Жаҳон | 19:10 / 08.11.2018
11032
2 дақиқада ўқилади

“Толибон” Москвадаги учрашувда иштирок этадиган вакилларини маълум қилди

Фото: РИА Новости

“Толибон” ҳаракати Афғонистон бўйича 9 ноябрда Москвада ўтадиган учрашувда иштирок этадиган делегатлари рўйхатини маълум қилди. 

Маълум қилинишича, делегация 5 кишидан иборат бўлади, улар: Ҳожи Муҳаммад Аббос Стоникзой, Мавлавий Салом Ҳанафий, Шайх-ул-Ҳадис Мавлавий Шаҳобиддин Диловор, Мавлавий Зиё-ур-Раҳмон Маданий ва Ҳожи Муҳаммад Суҳайл Шаҳин.

“Толибон” учрашувда Россия таклифи билан иштирок этади.

Таъкидланишича, “Толибон” учрашувда Афғонистондаги вазият бўйича ўзининг позициясини ойдинлаштириб олмоқчи ва мавжуд муаммоларнинг тинчлик йўли билан ҳал қилинишига умид қилмоқда. Бундан ташқари, толиблар Кобул делегацияси билан бирор-бир музокара ўтказиш ниятидамас. 

Аввалроқ маслаҳатлашувларга Афғонистон, Ўзбекистон, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ҳамда АҚШ вакиллари таклиф қилингани маълум қилинганди. “Толибон” сиёсий офиси делегацияси илк бор халқаро учрашувда иштирок этади. 

Ёпиқ форматдаги учрашув Москвадаги “Президент-отел”да ташқи ишлар вазирлари ва махсус вакиллар даражасида ўтади. Учрашув якунларига кўра бирор-бир ҳужжат имзолаш режалаштирилмаган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид