Ўзбекистон | 20:30 / 08.11.2018
12399
2 дақиқада ўқилади

Афғонистон вазири: “Ўзбекистон ва Тожикистон каби дўстларимиз бор экан, ҳеч бир душмандан қўрқмаймиз”

Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Мамлакатнинг демократик янгиланиши ҳамда модернизациясида аёлларнинг роли: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт» номли халқаро конференцияда Афғонистоннинг аёллар масалалари билан шуғулланувчи вазири Дилбар Назарий Афғонистоннинг Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқалари кундан-кунга яхшиланиб бораётганини таъкидлади.

“Шукурки, Афғонистоннинг Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқалари кундан кунга яхшиланмоқда. Ўзбекистон ва Тожикистон каби дўстларимиз бор экан, ҳеч бир душмандан қўрқмаймиз. Шундай экан, мамлакатларимиз аёлларининг ўзаро ҳамкорликда иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳаётда янада фаоллашишига умид қиламиз”, дейди у.

Дилбар Назарийнинг KUN.UZ мухбирига маълум қилишича, бугунга келиб Афғонистонда 4 нафар аёл вазир ва 9 вазир ўринбосари фаолият юритади, парламентда – 27 фоизи, давлат идораларида – 23 фоизи аёллар, элчиларнинг 5 нафари аёл, 40 фоиз қиз  умумтаълим мактабларида, 23 фоиз қиз университетларда таълим олмоқда.

Дилбар Назарий
Фото: Динара Чиркова

Вазир Тошкентда бўлиб ўтган халқаро анжуманнинг Афғонистон хотин-қизларига таъсири катта эканини қайд этди.

“Бу ерда муваффақиятли фаолият юритаётган раҳбар ходимлар билан кўришдим, уларнинг фаолияти билан танишдим. Халқаро конференция якунларига кўра, ҳамкорлик келишувини имзолаб, режаларни ҳаётга татбиқ қилишга киришамиз”, деди Назарий.

Мавзуга оид