Ўзбекистон | 12:34 / 09.11.2018
9220
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон мудофаа вазири АҚШ ҳарбий делегациясини қабул қилди

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

8 ноябрь куни Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов АҚШ мудофаа вазирининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчисининг ўринбосари Колин Жексон бошчилигидаги ҳарбий делегацияни қабул қилди. Колин Жексонга АҚШнинг Ўзбекистондаги муваққат ишлар бўйича вакили Алан Мельцер ҳам ҳамроҳлик қилди.

АҚШ қуролли кучлари делегациясининг Ўзбекистонга ташрифидан мақсад икки мамлакат мудофаа идоралари ўртасида халқаро ҳарбий ҳамкорликнинг ҳозирги аҳволи ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилишдан иборат.

Учрашув давомида Афғонистондаги вазиятни ўнглаш, халқаро терроризмга барҳам бериш ҳамда минтақада тинчликни барқарор ушлаб туриш бўйича фикр алмашилди.  

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

«АҚШ — биз учун ишончли, узоқ йиллар давомида синалган ҳамкор бўлиб, ўртамиздаги дўстлик ва ўзаро муносабатлар доимий равишда олдинга қараб силжимоқда. Дунёдаги қудратли жанговар имкониятга эга мамлакат билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш, шубҳасиз, бизнинг армиямиз жанговар шайлигини оширишга ҳам ижобий таъсир кўрсатади», — деди учрашув давомида Абдусалом Азизов.

Ўзбекистон мудофаа вазири билан учрашувдан сўнг АҚШ делегацияси Қуролли Кучлар академиясида бўлди. 

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Меҳмонлар академия биносида жойлашган АҚШ мудофаа соҳасига оид мавзувий машғулот хонаси билан ҳам танишиб, курсантлар учун яратилган шароитларни юқори баҳолади.

Мазкур ташриф давомида Оқ уй, Давлат департаменти ва Пентагон расмийлари билан ўтказилган музокаралар натижасида томонлар мудофаа соҳасида амалий ҳамкорлик йўналишини аниқ белгилаб олишларига кенг имкон яратилди.

Мавзуга оид