Жаҳон | 22:21 / 07.11.2018
4760
2 дақиқада ўқилади

Трамп демократларга қарши суриштирув бошлаш билан таҳдид қилди

АҚШ президенти Дональд Трамп агарда демократлар вакиллар палатасида республикачиларга қарши суриштирув бошлайдиган бўлса, махфий маълумотлар сизиб чиққани учун конгресс сенатида демократларга қарши суриштирув ишларини бошлаш билан таҳдид қилди. У бу ҳақда ўзининг Twitter саҳифасида маълум қилди.

"Агарда демократлар солиқ тўловчиларнинг пулларини вакиллар палатасида бизга қарши суриштирув олиб бориш учун сарфлаш ҳақида ўйлайдиган бўлишса, биз ҳам ўз навбатида махфий ахборотлар сизиб чиққани учун сенатда уларга нисбатан суриштирув бошлаш имкониятини кўриб чиқишга мажбур бўламиз. Кўрамиз, ким ютаркин!" – деб ёзди у.

Аввалроқ Fox News телекомпанияси вакиллар палатасида кўпчиликни ташкил этган демократлар Трампнинг сайловолди штаби ходимлари Россия билан тил бириктирганлиги бўйича айбловлар юзасидан суриштирув ишларини қайтадан бошлашлари кутилаётганини ва Трамп маъмуриятининг юқори лавозимли амалдорларини кўрсатма бериш учун чақиришларини қайд этганди.  

Эслатиб ўтамиз, Америка махсус хизматлари 2016 йилги АҚШ президенти сайловлари жараёнига Россия аралашганини билдирган. Президент Дональд Трамп ва унинг ёрдамчилари бу айбловни бир неча бор рад этишган. Москва ҳам мазкур айбловлар асоссиз эканлигини таъкидлаб келади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид