Спорт | 16:00 / 08.11.2018
19100
13 дақиқада ўқилади

Манчестердаги аҳмоқона пенальти ва «МЮ»нинг Туриндаги қаҳрамонлиги. ЕЧЛда тур якунлари

Чемпионлар лигасида 4-тур учрашувлари якунланди. Жамоалардан бири - «Барселона» муддатидан олдин кейинги босқич масаласини ҳал қилиб ҳам қўйди. Яна бир қатор жамоалар бу турда плей-офф учун яна бир қадам ташлашди. Шунингдек, бу мавсумда нимчорак финалда ўйнашдан умид узган жамоалар ҳам маълум бўлиб қолди. «Трибуна» чоршанба оқшомида ўтказилган учрашувлар таҳлилини келтиради.

Манчестернинг чиройли ғалабасини хунук қилган Стерлинг

F гуруҳи
«Манчестер Сити» – «Шахтёр» – 6:0 (Сильва, 13. Габриэл Жезус, 24, пенальти, 72, пенальти, 90+2. Стерлинг, 48. Марез, 84)

Сафардаги ўйинда бўлгани каби бу ўйин арафасида ҳам «шаҳарликлар»нинг асосий етакчиси Кевин де Брюйне жароҳат туфайли сафдан чиққанди, «кончилар» сафида эса жамоа сардори Тайсон сафга қайтди. Умуман олганда, бу вазият ҳеч нарсага таъсир кўрсатмади, Хосеп Гвардиола шогирдлари илк дақиқаларданоқ ўйинни ўз қўлларига олишди. Биринчи хавфли ҳужумдаёқ Маҳрезнинг қулай пасини Давид Сильва голга айлантирди. «Сити» футболчиси ўз фаолияти давомида илк марта ЕЧЛдаги қаторасига уч ўйинда гол урди.

Бу ўйин бош ҳакам Виктор Кашшаининг қўпол хатоси билан ёдда қоладиган бўлди. У «Шахтёр» ҳимоячиси Матвиенко Стерлингга тегмаган вазиятда уни қўполлик қилганликда айблаб, пенальти белгилади. Ҳолбуки, бу вазиятда англиялик футболчи газонга қоқилиб йиқилганди. Аммо у ҳакамга пенальти бўлмаганини айтишни ўзига эп билмади. 11-метрлик нуқтага яқинлашган Габриел Жезус совуққонлик билан ҳаракат қилди.

Танаффусдан кейин Стерлинг ўзини оқлашга ҳаракат қилди - у «Шахтёр» тарбияланувчиси ҳисобланувчи Зинченконинг пасидан кейин кучли ва чиройли зарба билан Пятков дарвозасини ишғол қилди.

Кейин эса Жезус яна бир бор пенальтидан гол урди, Маҳрез ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйди, ўйиндаги якуний ҳисоб Жезуснинг ҳеттриги билан ўрнатилди - 6:0. Манчестерликлар амалда кейинги босқичда.

«Лион»нинг янги триллери
«Лион» – «Ҳоффенҳайм» – 2:2 (Фекир, 19. Ндомбеле, 28 – Крамарич, 65. Кадержабек, 90+2)

«Манчестер Сити» майдонидаги ғалаба (2:1), «Шахтёр» билан ўйиндаги матонатли дуранг (2:2) ва «қишлоқилар» жамоаси билан шиддатли баҳсдан (3:3) кейин «Лион» яна бир томошабоп ўйин намойиш этди. Брюно Женезьо жамоаси гуруҳнинг безагига айланмоқда. Бу жамоадан нима кутишингни билмайсан, лекин фақат қизиқ воқеалар рўй беради.

Бу сафар французлар ўз мухлисларини ҳайрон қолдиришди. «Ҳоффенҳайм»га қарши жавоб ўйинида жамоа иккита тўп фарқи билан олдинга чиқиб олишди, Нухунинг четлатилишидан кейин сон бўйича устунликка эга бўлишди. Ғалаба учун яна нима керак эди? 

Майдон эгаларида бу саволга жавоб топилмади, шундан кейин «Ҳоффенҳайм» ҳисобни қисқартирди. Қўшимча дақиқаларда эса Кадержбекнинг голи эвазига немислар Лиондан очко олиб қайтадиган бўлди. Икки ҳафта муқаддам ҳам жамоасини қутқарган Жоэлинтон бу сафар голли пас муаллифи бўлди.

Солари бош мураббий бўладими?

G гуруҳи 
«Виктория» Плзень – «Реал» – 0:5 (Бензема, 20, 37. Каземиро, 23. Бэйл, 40. Кроос, 67)

«Қироллик клубида» бош мураббий вазифасини «вақтинча бажарувчи» сифатида учинчи ўйинда жамоани майдонга бошлаб келган Сантьяго Солари ишончни оқламоқда. Аввалига Испания Кубогида, кейин Ла Лигада илк ўйинларида зафар қучган жамоа ЕЧЛдаги илк ўйинида йирик ҳисобдаги ғалабага эришди. Уни энди Зинедин Зиданнинг йўли давомчиси сифатида кўра бошлашди. Аргентиналик мутахассис бир жиҳатдан Зиданни ортда қолдирган: у дебютдаги қаторасига 3 ўйинда «қуруқ» ғалабага эришди, бу клуб тарихида 1957 йилдан буён кузатилмаган ҳодисадир.

Бу ўйинда Карим Бензема очилди, у худди Мессидек ҳаракат қилиб, рақибнинг уч ҳимоячисини ортда қолдирди ва тўпни дарвозабоннинг оёқлари орасидан ўтказди. Унинг «Реал» сафидаги юбилей - 200-голи жамоадошларини руҳлантириб юборди ва чехлар дарвозаси яна 4 марта ишғол этилди. Танаффус арафасида тўртинчи гол ўтказилганда мезбонлар бош мураббийи Павел Врба захира ўриндиғи ортига яширинишга мажбур бўлди. Унинг жамоаси ҳимояси қисмларга ажратилиб ташланганди. Мадридликлар учта голни ҳаводаги узатмалар орқали уришди. 

Бэйлнинг голи эса таҳқиромуз бўлди. Унга ассистентлик қилган Бензема Мадрид клуби афсоналари қаторига кирди. У энди Уго Санчес, Ференц Пушкаш, Карлос Сантильяна, Альфредо Ди Стефано, Рауль ва Криштиану Роналду қаторида клуб учун 200дан ортиқ гол урган футболчига айланди. Ўйин охирида унинг ўрнига майдонга туширилган Винисиус Жуниор эса Кроосга голли узатма берди.

ЦСКА (Россия) – «Рома» (Италия) – 1:2 (0:1) 
Голлар: Манолас, 4 (0:1). Сигурдссон, 50 (1:1). Пеллегрини, 59 (1:2). 
Армиячилар ўйин бошидаёқ асосий футболчиларидан бири Марио Фернандесни йўқотди ва мағлубиятга учради.

«Рома» ўйин бошидаёқ ташаббусни қўлга олди, Жеко Флоренцининг пасини дарвоза томон йўллади, тўп йўлига чиқиб келган Набабкин уни майдон ташқарисига чиқариб юбормоқчи эди, аммо унга эга чиққан Константинос Манолас Акинфеевни доғда қолдирди. Аммо 12-дақиқада ЦСКА учун янада даҳшатлироқ воқеа рўй берди, асли бразилиялик, Россия фуқаролигини олган Марио Фернандес Александр Коларов билан тўқнашувдан кейин ҳушини йўқотди, уни майдондан олиб чиқиб кетишди.

Биринчи бўлимнинг иккинчи қисми ва иккинчи бўлимнинг боши мезбонлар устунлигида кечди. Бу устунлик гол олиб келди - Сигурдссон Робин Ольсеннинг яқин бурчагини аниқ нишонга олди. Аммо бўлим давомида учрашув бош ҳаками Жунайт Чақир Клювертга қўполлик қилгани учун москваликларнинг бошқа бир исландиялик футболчиси Магнуссонни майдондан четлатди. Сондаги устунликдан «Рома» унумли фойдаланди. Пеллегрини офсайд чегарасида ҳаракатланиб, Жекодан пас қабул қилиб олган ҳолда Акинфеев дарвозасига яна бир гол урди. Энди ЦСКА гуруҳда 4 очко билан учинчи ўринда қолмоқда.

Левандовскининг юбилейи ва «Аякс»нинг иродали дуранги

Е гуруҳи
«Бавария» – АЕК – 2:0 (Левандовски, 31, пенальти, 71)
Нико Ковачнинг Мюнхендаги келажаги бўйича мунозаралар давом этаётгани жамоа навбатдаги ғалабасини қўлга киритишига халал бермади. АЕК бу турдан кейин Москванинг «Локомотив» клуби каби гуруҳ босқичи омадсизига айланди. Биринчи бўлимда мезбонлар ҳужумчиси Роберт Левандовски пенальтидан гол уриб, ҳисобни очди. Бу унинг «Бавария» сафидаги юбилей - 100-голи бўлди. Якунда польшалик футболчи дублни расмийлаштирди. Айтиш керакки, «Бавария» якшанба куни Дортмунднинг «Боруссия»га қарши дуэли арафасида ёрқин ўйин кўрсата олмади.

«Бенфика» – «Аякс» – 1:1 (Жонас, 29 – Тадич, 61)
Лиссабонликлар бу ўйинга икки мағлубиятдан кейин ғалабага эришиш мақсадида тушишганди. Умуман, жамоа «Эштадиу Да Луж» стадионида ЕЧЛ ўйинларида анчадан буён ғалаба қозона олмаяпти. Ўтган мавсумда «МЮ», «Базель» ва ЦСКА, бу мавсумда эса «Бавария» бу майдондан очко олиб қайтган. Бу ўйингача 6 учрашувдан иборат ғалабали серия қайд этаётган «Аякс» бу учрашувларда гол ҳам ўтказмаганди. Аммо ўйиннинг биринчи бўлимида дарвозабон Онан тўпга чиқишда хатога йўл қўйди ва Жонас ҳисобни очди. Амстердамликлар жамоасининг «қуруқ» серияси 654 дақиқа давом этди.

Лекин бу эпизод «бургутлар»нинг муаммоларини ҳал қилиб қўя олмасди. «Аякс» танаффусга қадар ҳам ҳисобни тенглаштиришга яқин келди. Аммо бир неча қулай вазиятларда хато зарбалар берилди. Фақат иккинчи бўлимда Тадич яккама-якка ҳолатда дарвозабонни алдаб ўтиб, тўпни дарвозага йўллади. Душан ЕЧЛда сербиялик футболчиларнинг 100-голига муаллифлик қилди. Унинг голи «Аякс»ни плей-оффга янада яқинлаштирди.

Ўйин охирида меҳмонлар жамоаси футболчилари Онанни қучоқлай бошлашди, у охирги сонияларда жамоани муқаррар голдан қутқариб қолганди.

Роналду гол урди, «Ювентус» ютқазди

Н гуруҳи
«Ювентус» (Италия) - «Манчестер Юнайтед» (Англия) - 1:2 (0:0)
Голлар: Криштиану Роналду, 65 (1:0). Мата, 86 (1:1). Бонуччи, 90 - автогол (1:2).
«Ювентус»: Щенсни, Де Шильо (Барзальи, 83), Бонуччи, Кьеллини, Сандру, Куадрадо (Манджукич, 90+2), Пьянич, Хедира (Матюиди, 61), Бентанкур, Дибала, Криштиану Роналду.
«Манчестер Юнайтед»: де Хеа, Янг, Линделеф, Смоллинг, Шоу, Матич, Эррера (Мата, 79), Погба, Лингард (Рэшфорд, 70), Санчес (Феллаини, 79), Марсиял.
Огоҳлантиришлар: Матич, 12. Сандро, 55. Эррера, 75. Дибала, 75. Марсьяль, 90+5.
Ҳакам: Хацеган (Руминия).

