Жаҳон | 14:39 / 05.11.2018
7354
2 дақиқада ўқилади

Хитой АҚШнинг ракеталар бўйича келишувдан чиқишига қарши эканлигини билдирди

Фото: AP Photo / Ng Han Guan, File

Хитой АҚШнинг ўрта ва кичик масофаларга мўлжалланган ракеталарни йўқ қилиш ҳақидаги шартномадан чиқишига ҳамда унга кўп томонлама тус берилишига қарши. Бу ҳақда Хитой ТИВ расмий вакили Хуа Чуньин маълум қилди.

"Мазкур шартнома халқаро муносабатларни юмшатиш, ядровий қуролсизланиш ҳамда стратегик мувозанат ва барқарорликни тутиб туришда муҳим роль ўйнаган АҚШ ва СССР ўртасидаги икки томонлама келишувдир. У ҳозирда ҳам долзарб аҳамиятга эга.

Аммо ундан бир томонлама тарзда чиқиш кўп томонлама салбий таъсир қилади. Биз бундай бир томонлама қадамга қаршимиз ҳамда шартномага кўп томонлама тус берилишига ҳам қарши чиқамиз", - деди у.

Хуа Чуньиннинг таъкидлашича, Хитойнинг хавфсизлик соҳасидаги сиёсати "мудофаа тусида". 

"Биз ҳарбий қудратимизни ривожлантириш борасида ўзимизни тийиб олганмиз ва бошқа давлатларга хавф солиш ниятида эмасмиз", - деди ТИВ вакили.

Ўрта ва кичик масофаларга учишга мўлжалланган ракеталарни йўқ қилиш бўйича шартнома 1987 йилда собиқ иттифоқ президенти Михаил Горбачев ва АҚШ президенти Рональд Рейган ўртасида тузилган. Бу келишув томонларга 500 километрдан 5,5 минг километр масофага ҳаракатланувчи баллистик ва қанотли ракеталарга эга бўлишга рухсат бермайди. Москва ва Вашингтон доимий равишда бир-бирини бу келишувни бузишда айблаб келади.

1991 йилда келишув тўлиқ бажарилган. Собиқ иттифоқ келишув доирасида 1752та, АҚШ эса 859та баллистик ракетани йўқ қилган.

Эслатиб ўтамиз, 20 октябрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтон собиқ иттифоқ билан тузилган ўрта ва кичик масофаларга мўлжалланган ракеталарни йўқ қилиш келишувидан чиқишини маълум қилганди. 

Мавзуга оид