Boeing ўз самолётларининг тумшуғи билан шўнғиши мумкинлигини яширгани маълум бўлди
АҚШнинг Boeing Co самолётсозлик концерни янги моделдаги Boeing-737 MAX’ самолётларининг тумшуғи билан шўнғишига олиб келувчи, бошқарув тизимидаги янги функция билан боғлиқ хатарлар ҳақидаги ахборотни яширган. Бу ҳақда мутахассислар фикрларига иқтибос келтирган ҳолда The Wall Street Journal нашри маълум қилди.
Гап шундаки, Boeing-737 MAX 8 ва MAX 9 моделидаги янги самолётлар учувчиларга самолёт тумшуғининг хавфли шўнғишидан қочишга ёрдам берувчи тизим билан жиҳозланган. Бироқ тизим кўзда тутилмаган вазиятларда самолёт тумшуғини шунчалик кучли тушириши мумкин бўлганки, борт компьютерининг вазиятга аралашишидан бехабар учувчилар самолётни тўғрилай олишмаган ва самолёт ҳаттоки қўл бошқарувида ҳам шўнғишга кетган.
Кўпчилик учувчиларга бундай тизимнинг борлиги “сюрприз” бўлди. Хавфсизлик бўйича мутахассисларнинг айтишича, Boeing янги функция ҳақида авиакомпаниялар ва учувчиларга хабар бермаган ва натижада улар эҳтимолий хатарларга тайёрланиш имконига эга бўлишмаган.
“Компания томонидан самолётларга бундай тизим ўрнатилиб, бу ҳақда ушбу самолётларни бошқарувчи учувчиларга айтмаслик аҳмоқлик бўлган. Нима учун улар янги функцияга ўргатилмаганлар?”, деб таъкидлаб ўтган Allied Pilots Association уюшмасининг хавфсизлик бўйича комиссияси раиси Майк Майклз.
АҚШ фуқаролик авиацияси федерал бошқармасидаги вазиятдан хабардор манбанинг айтишича, самолётларнинг бошқарув тизимидаги янги функция ўқув материалларида тилга олинмаган ҳамда авиаташувчилар ва регуляторлар билан муҳокама қилинмаган.
Янги тизим билан боғлиқ муаммо борлиги Индонезиянинг Lion Air авиакомпаниясига қарашли Boeing-737 MAX-8 самолёти ҳалокати тергови давомида аниқланган. Самолёт ҳавога кўтарилгандан саноқли дақиқалар ўтиб денгизга қулаган ва чўкиб кетган.
Шундан кейин Boeing компанияси Boeing 737 MAX’нинг янги моделларидан фойдаланувчи компанияларга самолётлар хато кўрсаткичлар сабабли тумшуғи билан шўнғиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш юбориши маълум қилинган.
Мавзуга оид
20:10 / 10.11.2024
ХКСда қолган астронавт кескин вазн йўқотмоқда
00:51 / 06.11.2024
Boeing ходимлари иш ташлашни тўхтатди ва корпорациянинг янги шартларини қабул қилди
21:56 / 23.10.2024
Boeing сунъий йўлдоши космосда парчаланиб кетди
10:20 / 21.10.2024