Ўзбекистон | 21:17 / 05.11.2018
10669
2 дақиқада ўқилади

Аёлларнинг касб танлаш имкониятларини кенгайтириш масаласи кўриб чиқилмоқда 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли эканлиги белгиланган. Шундан келиб чиқиб, қатор қонун ҳужжатларида мазкур тенгликни таъминлаш бўйича қоидалар киритилган. Хусусан, Меҳнат кодексига мувофиқ жинс, ёши, ирқи, миллати каби меҳнатга алоқадор бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб, меҳнатга оид муносабатлар соҳасида чеклашларга йўл қўйилмайди, дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизматида. 

Шундай бўлса-да, ҳозирги кунда амалдаги айрим қонун ҳужжатларида аёлларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқини чеклаш ҳолатларини кўриш мумкин. Масалан, Аёллар меҳнати тўлиқ ёки қисман қўлланилиши тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар рўйхати (http://lex.uz/docs/815783) билан жами 400 га яқин касбда аёлларнинг ишлаши тақиқланган.

Таъкидлаш жоизки, мазкур ҳужжатнинг қабул қилинганига 18 йилдан ошди. Техника тараққиёти туфайли бундан 15-20 йиллар аввал аёллар фойдаланиши қийин бўлган баъзи техник ускуналар ҳозирда аёллар ҳам бемалол ишлата оладиган даражага етган. Масалан, мазкур ҳужжатга мувофиқ, аёлларнинг йўловчилар сони 14 нафардан ортиқ сиғимли автобусларнинг ҳайдовчиси бўлиб ишлаши тақиқланади. Ваҳоланки, ҳозирги кунда ушбу русумдаги транспорт воситасини бошқариш учун жуда катта жисмоний куч талаб қилинмайди. 

Аёллар ҳуқуқлари чекланишининг олдини олиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан  мазкур ҳужжат манфаатдор идоралар билан ҳамкорликда қайта кўриб чиқилмоқда.

“Юқоридагиларга кўра, мазкур Рўйхатни такомиллаштириш бўйича таклифларни Телеграм мессенжеридаги @qonunchilikbot ботига ёки d.umarov@adliya.uz электрон почта манзилига юборишингизни сўраймиз”, - дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизматида.

Мавзуга оид