложи борича эртароқ сотиб олишга ҳаракат қилишмоқда.
Қандолатхона 28 йил аввал очилган, уни эгалари Жон ва Стелла Чан одатда бирга ишлашган. Бироқ октябрда дўконнинг доимий мижозлари Стелла ишга чиқмаётганини пайқашган. Улар бу ҳақда Жондан сўрашганда, у рафиқаси аневризма касали сабабли шифохонага тушиб қолганини айтган.
Шунда доимий мижозлардан бири Доун Кавиола агар Чан ишини эртароқ тугатса, унда ишдан барвақт кетиб, рафиқасини кўргани бориши мумкинлиги ҳақидаги қарорга келган. Бунинг учун эса пишириқлар эрталабданоқ сотиб кетилиши керак бўлган. Кавиола маҳаллий аҳолига бу ҳақидаги таклиф билдирилган хабарни жўнатган ва аҳоли бунга катта иштиёқ билдирган.
Ўшандан бери Чан маҳсулотларни тушликкача, аввалгидан тахминан 3 соатча олдин сотиб бўлмоқда. Ҳаттоки бир марта дўконга эрталабдан шунчалик кўп мижоз келганки, Чан соат 10гача бўшашга муваффақ бўлган. Маҳаллий фуқаролардан бири Карен Комо Чандан ўз гуруҳи учун эрталабдан 36 та пончик сотиб олган. “Навбат сабабли кеч қолдим, бироқ ҳеч кимнинг жаҳли чиқмади, чунки мен дарсга пончликлар билан боргандим-да”, деб эсламоқда Карен Комо.
Бошқа бир фуқаро Марк Лупесконинг айтишича, Чанлар оиласини боқиш учун ҳамиша кўп ишлайдилар.
“Биз уларни, айниқса ҳозирда ёрдам керак бўлган бундай вақтда қўллаб-қувватлашимиз керак”, деб айтган Лупеско.
Мижозлардан бири ҳаттоки Чанлар учун GoFundMe’да пул йиғишни йўлга қўймоқчи бўлган, бироқ Чан буни рад этган. Кавиоланинг таъкидлашича, Чан пули етарлилигини, у шунчаки рафиқаси билан кўпроқ вақт ўтказишни истаётганини айтган.