Ўзбекистон ва Украина ҳамкорликнинг баҳсли масалаларини муҳокама қилди
Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси Алишер Абдуалиев ва Украина бош вазири биринчи ўринбосари Степан Кубив ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда ўзаро савдо бўйича масалалар муҳокама қилинди.
Учрашув чоғида Украина ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, келгусидаги ҳамкорлик ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Степан Кубив Украина компанияларидан алоҳида муаммолар бўйича мурожаатлар келиб тушганини билдириб, бу Ўзбекистон бозорига кириш билан боғлиқ эканини айтди.
Томонлар икки томонлама савдони ривожлантириш ва сунъий тўсиқларни олиб ташлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида доимий икки томонлама мулоқотлар ўтказиш муҳимлигини тасдиқладилар.
Учрашув якунлари бўйича мамлакатлар ўртасидаги савдо алоқаларини нормаллаштириш бўйича оператив қадамлар белгиланди.
«Биз ташқи савдо соҳаси бўйича барча юзага келган масалалар амалий маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал этилиши ҳақида келишиб олдик. Давлатлар ўртасида турли савдо баҳслари юз бериши табиий ҳолат, улар ўзаро тушуниш ва манфаатларни ҳисобга олган ҳолда ҳал қилиниши керак. Бундан ташқари, икки томонлама муносабатларимизда доимо турли масалаларни ҳал қилиш бўйича конструктив ёндашув бўлган», - деди Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси Алишер Абдуалиев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Украинадан дорилар импортини тўхтатгани хабар берилганди.