«Юве»нинг мағлубиятсиз серияси
Бу икки жамоанинг Туриндаги охирги учрашуви 2003 йилнинг февралида ЕЧЛ гуруҳ босқичи доирасида кечган ва ўша ўйин меҳмонларнинг йирик ҳисобдаги ғалабаси билан якунланган (3:0). Бу сафарги ўйинда Манчестер жамоаси ғалаба қозониш орқали фақат гуруҳдаги иккинчи ўринни мустаҳкамлаши мумкин, аммо бу ғалабага эришишнинг ўзи бўлмайди. «Ювентус» бу мавсумда ҳали мағлубиятга учрамади - 13 ғалаба ва 1 дуранг. «Ювентус» бугун бу серияни давом эттириб, плей-офф масаласини ҳал қилиши мумкин бўлади.

Хедиранинг зарбаси
Туринликлар бу тур ҳам ғалаба қозониб, муддатидан аввал кейинги босқич масаласини ҳал қилиш учун илк дақиқаларданоқ ҳужумга отланишди. Турли нуқталардан Де Хеанинг маҳорати текшириб турилди. «МЮ» эса қарши ҳужумларда ҳаракат қилди. Вазиятлардан бирида Санчес ҳимоячилар ортида пайдо бўлиб, Матичга тўпни узатди, аммо бу ҳужум якунига етмай қолди. Голга энг яқин вазият мезбонлар томонидан содир этилди - Роналду ўнг қанотда юриш қилиб, жарима майдонига узатма берди, Хедиранинг зарбаси дарвоза устунидан қайтди.

Дибаланинг зарбаси
Иккинчи бўлимда «МЮ» фаолроқ ҳаракат қилди, аммо хавфли ҳужумлар барибир меҳмонлар дарвозаси олдида рўй бераверди. Танаффусдан кейин Дибала жарима майдони чизиғидан зарба берди, аммо тўп бу сафар дарвоза тўсинига тегди. «Ювентус»га ўз майдонида дарвоза устунлари ва тўсинлари ёрдам бермади.

Роналдунинг голи

Бундай вазиятда яна ким барчасини ўз зиммасига олиши мумкин. Бонуччининг аъло даражадаги пасидан кейин португалиялик футболчи тўп билан тез ҳаракатланиб, бир кучли зарба билан Де Хеани ожиз қолдирди. «Юнайтед» дарвозасига урилажак голини нишонламасликка ваъда берган Роналду ўзини тийиб тура олмади ва ўзининг мускулларини намойиш этди.

«МЮ»нинг жавоби
Роналдунинг голидан кейин «Ювентус» ҳисобни бир неча марта ошириши ҳам мумкин эди, аммо на Куардадо ва на Дибала тўпни дарвоза тўрига жойлай олмади. «МЮ» эса охирги дақиқаларда икки марта жарима зарбаси тепиш ҳуқуқини қўлга киритди, биринчисида Мата ажойиб зарба билан ҳисобни тенглаштирди, иккинчи жарима зарбаси ижро этилганида, тўп жарима майдони ичига ташлаб берилди ва тартибсизлик вақтида Алекс Сандро тўпни ўз дарвозаси тўрига киритиб юборди.

«Ювентус» жорий мавсумда илк марта мағлубиятга учради. «МЮ» гуруҳдаги иккинчи ўринга қайтди. Ушбу гуруҳда кейинги босқич масаласи кейинги турларда ҳал бўлади.

Валенсия 3 йил кутди

«Валенсия» – «Янг Бойз» – 3:1 (Санти Мина, 14, 42, Солер, 56 – Ассале, 37)
Валенсияликлар ЕЧЛда ниҳоят ғалабани тантана қилишди. «Кўршапалаклар» жамоаси нафақат жорий мавсумда, балки кейинги 3 йилдаги илк ғалабани қўлга киритишди. Бунгача жамоа ЕЧЛ ўйинларида 1115 кунни ғалабасиз ўтказишганди - 2015 йилнинг октябридан буён. Жамоага Санти Мина ва Солер муваффақият келтиришди. Мина шу йилнинг қишидан буён «Месталья»да гол ура олмаётганди. Энди эса у бир бўлим давомида жамоанинг энг яхши снайперига айланиб олди. Унга икки голда ассистентлик қилган Солер эса иккинчи бўлимда учинчи голни урди.

Мавзуга оид