Жаҳон | 23:54 / 18.11.2018
183317
3 дақиқада ўқилади

Хитойдаги беш юлдузли меҳмонхоналарда олинган видео интернет аҳлини карахт ҳолга солди

Фото: weibo.com

Хитойда “Стаканлар сири: сиз беш юлдузли меҳмонхоналар ҳақида нималар биласиз” деб номланган ролик сабабли можаро авж олди. Бу ролик Weibo ижтимоий тармоғида тарқалган.

Хитойнинг бир нечта қимматбаҳо меҳмонхоналарида яширин камера ёрдамида олинган видеода меҳмонхоналар ходимлари хоналарни қандай тозалаши тасвирланган. Видеода ушбу ходимларнинг оддий гигиена меъёрларига амал қилмаётганларининг гувоҳи бўлиш мумкин.

Жумладан, ходимлар мижозлар томонидан қўлланган кир сочиқлар билан стол устини, раковиналарни, сўнгра эса стакан, чашкалар ва қошиқларни артаётганларини кўриш мумкин.

Баъзи ҳолларда стаканни яхшилаб артиш учун ходималар нафақат кир сочиқлардан, балки эгнидаги ишчи кийими этакларидан фойдаланишган. Бошқа бир ходима эса латта билан душ кабинаси эшикларини, сўнгра стаканларни артган. Кадрлардан бирида эса душ кабинаси ва стаканни ювиш учун бир воситадан фойдаланилаётганликнинг гувоҳи бўлиш мумкин.

Видео Хитой ижтимоий тармоғида тез тарқалиб, ҳозирда 31 млндан кўпроқ намойиш тўплаган. Фойдаланувчилар ундаги лавҳалардан карахт ҳолга тушганлар.

Видео эълон қилингач, Пекин, Фучжоу ва Шанхайда жойлашган бир нечта беш юлдузли меҳмонхоналар ўз узрини келтирган. Меҳмонхоналар маъмуриятлари ходимлар билан тренинглар ўтказиб, барча ўрнатилган стандартларга қатъий амал қилинишини таъминлашга ваъда берган.

Хитой ҳукумати ҳам видеода кўрсатилган барча меҳмонхоналарда жиддий текширувлар ўтказилишини маълум қилган.

Бу Хитойда биринчи шундай можаро эмас. 2017 йилда Хитойнинг South China Morning Post нашри журналисти Sheraton, Shangri-La ва Kempinski тармоқлари меҳмонхоналарига тозаловчи ходим сифатида ишга жойлашган.

Унинг аниқлашича, бу меҳмонхоналарда унитазларни ювишда қўлланадиган чўтка билан “ҳеч бир андишасиз” стаканлар ва чашкалар ювилган, ўринга эса кир полда ётган чойшаб солиниши одат тусига кирган. Меҳмонхоналар эгалари ушбу ҳолатлар бўйича бор-йўғи жарима тўлаш ва камчиликларни бартараф этиш билан кифояланиб қолишган.

Мавзуга оид