Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Биродар Ўзбекистон бўйича позициямиз аниқ – Кобул Ўзбекистон ҳақидаги хабарларни рад этди
Афғонистон томонидан йўлланган раддия мурожаатида айрим оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон деб салбий талқин қилинган баёнот ва чиқишлар ҳақиқатга мутлақо тўғри келмаслиги қайд этилган.
Афғонистон ҳукумати ўз расмийларидан бири Ўзбекистон ҳақида танқидий фикр билдиргани айтилган хабарлар юзасидан раддия берди. 16 июл куни Ўзбекистоннинг Кобулдаги элчихонаси номига Фазилатларни тарғиб қилиш ва ёмонликларнинг олдини олиш вазирлиги томонидан раддия мурожаати келиб тушган.
Унда айрим доиралар ва оммавий ахборот воситалари вақти-вақти билан икки қардош давлат ўртасидаги ишонч ва яхши қўшничилик муносабатлари муҳитига путур етказишга ва фактларни бузиб, уларни нотўғри талқин қилиш орқали ўзларининг ғайрли мақсадларига эришишга ҳаракат қилиши таъкидланган.
Жумладан, раддия мурожаатида қуйидагилар келтирилган:
«Биродар Ўзбекистон бўйича позициямиз аниқ. Ушбу юрт ислом умматининг кўплаб буюк уламолари, жумладан Имом Бухорийнинг муқаддас Ватанидир. Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида чуқур диний, тарихий, маданий ва халқлар муштараклиги мавжуд. Биз ушбу муносабатлар ва ўхшашликларни алоҳида қадрлаймиз.
Шу боис, айрим оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон деб салбий талқин қилинган баёнот ва чиқишлар ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайди. Биз бундай даъволарни қатъиян рад этамиз ва уларни фактларни бузиш, деб атаймиз.
Икки давлат ўртасидаги биродарлик, ўзаро ҳурмат ва яхши муносабатлар муҳити бундан кейин ҳам янада мустаҳкамланишига ишонч билдирамиз».
Эслатиб ўтамиз, 15 июл куни BBC Ўзбек хизмат маҳаллий манбаларга таяниб, «Толибон» ҳукумати Амри маъруф ва наҳий мункар вазири (Фазилатларни тарғиб қилиш ва ёмонликларнинг олдини олиш вазири) шайх Муҳаммад Холид Ҳанафий «Ўзбекистонда исломнинг фақат номи қолгани»ни айтгани ҳақида хабар тарқатганди. Бу хабарда келтирилишича, у Ўзбекистон диний уламоларини ҳам танқид қилиб, мамлакатда диний масалаларни диний уламолар эмас, балки дунёвий давлат тизими белгилаётганига эътироз билдирган.
Ҳозирга келиб бу сўзлар акс этган видео тармоқдан ўчириб ташланган.