Жаҳон | 19:36 / 13.11.2018
3801
1 дақиқада ўқилади

Македониянинг собиқ бош вазири Венгриядан сиёсий бошпана сўради

Фото: РИА Новости / Алексей Даничев

Македониянинг собиқ бош вазири, ўз ватанида икки йилга озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган Никола Груевский Facebook’да Венгрияда эканлигини ва бу мамлакатдан сиёсий бошпана сўраганлигини маълум қилди.  

Республиканинг собиқ бош вазири ва ВМРО-ДПМНЕ мухолифатчи партияси раҳбари Груевский Македонияда қидирувга берилганди. У Скопье асосий суди томонидан нархи 500 минг евродан қиммат турувчи автомобилни сотиб олишда хизмат мавқеини суиистеъмол қилганлиги учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган. Аммо ўтган ҳафтадан буён унинг қаерда эканлиги номаълум бўлиб келаётганди. Полиция уни уйи ва ишхонасидан қидириб тополмаганди.

"Мен Будапештдаман ва Венгрия ҳукуматидан сиёсий бошпана сўрадим", — деб ёзди Македония ҳукуматининг собиқ раҳбари.

Груевский ва унинг партиядошлари коррупция ва хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш ҳамда Македония парламентида 2017 йил 27 апрелда юз берган тартибсизликларда айбланмоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид